Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№6 дан: 06.02.2014

АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАҚИДА БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ҲАҚИҚАТЛАР

Юртимизда бирор бир киши йўқки, ҳазрати Алишер Навоийнинг гўзал ғазалларидан бирор бир мисра ёд олмаган бўлса. Гарчи, ҳазратнинг сийратини тўла англай олмасак-да, улуғ ва даҳо шахс эканлигига асло шубҳа қилмаймиз.

Алишер Навоий ҳаёти давомида, нафақат, ижодда, балки инсоний муносабатларда ҳам ибратли ҳамда кўплаб эзгу ишларга бош-қош бўлган. Айниқса, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, юриш-туриши одамларнинг эътиборида бўлиб, унга иқтибос қилгувчилар жуда кўп эди. Ана шулар ҳақида турли манбааларда эълон қилинган қуйидаги маълумотлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

"Нози Алишерий"

Ўз даврида шоирнининг обрўси шу қадар юқори эдики, ҳунармандлар ўз маҳсулотларини харидоргир бўлиши учун Навоийнинг номи билан атар эдилар. Бир сафар Навоийнинг қулоғи оғриб қолади ва рўмол боғлаб юради. Буни кўрган Ҳирот аёллари рўмолларини қийшайтириб ўраб, бу усулни "Нози Алишерий" деб атайдилар. Бобомизнинг ҳар бир ҳаракатлари юриш-туришларидан кийинишларигача оммалашиб, урфга айланарди.

Навоий - буюк бастакор

"Хамса" асарининг биз билмаган, англамайдиган жиҳатлари жуда кўп. Шулардан бири беш достонга арузнинг алоҳида-алоҳида вазнлари танлангани билан боғлиқ. Бу бежиз эмас.

Навоий "Ҳайрат ул-аброр", "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун", "Сабъаи сайёр", "Садди Искандарий" достонлари учун танланган ҳар бир вазннинг хусусиятларидан моҳирона фойдаланган. Аруз шундай шеърий тизимки, уни чуқур ўргансангиз, у ҳосил қиладиган оҳангдан ҳайратга тушасиз. Агар Навоий достонларини ўз вазнида, қонун-қоидаларини бузмай ўқисангиз, мусиқийликни ҳис этасиз. Бу мусиқада ҳазинлик, ошиқлик, қувонч ва дарду аламни, илтижони топиш мумкин.

Навоий "Хамса"сини атрофилича ўрганган шарқшунос Н. Конрад шундай хулоса қилган: "Навоийнинг "Хамса"сидаги достонлар... бири - ҳақиқий мажор; иккинчиси - ҳақиқий минор; учинчиси - мажорга "яқинлашаётган"; тўртинчиси - минорга "яқинлашаётган" ва, ниҳоят бешинчиси - мажор ва минорнинг ажралмас бирлигидир".

Навоий бой ва саховатли эди

Навоий ўз даврининг чин маънодаги бой кишиси эди. Унинг моддий бойликлари Ҳирот шаҳрининг йиллик солиғини тўлашга, шоҳ Ҳусайн Бойқарога қарз бериб туришга ҳам етарди. Лекин унинг маънавий бойликлари бу бойликдан миллион карра устун эди.

Навоий ўз мулки ҳисобидан мадрасада таълим олаётган юзлаб талабалар, хизмат қилаётган мударрис, ва бошқа ходимларнинг иш ҳақини тўларди, кўплаб мадрасалар, ҳовуз, кўприк ва ҳаммомлар қурдирган.

Шоирга жиловбардорлик қилган шоҳ

Навоий "Хамса" достонларини ёзиб тугатиб, дўсти султон Ҳусайн Бойқарога тақдим қилади. Достонлар билан танишган шоҳ бундан беҳад таъсирланиб, аркони давлат - мамлакатнинг вазирлари, олиму уламолари ҳузурида амир Алишерга ўзининг энг қимматли отига минишни илтимос қилади. Шоир рад этади, лекин шоҳ қатъий туриб олгач, отга чиқади, султон бутун ҳукумат, халқ олдида дўстига жиловбардорлик қилиб, отни етаклай бошлайди. Навоий бундан қаттиқ таъсирланди...

Бундай мардликни тарих деярли кўрмаган. Бу маънавият ва маърифат олдида шоҳлар ҳам, керак бўлса, жиловбардор бўлишига исбот эди.

Шу тарзда Султон Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоий учун хали ҳеч қайси ҳукмдор кўрсатмаган эътиборни кўрсатди.

Хулоса

Таъкидлаш керакки, Навоий улуғ инсон эди. Ижодкорлик унинг зийнати эди. У ўзидан кейинги барча даврларда туркий халқларнинг фахри-ифтихори бўлди. Ўз даврида бежизга "дин ва миллатнинг қуёши, низоми" деб улуғланмаган! Шундай экан, биз бугунги авлод улуғ Навоий ижодини ўқишдан, ўрганишдан тўхтамайлик.

Балиқчи туманидаги 50-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилбархон САИДОВА тайёрлади.

Алишер НАВОИЙ

МУБТАЛО БЎЛДИМ САНГА

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,

Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.

Ҳар неча дедимки кун-кундин узай сендин кўнгул,

Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.

Мен қачон дедим: "Вафо қилғил манга" зулм айладинг,

Сен қачон дединг: "Фидо бўлғил манга" бўлдим санга.

Қай пари пайкарга дерсен телба бўлдунг бу сифат,

Эй пари пайкар, не қилсанг қил манга, бўлдум санга.

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладинг овора бўл,

Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,

Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.

Ғусса чангидин навое топмадим ушшоқ аро,

То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди