ДИЛ ТУҒЁНИ
СОҒИНЧ
Ўтган ўн икки ой шиддат билан қадамлаган аскарларга ўхшайди. Қаранг, кўз очиб юмгудай фурсат ичида йил ҳам ўтиб ёшимизга ёш қўшилибди. Катта бўляпмиз, идрокимиз, атрофга муносабатимиз улғайяпти. Ҳамма нарсага албатта, вақт ҳам ўз ҳукмини ўтказмай қолмайди. Дунёда вақтдан шиддатлироқ яна не бор? Ахир момомнинг белини буккан, онамнинг сочларига қиров қўндирган ҳам вақт-ку!
Кун-туннинг шамолдек тез елиши умрнинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиш кераклигини эслатмаяптими бизга?! Вақтнинг айтар сўзини тушунишга, англашга идрокимиз ожизлик қилмаса эди, ҳаётда "армон" отлиқ туйғу бўлмасди...
Аслида бошланаётган ҳар бир кунимиз тинчликка ҳамроҳ бўлмоғига умид қилиб, дуо этмоғимиз даркор. Вақт қанча тезлашмасин, эски йил ва янги йил орасидаги эзгуликлар, яхшиликлар давомийлиги йўқолмасин.
Янги йилни бутун умр соғинаман, гарчи, ҳар йили бизни йўқласа-да. Чунки у менинг, сизнинг, ҳамманинг болалигига ўхшайди.
Мана, юракларни орзиқтирган янги йилнинг илк кунлари ҳам ўтмоқда. Фикримча, совуқ бўлса-да, қишни соғинмаган, қорбўрон ўйнашни суймаган, қор ёғишини завқ-ла кузатмаган инсон бўлмаса керак...
Умаржон АБДУЛЛАЕВ,
Асака тумани.
|