Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 16.01.2014

САНЪАТКОР БИЛАН СУҲБАТ

ШИРИН ТАШВИШЛАР БИЛАН БАХТИЁРМАН

Мафтункор санъаткор, хушовоз хонанда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Аҳмедовани бугун юртимизда танимаган инсон топилмаса керак. Миллий йўналишдаги қўшиқлари ва ёқимли овози билан кўплаб қўшиқ ихлосмандларининг кўнгилларини забт этган. Биз қўшиқчи билан унинг ижоди ва ҳаёти билан боғлиқ айрим саволлар доирасида суҳбатда бўлдик. Қуйида ана шу суҳбатни Сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Лола, кўринишингиз жиддий бўлса-да, ҳаётда жуда ҳам қувноқсиз. Бу бир-бирига қарама-қарши бўлган жиҳатларнинг қайси бири ўзингизга хос характеру, қайси бири ниқоб?

- Чиндан ҳам сиз айтгандек, инсонлар кўз ўнгида икки хил характерда гавдаланаман. Ўзим ҳам буни яхши биламан. Аммо буларнинг бирини ниқоб деб аташингиз нотўғри. Чунки ҳар иккаласи ҳам менинг характеримга хос жиҳатлар. Мен жамоат жойларида, нотаниш ёки катта ёшли инсонлар олдида худа-беҳудага кулаверадиган одамларни ёқтирмайман. Шу боис ҳам ана шундай давраларда жиддий бўлишга, тўй, байрамларда эса қувноқ бўлишга ҳаракат қиламан. Менинг характеримда жиддийлик ва қувноқлик мужассам.

- Турмуш қурганингиздан кейин негадир ижодда бир оз сустлашгандексиз. Бу оила ташвишлари билан боғлиқми?

- Ҳа, ҳақиқатдан ҳам ҳозир менда ижод борасида шиддат баланд эмас. Чунки аввал фақатгина хонанда эдим, энди эса зиммамга рафиқа, она деган вазифаларни бажариш ҳам қўшилган. Демак, ўз-ўзидан шунга яраша ташвишларнинг юзага келиши табиий. Чунки аёл киши қайси касбда бўлишидан қатъи назар оилани, турмуш ўртоғи олдидаги масъулият ва фарзанд тарбиясини биринчи ўринга қўяди. Бир умр орзу қилган касбидан воз кечиши мумкин. Аммо оиласидан кечмайди. Аксинча, ҳамма нарсани четга суриб, унинг мустаҳкам бўлиши учун ҳаракат қилади. Мен ҳам ана шундай ширин, оила ташвишлари билан машғулман ва ўша ташвишлардан жуда ҳам бахтиёрман. Аммо айтишим керакки, оила билан овора бўлиб, ижодни тўхтатиб қўйганим йўқ. Доимо турли тадбирларда иштирок этиб келяпман. Оилам ижодимга ҳалал беряпти, деб ҳисобламайман. Аксинча оилам менинг ижодимга куч ва шижоат бағишлайди. Чунки оилам менинг бахтим, давлатим ва энг катта ютуғимдир.

- Ҳар бир соҳа вакиллари замон талабидан келиб чиқиб, янгиликларга интилиб бораверади. Ўз фаолиятининг ранг-баранг бўлишига ҳаракат қилишади. Аммо сизда бу хусусият негадир кўринмайди. Балки сизга ҳам репертуарларингизни бойитиш вақти келмадимикан?

- Албатта, санъаткор изланиб, замонга мос равишда олға интилиб яшаши, ижод қилиши керак. Агар эътибор берсангиз, илк ижод бошлаган пайтимда репертуарим миллий эстрада қўшиқларидан иборат эди. Бугун эса замон талабига мос замонавий йўналишда қўшиқлар куйлай бошладим. Аммо чиндан ҳам фақат шу йўналишлар билан чекланиб қолдим. Келажакда турли йўналишларда ҳам қўшиқ куйлаш, репертуаримни янада бойитиш ниятларим бор.

- Ҳамиша имиджингиз билан синглингиз шуғулланади. Нима учун? Баъзилар пулни иқтисод этиш мақсадида Лола синглиси билан ҳамкорлик қилади, дейишади...

- Ҳа, синглим бу борада асосий ҳамкорим. У билан синглим бўлгани учун ёки пулни тежаш мақсадида эмас, балки унинг бажараётган ишидан кўнглим тўлгани учун ҳамкорлик қиламан. У кимга нима кераклигини яхши билади ва қўшиқчини идеал кўринишга келтира олади. Шунинг учун ҳам у билан фақат мен эмас, бир неча санъаткорлар ҳамкорликда иш олиб боради. Очиғи, синглим имидж борасида менга асосли ва фойдали маслаҳатлар беради.

- Фарзандли бўлганингиздан кейин кўп вақтингизни ўғлингиз билан ўтказаётганингиз табиий. Нима деб ўйлайсиз, аёл қандай қилиб идеал она бўлиши мумкин?

- Билмадим, бунинг учун аёлда жуда кўп ижобий жиҳат ва хусусиятлар бўлиши керакдир. Аммо мен идеал она деганда ўз онамни мисол келтиришим мумкин. Ўрни келганда қаттиққўл тарбиячи, ўрни келганда сирдош-дугона, маслакдош. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ғамхўр ва меҳрибон. Бу борада онамдан ҳали кўп нарса ўрганишим керак. Қачонлардир айтган гаплари ёки қилган ишларини нотўғри тушунган ёки умуман, тушунмаган пайтларим бўлган. Вақтлар ўтиб буларнинг негизида қанчалар яхшилик, фидойилик, меҳр-муҳаббат борлигини сезяпман. Бахтимга онажонимнинг умрлари узоқ бўлсин!

- Сизга онангиз продюссерлик қилиши кўпчиликка қизиқ туйилади. Сизлар ижодда она-бола бўлиб ишлайсизларми ёки хонанда ва продюссер?

- Она-бола ҳамкорлигида олиб бориладиган ҳар қандай иш ҳеч қачон ёмон ёки бесамар бўлмайди. Фаолиятимизда улар она сифатида менинг соғлигим, оиламнинг тинчлиги, хотиржамлигимга қайғурсалар, продюссер сифатида келажагим, ижодимнинг янада юксалиши учун ҳаракат қиладилар. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам оналик меҳри билан, аввало, менинг манфаатимни ўйлайдилар.

- Ижод жараёнида иккингизнинг фикрингиз бир жойдан чиқмаган пайтлар бўлганми? Бунақа вазиятлардан қандай чиқиб кетгансиз?

- Онамнинг тавсия, фикр ва ғояларини иложи борича қабул қиламан. Чунки уларнинг ҳаёт тажрибалари меникидан кўп. Қайсидир нуқталарда иккилансам, буни маслаҳат шаклида илгари сураман ва бу фикрим асосли бўлса, онам ҳам уни қабул қиладилар.

- Ижодда ёки ҳаётда сизни алдаганларга қандай жавоб қайтарасиз?

- Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Инсон ўзи билиб, билмаган ҳолда ҳар хил вазиятларга тушиб қолади. Балки мен ҳам алданган ёки кимларнидир алдагандирман. Яъники, яхшиликка хизмат қиладиган алдовлардан фойдаланишим мумкин. Мени алдаганларида менга вазминлигим жуда қўл келади. Тушкун ҳолатларда эса ёлғиз қолгим келади. Агар жуда ҳам алам қилса, бир йиғлаб оламану, яна ишга шўнғиб кетавераман. Қолаверса, оилам, ўғлим Исломжон овунишимга сабабчи бўлади.

- Мухлисларингизга тилакларингиз...

- Мухлисларимизнинг борлиги катта бахт! Уларга дунёдаги жамийки эзгу тилаклар ҳамроҳ бўлишини истайман. Тинчлик-хотиржамлик, хонадонларидан файзу барака аримасин, айниқса, оилавий бахт барча-барчага насиб этсин. Юртимизга, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётига асло кўз тегмасин.

Суҳбатдош

Феруза ИҚБОЛ қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди