Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№6 дан: 06.02.2014

АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 573 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

ЮКСАК ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ ЗОТ

Алишер Навоий ўзбек адабий тили ва адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк адабий сиймодир. У ўзининг бетакрор ижодий мероси билан инсоният тарихидаги энг буюк ижодкорлардан бири сифатида эътироф этилади.

Дарҳақиқат, ҳеч ким тилимиз ва адабиётимиз равнақи учун Навоийдек хизмат қилган эмас. Шу ўринда улуғ ижодкор, буюк мутафаккирнинг ўз замонасида бунёдкорлик ва ободонлаштириш борасида олиб борган ишларига алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз. Бу ҳақда у ўзининг "Вақфия" асарида бир қанча маълумотларни келтириб ўтган. Маълумки, "Вақф" деб бирор хайрли ишнинг сарфу харажатини таъмин қилмоқ учун ажратилган ер ёки мулкка айтилади. Тарихимиздан маълумки, мактаб, мадрасалар, хонақоҳлар асрлар давомида вақфлар ҳисобига яшаб келган. Алишер Навоий ушбу масалага алоҳида эътибор қаратади, замонасининг ҳам эътиборли, ҳам ижодкор кишиси сифатида уни тартибга солишга ҳаракат қилади.

Юртни ривожлантириш, ёш авлоднинг илм ва ҳунар эгаллаши учун зарур шароитларни яратиб бериш буюк алломанинг ҳаётдаги энг асосий мақсадларидан бири бўлган. Бу мақсадни амалга ошириш учун у нафақат асарлар ёзди, балки ўзи ҳам кўплаб ибратли ишларга бош-қош бўлди. У турли йиллар давомида 52 та работ, 20 та ҳовуз, 16 та кўприк ва 9 та ҳаммом қурдирган. Бу ҳақда машҳур тарихчи Хондамир бундай хабар беради: " Ҳиротнинг энг гўзал жойларидан бирида, Инжил ариғи ёқасида Навоий ташаббуси билан "Ихлосия" мадрасаси қад кўтарди. Унинг ёнидан "Халосия" хонақоси жой олди. Рўпарасида нозик дид ва теран хаёлни ўзида жам этган "Дорушшифо" (шифохона), бир томонида "Дорул Ҳуффоз" (қорихона), "Масжиди жомеъ"... Ўртада суви шарбатдек тотли Инжил ариғи, "Доришшифо" қошида кавсармисол бир ҳовуз. Унда хизрсифат ҳакимлар, исонафас табиблар касалларни муолажа қилиш билан машғуллар. "Халосия" хонақосида ҳар куни қуръон тиловат қилинади, фақир ва бечораларга таом тарқатилади.

Алишер Навоий ижодда ҳам беназир киши эди. Унинг насрий асарлари, айниқса, лирикаси ўрта асрлар ўзбек адабиётини энг юксак чўққига кўтаргани билан аҳамиятлидир. Буюк шоир ўз даврига қадар мавжуд бўлган адабиёт ютуқларини ривожлантириш билан кифояланиб қолмай, уни юқори босқичга кўтарди. Айниқса, буюк асарлардан бири "Хамса"ни туркий тилда ёзади ва тилимиз нақадар бой ва гўзал эканлигини амалда кўрсатиб берди, ўзбек адабиётида тазкирачилик анъанасини бошлаб берган "Мажолис ун- нафоис" асарини яратди.

Бугун ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшлар улуғ бобомизнинг асарларидан ўзига керакли билим, маълумот ва хулосани олиши мумкин. Бунинг учун фақат Навоий асарларини қунт билан ўқиши, унинг мазмун-моҳиятини англай олиши зарур. Зотан, алломанинг барча асарлари кишиларни ҳалол-покликка, меҳр-оқибатли, комил инсон бўлишига қаратилган.

Улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг ижоди инсониятни эзгу ишлар сари ундовчи, Ватан равнақи учун хизмат қиладиган фидоий инсонлар бўлишига кўмак берувчи улкан маънавий меросдир. Ана шу улкан ва бетакрор ижодий мерос дунёдаги барча мамлакатларда бирдек эътироф этилиши бизнинг қалбимизга чексиз фахр-ифтихор туйғусини беради. Шу боис ҳам Навоийдек буюк сиймога ҳамиша юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатамиз.

Гулида АЗИМОВА,

Андижон давлат университети магистранти.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди