ҲИКОЯ
ИЛИФОТ
Муниса ая ташқарига қаради-ю, кўнгли хиралашди. Ўтган куни ёққан қалин қордан сўнг, қуёшнинг заиф нурлари уни бироз эритдию, кечга томон совуқдан ер музлади.
Энди эса муз устини қор қоплай бошлади. Муниса ая фарзандларининг қаршиликларига қарамай, нафақага чиқса ҳам дам олишни хоҳламади.
- Иш овунчоқ. Неваралар боғчада, мактабда бўлса... бир ўзим зерикиб нима қиламан?! Шу баҳона кўча-кўйда кўпчилик билан гаплашаман, - дерди онахон ҳар гал бу тўғрида гап очилганида.
Иш жойи уйидан бир бекат нарида. Иши енгил. Алоқа бўлимида хатлар, газеталарни тартибга келтиради. Уйдан атайин эрта отланади. Яёв йўл босади. "Эрталабки бадантарбия", - деб қўяди, ўзига. Етмишга яқинлашибдики, ўз ишини севиб, масъулият билан адо этади.
Кечки томон қор ёғиши авжга чиқди. Иш вақти тугагач, ҳамкасблар бирин-кетин уйга қайтдилар. Аянинг шошилмай ишдан кетишига ҳамма кўникиб қолган. Шундай бўлса-да, об-ҳавонинг қалтислиги туфайли кўпчилик биргаликда кетишни таклиф қилди, бироқ ая кўнмади. Кўчага чиққач эса таклифларни рад қилганига афсусланди. Йўл музлаган. Бунинг устига ёғаётган қор ернинг устини қоплаб, ҳар қадамда сирпаниб кетиш хавфини оширганди.
Муниса ая ўтаётган машиналарга илинж билан боқди.
Эссиз, болалари унга қўл телефони олиб беришмоқчи бўлганида, рози бўлмаганди. Ўжарлиги, инжиқлиги учун ўзидан хафа бўлди.
Серқатнов йўлнинг қарама-қарши тарафида "Қўриқлаш хизмати"нинг идораси жойлашган. Хизматдаги ходим Азимжон йўлнинг у тарафида турган онахонни совуқда узоқ туриб қолганига бир неча бор кўзи тушди-ю, бирор кимни кутаётган бўлса керак, деб эътибор бермаганди. Уйга қайтаётган вақтида ҳам у кишининг турганини кўриб олдига ўтди.
- Онахон, бирор кимни кутяпсизми?
- Уйга кетмоқчийдим. Кўрмайсизми, йўл музлаб қадам босишга чўчияпман.
Азимжон йўловчи машиналардан бирини тўхтатиб, аяга ёрдамлашди.
Машина ўрнидан силжиди. Салон илиққина эди. Муниса аянинг бегона йигитнинг кўрсатган илтифотидан, одамлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилмаганлигидан кўзларига ёш қуйилди. Совуқ қотганидан унга раҳмат айтишни ҳам унитибди. "Илоҳим кам бўлмасин", - дея дуога қўл очди.
Умида ЮСУПОВА.
|