Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№5 дан: 30.01.2014

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

САҲОВАТДА БЕНАЗИР ОНА

Мўжизакор табиатнинг гўзаллигига маҳлиё бўлганча тасбеҳ ўгираётган Жаҳоннисо биби қудрат эгасига ҳамдлар айтиб ўтирибди. Унинг хаёлини нақшинкор дарвоза олдига келиб тўхтаган енгил машинанинг овози бузди. Дарвозадан аввал чуғурлашиб набиралари, сўнгра ўғли Латифжон ва келини Гулхуморлар кириб келишди. Она машинанинг русумини билмайди, аммо ўғлининг машинасини овозидан танийди.

- Ўғлим, нима гап, жуда ҳурсандсан бирон янгилик борми? - сўради ўсмоқчилаб.

- Онажон, сиз ҳам бошқалар қатори ҳаж сафарига боришни ният қилиб яшадингиз. Емай едириб, киймай кийдириб мени ўқитдингиз. Бугун ўша меҳнатларингизнинг мевасини кўриб турибсиз. Ёзган китобимга катта пул олдим. Шу пулга сизни ҳаж сафарига жўнатмоқчиман. Мана ўша пул, - дея Латифжон сумкадаги пулни онанинг олдига қўйди.

Жаҳоннисо она пулни олишга шошилмади. Шу кезларда онанинг хаёлидан нималар ўтмади, дейсиз? Ўғли Латифжоннинг ҳарбий хизматга кетгани, уруш олови ёниб турган Афғонистонда бурчини ўтагани, Жаҳоннисо онанинг дуолари мустажоб бўлиб Латифжоннинг хизматдан соғ-саломат кириб келганининг шукронасини эслади. Кўп ўтмай касал ётган эри Абдусалом аканинг бевақт оламдан кўз юмгани, бор-йўғини сарфлаб эрининг эҳсонларини қилганини хотирлади. Латифжон олийгоҳда ўқиётган пайтдаги қийинчиликлар, ўғлига пул топиб беролмай қўшниларидан олинган қарз-ҳаволалари, ойлик маоши етмай қўшимча иш қилганлари...

Мана ўғли Латифжон ўқиб олим бўлди, китоблар ёзди, уй-жойларни ўнглади, машиналик бўлди. Она-боланинг армонлари бир-бир ушалаверди. Сабрнинг сариқ олтини ялтираб кўриниб қолди. Аммо сариқ олтинни Жаҳоннисо она ўз орзуси йўлида сарфлашдан кўра бир савобли ишни амалга оширмоқчи бўлиб ўғлига юзланди.

- Ўғлим, бу пул сенинг меҳнатларинг эвазига келди. Мени ҳажга жўнатмоқчи бўлибсан, раҳмат. Аммо менинг бошқа ниятим бор.

- Нима ният экан? - сўради Латифжон.

- Хотининг Гулхумор барака топсин, менга қиз бўлди. Ўзинг биласан, унинг онаси ҳозир қийин аҳволда. Ўтган йили фалокат бўлиб, уйлари ёниб кетди. Қайнотанг касал, ўғли ҳам ёш, ҳарбий хизматда. Агар мени рози қиламан, десанг шу пулга қайнонангнинг уйини тиклаб бер, - қатъий гапирди она.

- Аввал сизни ҳажга жўнатай девдим. Ҳозир айни ҳажга борадиган ёшдасиз, - онага илтижоли боқди ўғил.

- Ўғлим, агар умрим вафо қилса, ҳажга келаси йилларга борарман. Қайнона ҳам она. Аввал ўша онангга қара, - деди онаси.

Гулхумор кўзда ёш билан ташқарига чиқиб кетди.

- Майли, сиз нима десангиз шу, - дея Латифжон онанинг талабини бажарадиган бўлди.

Орадан икки йил ўтиб, Латифжон Жаҳоннисо онага ниятини эслатди.

- Ўғлим, Аллоҳ сендан рози бўлсин, топганингга барака берди. Ким саҳий бўлибди, Аллоҳдан топаверади. Шу сафар ҳам, битта илтимосим бор, нима дейсан? - ўғлининг кўнглига қўл солди Жаҳоннисо она.

- Аввал эшитайлик-чи, - деди Латифжон.

- Ён қўшнимизнинг чиқарадиган қизлари бор. Отасининг топиш-тутиши яхши эмас. Онаси қўлига игна кириб, игна чиқиб бировларнинг кўрпа-тўшагини қовийди. Аммо ҳозирги қиз чиқаришларни кўриб турибсан. Икки қизни чиқаришнинг ўзи бўлмайди. Шу қизларга акалик қилиб, сеп-сидирғаларига ёрдам қилсанг, - девдим.

- Ахир, онажон, ўзингизни ўйламайсизми? - деди Латифжон бироз аччиқланиб. Аммо кўнглининг бир четида уларга ҳам ёрдам беришни ўйлаб қўйди.

- Болам, қўшним йиғлаб турса, менга бу мақом татимайди. Агар умрим вафо қилса, кейинги йилларга борарман. Зориққанга ёрдам беришдан катта савоб йўқ, шундай қила қол, - дея гапни калта қилди Жаҳоннисон она.

Латифжон бу сафар ҳам онасининг илтимосини бажарадиган бўлди.

Латифжоннинг саховатини эшитган қўни-қўшнилар уни дуо қилишди.

Яна орадан икки йил ўтди. Жаҳоннисо она етмиш ёшдан ошиб қолди. Бу сафар Латифжон онасига билдирмай ҳаж тадоригини қила бошлади. Онаси номидан ўзи ариза ёзди. Ҳаж ҳисобига керакли пулларни тўлади.

Зулқаъда ойининг бошларида Жаҳоннисо биби бетобланиб қолди. Латифжон онасини касалхонада даволатди ҳамки, натижа бўлмади. Ҳажга кетиш арафасида бутунлай ётиб қолди. Латифжоннинг юрагига қил сиғмайди. Ўғлининг саъй-ҳаракатидан хабардор она ўғлига яна йўл кўрсатди:

- Латифжон, менинг аҳволим ёмон. Эрта-индин ҳаж сафарига кетилади. Менинг ўрнимга ўртоғим Каримахонни жўнат. Бошида эри йўқ, ўғли йўқ, учта заифаси бор, холос.

Ўғли индамай ташқарига чиқиб кетди. "Онангнинг дўстларига ҳам мурувват қил," дейилганини эслаб, Каримахон холанинг уйига борди, унга онасининг гапларини айтди. Каримахон дугонасига шифо тилади, Латифжонни узоқ дуо қилди. Йиғлади, юпанди. Ўртоғининг олдига келди.

- Каримахон, мен розиман. Ўрнимга сиз ҳажга бориб келинг. Мен Худо хоҳласа яхши бўлиб қолсам, Аллоҳ чақирса янаги сафар борарман, - деди Жаҳоннисо она.

Латифжон она ризоси учун бу сафар Каримахон холани ҳажга жўнатди. Сафарга кетишганининг йигирманчи куни Жаҳоннисо она бироз тетиклашиб қолди. Ўғил хурсанд бўлди. Бир куни она:

- Латифжон, ҳожилар келишига қанча қолди? - деб сўради.

- Бир ҳафта ичида келиб қолишади, - жавоб қилди Латифжон.

- Ҳа, яхши, - деб қўйди Жаҳоннисо она.

- Она уч кунгина тетик юрди. Тўртинчи куни яна ётиб қолди. Қурбон ҳайити арафасида болаларига ризолик берди. Тунда фариштамисол онанинг жони узилди. Ҳайит намозига онанинг тобути олиб чиқилди. Жаноза ўқиётган имом йиғилганларга қарата мурожаат қилди:

- Яхши аёл эди, - гулдурос овозлар келди.

- Онанинг қандайлиги унга берилган кундан маълум. Онахон уч бора ҳажга борадиган пулни муҳтожларга эҳсон қилган. "Агар умрим вафо қилса, борарман", - деган эканлар.

- Онахоннинг саховатини Аллоҳ ҳожилик мақомида қабул қилсин, деб бир дуо қилайлик, - дебди имом. Ҳамма дуога қўл очибди, она ва ўғилга узоқ дуо қилинибди.

Ҳаж сафаридан келган Каримахон дугонасининг оламдан ўтганини эшитиб ачиниб йиғлади ва Латифжонга:

- Латифжон, онангиз беназир аёл эди. У менга Маккада кўринди. Арофатда ёнма-ён турди. Аллоҳ улуғ ва қудратли зот. Аллоҳ мендан олдин Жаҳоннисони ҳожилик мақомига эриштирди, - деди йиғлаб хола.

Латифжоннинг кўзларидан ёш қуйилди...

Соҳибахон ХОШИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди