Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№2 дан: 09.01.2014

ДИЛ НОМАЛАРИ

Зара БЕКИРОВА,

"Ненкесан" журнали Бош муҳаррири (Қрим)

"МЕН ЎЗБЕК ХАЛҚИДАН ОҚИБАТ КЎРДИМ, ЯХШИЛИКНИ ЎРГАНДИМ"

Ўзбекистон, хусусан, Андижон замини не-не истеъдодларни кашф этмаган дейсиз. Улар бугун нафақат юртимизда, балки дунёнинг турли ўлкаларида яшаб, Ўзбекистон, ўзбек халқининг ўзига хос қадрятлари, юксак инсоний фазилатлари ҳақида баралла гапиришмоқда. Ана шундай инсонлардан бири Қўрғонтепа туманида туғилиб ўсган, ҳозирда Украинанинг Қрим ўлкасида яшаётган Зара Бекировадир. Қуйида унинг меҳмондўст ва бағрикенг халқимиз, туғилиб ўсган юрти ҳақидаги хотиралари ёритилган суҳбатни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.

- Сиз аёллар журнали Бош муҳарририсиз, айтингчи аёлнинг жамиятда, оилада тутган ўрни китоб ўқишга ҳам боғлиқми?

- Албатта, боғлиқ. Аёлнинг биринчи ва энг муҳим вазифаси жамият учун ақлли, инсофли, ҳар тарафлама етишган, билимдон фарзандларни тарбиялаш. Бу вазифаларни аъло даражада бажариш учун эса, айниқса, ҳозирги даврда, аёллар китоб ўқиши, фақатгина ўз миллий адабиётидан эмас, жаҳон адабиёти асарларидан ҳам хабардор бўлиши шарт. Замонавий аёллар фақатгина уй бекаси бўлиб қолмасдан, жамиятда ҳам муҳим бир нуқтани эгалламоқда, катта-кичик корхона, ҳокимият, матбуот воситаларини бошқаришмоқда. Раҳбар эса, табиийки, қўл остидаги ходимларидан бир қадам олдинда, ўта ўқимишли бўлишлари зарур. Бу билимларни эса китоб беради.

- Сиз яшаётган заминда китобга бўлган қизиқиш қай даражада?

- Мен Қримнинг Оқмасжид шаҳрида яшайман. Маҳмуд Қримли, Ошиқ Умар, Мустафо Жавҳарий, Исмоил Гаспирали, Бекир Собанзода каби турк дунёсига яхши таниш улуғ зотларни етиштирган бу қадим заминда китобга ҳурмат, қизиқиш жуда катта. Аммо сургунлик фалокатини бошдан ўтказган миллатимизнинг бир қисми ўз она тилида китоб ўқишга жуда қийналиб, аксарияти русча, инглизча ўқимоқда.

- Сизни ҳайратга солган китоблар ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим...

- Жуда гўзал савол, раҳмат. Мен мактабни тамомлаб биринчи йили институтга балим етмаганлиги сабабли киролмадим. Қайтиб келиб қишлоғимиздаги кутубхонада ишладим. Ундаги китобларнинг деярли ҳаммаси ўзбек тилида эди. Мени ўша замонда ҳайратга солган китоб Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асари эди. Асар ўзбек тилининг ўта чиройлилигини, мазмундорлигини ўзида жамлагани билан ҳам мени лол қолдирган. Ўша таассурот ҳалиям қалбимда. Кейин Фитрат, Чўлпон асарлари, Зулфия опанинг шеърлари, Саид Аҳмад, Абдулла Қаҳҳор, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеъриятининг чўғи ҳамон қалбимда. Иккинчи йили институтга рус тили ва адабиёти факультетига кирганимда, биринчи ўқишда мени ҳайрон қолдирган китоб Жек Лондоннинг "Мартин Иден"и бўлган. Қрим-татар ёзувчиларидан мен учун биринчи ўринда Сомил Аловуддин, шоирлардан эса Бекир Собанзодадир. Ҳар ўқиганимда кўзларимдан ёш оқади.

- Ўзбекистон билан боғлиқ хотираларингизни ўртоқлашсангиз?

- Албатта, ота-боболаримнинг юрти Қрим бўлса, Ўзбекистон туғилган, киндик қоним тўкилган жойим ва демак, мен учун доимо қадрдон заминдир ва шундай бўлиб қолади. Болалигим Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида, ўша пайтдаги "Савой" хўжалигида ўтган. Меҳмондорчилик, дўстлик, садоқат, раҳмдиллик, қўни-қўшничилик тарбиясини ўзбек дўстларим ва дугоналарим, қўшниларимдан олганман. Ваҳоланки, ҳаётимда нимаики яхши нарсаларга ўрганган бўлсам, барчасини ўзбек халқидан ўргандим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, қўшнимиз Хулпархон ая ҳафтанинг пайшанба ва бозор кунлари палов қилиб, албатта, косада бизга чиқарарди. Баъзида уйда гўшт бўлмаса, битта тухум пишириб қўяр, ва ойимдан узр сўраб: "Нажияхон, айбга буюрмайсиз энди, бугун ошимиз қисир бўлди", дерди. Рамазон, ҳайит, Қурбон ҳайитларни айтмайсизми. Ўша кунлардаги биродарликка етадигани борми!? Айниқса, сумалакни соғиндим.

Юқорида таъкидлаганимдек, Андижонда туғилганман. Отам ва онам жуда кичиклигида етим қолишиб, саводсиз бўлишган. Шу боисдан ҳам менинг ўқишимни истаганлар. Мактабни тамомлагач, рус филологияси факультетида ўқидим. Диплом бўйича ўқитувчиман, аммо мактабда бир йилгина ишладим. Кейин газетага мухбир бўлиб ишга ўтдим. 1991 йилда Қримга кўчиб келдим. Бу ерда ҳам газетада ишлай бошладим. Газетамиз ўша йилда ўзининг аввалги "Янги дунё" номини қайта тиклади. Мухбир, бўлим мудири, таржимонликдан бугунга келиб газетанинг бош муҳаррири бўлдим. 2010 йилда Қримда "Ненкесан" аёллар клуби жамоат ташкилотини ва унинг нашр бўлган "Ненкесан" журналини ташкил қилдик. Айни пайтда ташкилот раиси ва журналнинг бош муҳарририман. Илмий-ижтимоий, адабий-маданий журнал қрим-татар тилида чиқади ва турк дунёси бўйлаб, тарқатилади. Турмуш ўртоғим Сейдамет уч йил олдин оламдан ўтди. Икки фарзандим бор. Қизим Орзу - Таврия Миллий университетининг журналистика бўлимида ўқиб, айни пайтда қрим-татар телевизион каналида украин тилида янгиликлар олиб боради. Ўғлим Мемет эса ресторан пазандаси бўлишни орзу қилмоқда.

- Янги йил арафасида хаёлингиздан ўтаётган ўйлар, тилакларингиз...

- Халқимиз учун энг қийин пайтда, ўзлари оч, фарзандлари урушда бўлиб, изтироб ичида яшаганига қарамасдан, беминнат узатилган, битта нонини иккига бўлиб, кўпларимизни очликдан асраб қолган улуғ Ўзбек халқига сўнгсиз ташаккурларимни билдиришни ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.

Янги йилда қадрдон ўзбек биродарларимизга бутун ўзбек халқига, авваламбор, соғлик, серқуёш мамлакатларига чинакам ривож ва истиқбол, оилаларига эса хотиржамлик тилайман. Ўзбекнинг очиқ дастурхони ҳамиша тўкис бўлсин! Янги туғилаётган фарзандлар Навоий, Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Зулфия, Мукаррама опа каби улуғ зотларга асл издошлар бўлишини истайман!

Хосият РУСТАМОВА

суҳбатлашди.

"Китоб дунёси" газетасидан олинди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди