Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 16.01.2014

ҲИКОЯ

ТАҚДИР ТАРСАКИСИ

Лутфия хола эски сандиқни очиб анча тимирскиланди, газламаларни кўздан кечирар экан, қайсиниси маъқул бўларкан, дея бироз ўйланди. Cўнг пушти, майда-майда оқ гуллари бор харир матони қўлига олди. "Хайтовур, шуниси маъқул, - деди ўзига ўзи. - Ранги ҳам қизларга мос". У кўрпа-тўшакларни инқиллаб-синқиллаб сандиқ устига тахлар экан, қизи Роҳилани қўлидаги чўғдай матодан тикилган кўйлакда тасаввур қилиб, мийиғида кулиб қўйди. "Келинга бераман, эртагача битта кўйлак тикиб беради", - кампир шу хаёлда ҳовли адоғидаги келининики томон юрди.

Фарида келин қўли гул чевар. Ҳозир ҳам тикув машинасининг ғир-ғир товушидан эшик очилганини ҳам сезмади. Қайнонасининг "Фаридахон", деган овозидан сўнггина бошини ишдан кўтариб, остонага қаради.

- Ие, келинг, ойи. Иш билан бўлиб эшитмабман.

Одатдаги ҳол-аҳвол сўрашишдан сўнг Лутфия хола қўйнидаги қоғозга ўралган матони хонтахта четига қўйди.

- Болам, шуни Роҳилага кўйлак қилиб тикиб берсангиз? Эртага туғилган кунига берар эдим.

Фарида ранги қув ўчганини сездирмаслик учун:

- Ҳа-я, эртага Роҳиланинг туғилган куни-а? - деди чимирилиб. - Аммо... ойи, ҳозир бунақа матолар модадан қолган. Роҳила киярмикан?

- Э-э, болам, кўчага киймаса уйга кияр, ҳар ҳолда онам берган, келинойим тиккан, деб хурсанд бўлади, дейман-да.

Фарида матони очиб, энини, бўйини қаричлаб ўлчаган бўлди, ойна олдига бориб, эгнига ташлаб кўрди. "Чиройли экан,- деди ичини ит тирнаб. Боласи-да беради. Агар менинг туғилган куним бўлса, рўмолча ҳам бермас эди. Шунча буюртмам турганда уларни четга суриб, Роҳиланикини тикаманми? Бир сўм берармиди?", - Фарида матони қат-қат тахлаб яна хонтахта устига қўйди.

- Ойи, тикардим-у, биқиним сал оғриб турибди. Пулини ташлаб кетишгани учун манавиларни ҳам аранг тикяпман. Шундай берақолсангиз-чи?

Лутфия хола келиннинг феъли торлигини биларди. Шундай бўлса-да, ойда-йилда бир ишим тушади, тикиб берар, деган хаёлда чиққанди. Келиннинг рад жавобини эшитиб, дили оғриди. "Чевар келин олдим деб, бекорга севинган эканман, қачон ишим тушса баҳонаси тайёр", - хола мижжаларига оққан ёшни билдирмаслик учун секин матони қўлига олиб, бир сўз демай чиқиб кетди.

"Бопладим, - ўзича мамнун бўлган Фарида аллақандай қўшиқни хиргойи қилганича буюртмага тушган қимматбаҳо матони бичишга қўл урди. Шу вақт қаёқдандир пайдо бўлган ари ғинғиллаб атрофида айланишга тушди. "Мана буни тиксам, фалон сўм пул беришади. Шундан фойда!" - Фарида ўз ишидан ўзи хурсанд бўлиб эпчиллик билан ишлай бошлади. Онда-сонда атрофида айланаётган арини ҳайдаб қўярди. Аммо ари ҳам ўчакишгандай нақ юзига урилай деб айланаяпти. Ўз ўйи билан масрур Фарида қўлида қайчи борлигини ҳам унутиб, арини ҳайдамоқчи бўлди. Лекин ўткир қайчининг учи кўзига кириб кетди.

Келинининг айюҳаннос солиб бақирган овозидан чўчиб, ҳали узоқ кетиб улгурмаган қайнона сергак тортди. У остонага етиб келганида Фарида юзини чангаллаб, додлаб ўтирарди...

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди