Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№2 дан: 09.01.2014

ҲИКОЯ

"МЕН СИЗНИ СЕВАРДИМ"

Жамшид ўша қор ёққан қиш кечасини энтикиш билан эслайди. Ҳа, ҳаммаси шу кундан бошланди ўзи. Илк қор соғинчими, китоблар зериктирган кўнгилларда яна болалик шўхликларни қўмсаш ҳисси уйғондими, бир тўп талаба ётоқхона олдидаги қалин қор қоплаган сайхонликка тушишди. Ҳеч қаерга сиғмайдиган шўх кулги бутун оламни титратиб юборгандай эди. Латофат билан Жамшид шу кеча танишиб қолишди. Қизнинг қўлқопчаси йўқолиб қолган экан. Икковлашиб роса қидиришди. Охири Жамшид топиб берди. "Мана шу ерда қўлқопчангиз", - деди-ю чинор тагини кўзлаб бораверди. Қараса, ростдан ўша ердан чиқди. - Ҳа, ўзингиз яшириб қўйган экансиз-да, - деди Латофат ўзини атай хафа бўлгандай кўрсатиб, кейин ғалати жилмайиб қўйди.

- Йўғе, - деди Жамшид кўзлари чақнаб. - Мен бугун ўзи кўп нарсалар топиб оляпман.

Овози титраб кетдию, Латофат унга қаради. Қиз тезгина кўзларини олиб қочди, секингина "раҳмат, сизга", деганча югуриб кетди.

Ҳа, ҳаммаси шундан бошланди. Оддий кўришишлар, дарсдан бирга қайтишлар ўртага тил билан ифодалаб бўлмайдиган туйғулар солди. Киши муҳаббатга рўбарў келса, ҳамма нарсани унутиб қўяди баъзан. Жамшид ҳам Латофат ҳам бахтдан, юлдузи юлдузига тўғри келиб қолганидан сармаст эдилар.

- Мени тушуна оладиган, ҳаётимга ҳамроҳ бўладиган қизни топдим, - дерди Жамшид ҳамиша.

Сиз топмишим, йўқотмишиммас,

Сор, лочиним ожиз қушиммас.

Сиз дунёда рост деб тутганим-

Тутолмаган ёлғон тушиммас, - дея севимли шоиранинг шеъридан ўқирди Латофат.

Уларга кўпчилик ҳавас қилар эди. Улар бир кун, бир ҳафта бир-биридан узоқда яшашса, олам тор бўлиб қолгандай туюларди. Муҳаббат... Бу мўътабар туйғунинг энг яхши хислати шундаки, у ҳамиша кишини гўзалликка, покликка етаклайди. Буюк шоир Гёте айтганидай "Муҳаббат икки ёшнинг бир-бирига тикилиши эмас, уларнинг бир томонга тикилишидир".

Орадан икки йил ўтгач, Жамшид билан Латофат аҳду паймон қилишди. Лекин... Лекин бу ёғи улар ўйлагандай кўчмади. Латофатнинг ота-онаси, қариндош-уруғлари уни маҳалладаги бообрў хонадоннинг ўғлига мўлжаллаб юришаркан. Латофатни унга унаштирмоқчи эканликларини очиқ айтишди, аммо у бунга кўнмади. Шу орада Жамшидларнинг уйидан совчилар келишди.

- Қизимизни узоққа, бошқа шаҳарга бермаймиз. Кўздан йироқ - меҳрдан йироқ, деган гаплар бор, иложи йўқ, - совчилар шундай жавоб олишди.

Икки ёш ҳаёт зарбаларига дуч келдилар. Институтда ўқишлари тугай бошлаган, ажралиш дақиқалари яқинлигини ҳар икковиям чуқур ҳис қилардилар. Латофат уйдагиларга тушунтиришга қанча уримасин, "кўпчилик ўртасида оғзимизга сўз олиб қўйганмиз, қуда бўламиз деб", - деган фикрда туриб олишганди. Жамшиднинг совчилари яна келишдию, яна хафа бўлиб қайтиб кетишди. Қизлари тақдирини ҳал қилаётган ота-она ёшларнинг муҳаббатига "ёшликдаги шунчаки ҳавасда" деб қарашди. Ўз номусини ҳар нарсадан устун қўйган отаси ҳеч нарсани эшитишни истамади ҳам.

Кейин... Кейин тўй бўлди. Ота-она хоҳиш иродаси бўйича Латофат ўша йигитга турмушга чиқди. Жамшид ўзини ўтга-чўққа урди. Одам боласи ҳар нарсага чидар экан. Ҳозир у оддий ўқитувчи бўлиб ишлаб юрибди. Унинг қанча-қанча орзулари бор эди. Латофат эса ўша йигит билан бир йил яшади. Ҳозир боғчада тарбиячи бўлиб ишлаяпти. Унинг ҳам Жамшид билан амалга оширадиган олам-олам ниятлари бор эди. Қани, қаерда қолди улар? Шундай лаҳзаларда жуда кўп нарсаларни ўйлаб қоласан киши. Ҳаётнинг мазмуни муҳаббатми ёки ота-она, оила шаъни, фарзандлик бурчими? Муҳаббатдан бахт топиб фарзандлик бурчини оқлаб бўлмайдими? Тўғри, Жамшид билан Латофат бир-бирига етишолмаганидан ҳамма орзулари тугади, деб фикр юритиш ярамайди. Аммо улар бирга бўлишганда ўзлари ўйлагандай, интилгандай ҳаётга эришиб, одамларга кўпроқ фойда келтиришмасмиди? Ҳа, оила шаъни, эскилик сарқитлари, баъзан бойлик деб муҳаббатни оёқ ости қилаётганлар, ўз орзу-ҳавасини ўйлаб фарзандларининг ҳаётини поймол этаётган оилалар йўқ эмас. Тўғри, айрим ёшлар ичида ҳам "ўлдим-куйдим" деб, кейин юз кўрмас бўлиб кетаётганлар ҳам бор. Лекин ҳаммани ҳам бир тарозуда ўлчаб бўлмайди-ку!

Севиш-севилиш - айб деб гапирадиган пайтлардан анча ўтиб кетдик. Юрагида муҳаббат ўти ёнган ёшлар жуда кўп нарсага қодир. Севгини ҳамиша ардоқлаш, ҳимоя қилиш зарур.

Ғолибжон ТОЛИБЖОНОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди