Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№5 дан: 30.01.2014

САНЪАТКОР БИЛАН СУҲБАТ

СЕВИШИМНИ БИЛИБ ОЛИНГ КЎЗЛАРИМДАН...

ҚЎШИҒИ МУХАЙЁХОН ТОЖИМАТОВАНИ ЭЛГА ТАНИТДИ

Санъатнинг нонини ейиш кишидан меҳнат, машаққат талаб этади. Бу йўлга кирган одамда, авваламбор сабр, ирода бўлиши керак. Бугун санъат оламида самарали ижод қилаётган санъаткорлар қаторида Муҳайёхон Тожиматованинг ҳам ўз ўрни, овози бор. У илк бор "Ўзбекистон" қўшиғи билан катта саҳнага кириб келган.

- Муҳайёхон, халқимизда "қуш уясида кўрганини қилади" деган нақл бор. Оилангизда санъаткорлар борми? Санъат йўлидаги қадамларингиз?..

- Дадам Солижон ва онам Мухтасархон санъаткор бўлмаса-да, санъатни ниҳоятда қадрлайдиган инсонлар бўлишган. Шунданми, биз олти фарзанднинг каттаси - акам Алишер қўшиқчи хонанда бўлиб, юртга танилган. Айнан шу ҳол, яъни санъатга, мусиқага ўзгача меҳр-муҳаббат менда болалигимдан ижрочиликка алоҳида рағбат уйғотган. Беш ёшлигимдан қўшиқлар айта бошлаганман. Ота-онам мени ҳам бу соҳага қизиқишимни кўриб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Натижада мактабда 2-синфда ўқиётганимда, 3-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига бориб, дутор йўналиши бўйича 7 йил таҳсил олдим. Қўшиқлар ҳам айтиб юрдим. 1999 йили Андижон педагогика билим юртининг мусиқа бўлимида қашқар рубоби йўналиши бўйича ўқишни давом эттирдим. Шу билан бирга, турли хил танловларда ҳам иштирок этдим. "Барҳаёт анъаналар" танловида "Гиря" қўшиғини айтиб, вилоятда 1-, республикада 2-ўринни эгалладим. "Ягонасан, муқаддас Ватан" шиори остида ўтказилган кўрик-танловда Фарида Афрўз сўзи, Нозимжон Мўминов мусиқаси билан басталанган "Ўзбекистон" қўшиғини ижро этиб, вилоятда олий ўринни эгалладим. Шу орада ўқишни тугаллаб, шу билим даргоҳида ишда қолдим. Умуман, қўшиқчилик соҳасида озми-кўпми танилган бўлсам, бунда ота-онам ва акамнинг ҳиссаси алоҳида эканлигини таъкидлашим жоиз.

- Қўшиқчилик турли санъаткорлар билан доимий мулоқотда бўлиш, устозлардан муттасил ўрганиш дегани. Шу ўринда устозларингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Шаҳобиддин Сулаймонов, Маъмуржон Расулов, Қизлархон Мамадовалар мени катта санъат йўлида дадил қадам ташлашимда устозлик қилганлар. "Ўзбекистон", "Азизим", "Сен ёлғиз", "Энди сиз йиғланг", "Тўй бошилар", "Севишимни билиб олинг кўзларимдан" сингари эл суйган қўшиқларимни яратишимда уларнинг хизматлари катта, деб ўйлайман.

- Ёш санъаткор сифатида таниқли ижрочилар ижодига муносабатингиз қандай?

- Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Ботир Қодиров, Авазбек Маҳмудов, Бобуржон Йўлдошев қўшиқларини севиб тинглайман. Айниқса, Гулсанам Мамазоитова ижоди, истеъдоди, ижобий фазилатлари менда катта ҳурмат уйғотади. Санъатда улардай халқ қалбидан жой олишга интилиб яшайман.

- Санъатимизнинг бугунги ҳолати сиздек ёш ижодкорда қандай фикр-мулоҳазалар уйғотади?

- Ёш санъаткорларнинг ижодий изланишларидан руҳланаман. Лекин кўр-кўрона кўчирмачиликдан, тақлидчиликдан сақланишга интилган яхши, албатта. Масалан, очиқ кийиниш, ярим-яланғоч либослар бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди. Бизда миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштириш учун имкониятлар ҳам, шарт-шароитлар ҳам етарли. Улардан гўзал, бетакрор либослар ярата олишга қодир дизайнерларимиз ҳам бор. Шунинг учун имидж ижрочига ҳар томонлама мос бўлишига, миллийликка интилиш мақсадга мувофиқ. Фақат тинимсиз изланиш, меҳнат қилиш керак, деб ўйлайман. Устоз санъаткорлардан, бой мусиқий меросимиздан доимо ўқиб, ўрганиш бизга куч ва шижоат бағишлайди.

- Қўшиқларингизни яратишда кимлар билан ижодий ҳамкорлик қиласиз?

- Шоир Шаробиддин Болтабоев ҳамда бастакор Аҳмадшох билан доимий ҳамкорлик қилиб бораман.

- Хонанда қайси жиҳатлари билан мухлислари ёдида қолиши керак, деб ўйлайсиз?

- Эсда қолиши учун ёдда қоларли қўшиқ айтиш керак. Айниқса, астойдил мақсадни кўзлаб ҳаракат қилинса, меҳнатнинг самараси кўриниши табиий.

- Кимга тақлид қиласиз?

- Ҳеч кимга. Мен ўз услубим, йўналишим бўлишини хоҳлайман.

- Санъат оламида якка ўзингиз ҳаракат қилишингиз қийин. Ҳомийлар кўмагига таянасизми?

- Хомийим йўқ. Лекин "Ўзбекнаво" этрада бирлашмаси вилоят бўлими раҳбари Гавҳарой Сотволдиева мен сингари кўп истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаб туради. 2003 йилдан буён яккахон хонанда бўлиб фаолият юритаман. Вилоят ва республикада ўтказиладиган турли байрам тадбирларида қўшиқларим билан иштирок этиб келаман.

- Қўшиқчи бўлишнинг ўзига хос машаққати бор, айниқса, мухлислар юрагидан ўрин эгалловчи қўшиқ яратиш осон эмас? Шундай эмасми?

- Албатта. Ҳамма соҳанинг ҳам ўзига яраша машаққати, заҳмати бўлади. Мен ҳам бу йўлдаги машаққатларни енга олишимга ишонаман. Болалигимдан хаёлимни ўғирлаган орзуим яъни, қўшиқчи бўлиш учун изланаман ва меҳнат қиламан. Чунки қўшиқ куйлашнинг ширин азоби менга бегона эмас.

- Фарзандларингизни ҳам санъатга қизиқиши борми?

- Икки нафар фарзандим бор. Мубина рақсга тушишни яхши кўради. Мактабда ўқиш билан бирга, мусиқа мактабига ҳам берганман. Муҳаммадризо тўрт ёшда бўлишига қарамай қўшиқ айтади. Яхшигина овози бор. Насиб қилса, санъат йўлидан кетишса, албатта, уларни қўллаб-қувватлайман.

Суҳбатдош:

ЗУМРАДХОН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди