Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№11 дан: 13.03.2014

"СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.

МИКРОЭЛЕМЕНТЛАРНИНГ ОГАНИЗМДАГИ АҲАМИЯТИ

Соғлом оилани шакллантириш, соғлом инсон бу - жамиятнинг бойлигидир. Шундай экан, инсоннинг соғлом бўлишида микроэлементларнинг аҳамияти беқиёс. Инсонлар ўзи учун зарур бўлган микроэлементларни ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларидан олади. Улар ҳужайрадаги моддалар алмашинувида ўзига хос вазифаларни бажаради.

Баъзи микроэлементлар организмда содир бўладиган жараёнларни тезлаштиради. Кўп микроэлементлар эса организмга овқат билан бирга киради. Биз истеъмол қиладиган озиқ-овқат ёки ичимлик суви таркибида битта ёки бир нечта микроэлементларнинг ортиқча ёки кам бўлиши турли хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, йоднинг етишмаслиги туфайли инсонларда бўқоқ касаллиги пайдо бўлади. Фтор етишмаса, тишлар нураб кетади. Кальцийнинг етишмаслиги турли хил суяк касалликларини келтириб чиқаради. Организмда темир миқдорини кама-йиб кетиши эса камқонликни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шунингдек, микроэлементларнинг ўсимликлар учун ҳам аҳамияти катта. Агар ўсимликларда марганец етишмаса, унинг баргларида доғлар ҳосил бўлади. Руҳ етишмаса, фотосинтез жараёни сусайиб, ўсимлик қуриб қолиши мумкин. Молибден эса картошка тугунакларида крахмал миқдорини оширади ва таъмини ширин қилади.

Демак, микроэлементларга бой бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш, организмда касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Машҳура ИБРАГИМОВА,

Андижон индустриал педагогика коллежи

ўқитувчиси.

САЛОМАТЛИК - ТУМАН БОЙЛИК

ТИШЛАРИМИЗ СОF БЎЛСИН

Халқимизда "Тишсиз

оғиз-тошсиз тегирмон" деган нақл бор. Аммо тишларимиз нафақат луқмамизни чайнашга, балки соғлом ва гўзал кўринишимизга ҳам

таъсир кўрсатади. Бироқ тишларимиз ҳақида

ҳамиша ғамҳўрлик қила оламизми?

Бир дугонамникига меҳмонга борган эдим. Бу хонадондаги саранжом-саришталикка ҳавас қилдим. Яна менинг эътиборимни тортган жиҳати кўзгу олдига оила аъзоларининг ҳар бирига алоҳида тиш чўтка ва сочиқларнинг осиб қўйилгани бўлди. Яшириб нима қиламиз, баъзи оилаларда нафақат сочиқни, ҳатто тиш чўткасини ҳам аралаш ишлатиб кетаверадиганлар учраб туради. Баъзан гапирганда оғзидан нохуш хид келиб, тишлари сарғайиб кетган кишиларни кўрганимизда "Бу одам тишини яқин-орада ювганмикан?", деган хаёлга борамиз.

Бувиларимиз, оналаримиз ёшлигимиздан қўлимизга совун билан чўтка тутқазиб, ювиниб кел, деб мажбур қилишида ҳикмат бор экан.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, оғиз миллионлаб микробларнинг уясидир. Мазкур бактериялар овқат ҳазм қилиш органлари орқали танамизга тушиб, кўплаб касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Тиш ва милкларда салбий асоратлар қолдирар экан. Шифокорлар тиш емирилишининг, унинг устки қисмида сариқ қатлам пайдо бўлишининг, милк ва оғизда яралар вужудга келишининг олдини олиш, асаб тизими, кўзлар, нафас олиш ва ҳазм қилиш йўлларида турли ҳузурсизликларни бартараф этиш учун ёшлик чоғиданоқ шахсий гигиенага риоя қилиш кераклигини таъкидлайдилар.

- Оғиз бўшлиғи инсон организмининг кўзгуси ҳисобланади, - дейди Марҳамат тумани марказий поликлиникасида фаолият юритувчи тажрибали стомотолог Шуҳратжон Fозиев. - Шу билан бирга, унинг саломатлигини сақлашда оғиз гигиенасига қай даражада амал қилиши муҳим аҳамиятга эга. Болаларни сут тишлари чиқа бошлаган, яъни икки ёшидан бошлаб тиш ювишга одатлантириш лозим. Шу вақтдан бошлаб болалар учун махсус тиш пастаси ва юмшоқ чўткаси бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, тишимизни соғлом ва чиройли бўлиши кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Шу боис тишларимизни соғлом бўлишига алоҳида эътибор қаратайлик.

Робия ОТАХОНОВА.

22 МАРТ - БУТУНЖАҲОН СУВ КУНИ!

СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНАЙЛИК!

ҚОЛАВЕРСА, УНИ ИСРОФ ҚИЛМАСЛИК ВА ИФЛОСЛАНТИРМАСЛИККА ҲАР БИРИМИЗ МАСЪУЛМИЗ.

Ер шарининг ярмидан кўпроғи, яъни 71 фоизи сув бўлса-да, мавжуд чучук сув заҳиралари умумий сув миқдорининг 2 фоизини ташкил этади, холос. Шу боис ҳам айни кунда сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш масаласи глобал муаммога айланган. Жаҳон миқиёсида сув билан боғлиқ муаммоларнинг йилдан-йилга ўсиб бораётганлиги ҳисобга олиниб, БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йилдаги резолюциясига асосан, 22 март "Бутунжаҳон сув куни" деб эълон қилинган.

СУВ - ҲАЁТ МАНБАИ

Халқимиз томонидан азалдан сув қадрланиб келинган. Чунки бу бебаҳо неъматсиз инсоният ҳаёт кечира олмайди. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз сувга ҳаёт манбаи сифатида қарашган. Бугунги кунга келиб эса сувнинг ҳаётдаги аҳамияти, ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда.

Айни кунда юртимиз аҳолисининг асосий қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва асосан, деҳқончилик билан шуғулланадилар. Деҳқончиликни эса оби-ҳаётсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Вилоятимизда мавжуд сув ресурсларининг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи, қолган 10 фоизи эса бошқа соҳалар учун сарфланади, бундан кўринадики, сувни, айниқса, қишлоқ хўжалигида тежаш ва иқтисод қилиш ўта муҳим масала ҳисобланади.

Айтиш мумкинки, ҳозирда республикамизда, хусусан, вилоятимизда сув таъминоти даражаси анча юқоридир. Сувга бўлган талабнинг йилдан-йилга ортиб, сув ресурсларининг камайиб бориши биздан мавжуд сувнинг ҳар томчисидан самарали фойдаланиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилишини тақазо этади.

Юқорида сув ресурсларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги тармоқларида ишлатилишини таъкидладик. Лекин бу дегани сувни фақатгина шу соҳадагина иқтисод қилиш дегани эмас. Барча соҳа вакиллари, ҳар бир юртдошимиз сувдан унумли фойдаланиши, уни тежаши лозим.

Мустақиллик йилларида нафақат шаҳарларга, балки энг чекка қишлоқларгача ичимлик суви тармоқлари тортилди. Лекин очиқ қолган ёки бузилиб қолган жўмраклардан кечаю кундуз ичимлик суви оқиб турган ҳолатлар мавжудки, бу энг аввало, бизнинг эътиборсизлигимиз, ана шу соҳага мутасадди кишиларнинг масъулиятсизлиги оқибатидир. Бундай ҳолатга кенг жамоатчилик, барчамиз эътибор беришимиз зарур.

АРИҚЛАРИМИЗ СУВИНИНГ

СИФАТИ ҚАНДАЙ?

Оталаримиз, момоларимизнинг ёшлик даврларини эслаб, тандирда янги ёпилган иссиқ нонни ариқдаги сувда оқизиб еганлари, бунда ноннинг жуда ҳам мазали бўлиши ҳақида кўп гапирадилар. Минг афсуски, бугунги кунга келиб, ариқларимиздаги сувда нон оқизиб еган одам сўзсиз касал бўлади. Таассуфлар бўлсинки, хадқимизнинг "ариқдаги сувга туфлама", "сувни исроф қилма" деган нақлларга одамларимиз у қадар амал қилмай қўйдилар. Ариқларни тозалаш ўрнига айримлар ахлатларни ариқ ва зовурларга ташламоқда, ҳаттоки, уйдан чиқариб юборилаётган оқава сувлар ҳам ариқларга оқизилмоқда, ахир ариқ канализация эмас-ку! Келинларимиз эса эрта тонгда ҳовли ва кўчаларни супурганда ахлатни ариққа қаратиб супурмоқдалар. Тўғри, ҳозир барча ҳудудларимизга водопровод орқали ичимлик сувлари етиб борган, лекин ариқ ва зовурларни ахлатга тўлдириш ёки ундан канализация ўрнида фойдаланиш гуноҳ саналади, қолаверса, атроф-муҳитга, соғлигимизга салбий таъсир кўрсатади.

"Сув - зар", "Бир томчи сув олтиндан қиммат", деймиз-у лекин ҳаётда сувнинг исроф бўлаётганини, ундан хўжасизларча фойдаланилаётганини, қолаверса, ифлослантирилаётганини кўриб бефарқ ўтиб кетаверамиз. Бу сувнинг қадрига етмаслигимизнинг кўринишидир.

ТОМОРҚАМИЗГА СУВ ҚАНДАЙ ЕТИБ КЕЛАДИ?

Кўпчилик водопровод сувини, канал ва ариқлардаги сувни ўз-ўзидан келаяпти, - деб ўйлаши мумкин. Йўқ, ундай эмас! Хаттоки, ариқдаги сув ҳам даламиз ёки ҳовлимизга ўзидан-ўзи келиб қолаётгани йўқ. Сув манбасидан, яъни, дарёдан каналлар орқали, сув тақсимлаш иншоотлари орқали, баъзан насос станциялар ёрдамида неча километр масофадан бир қанча сув хўжалиги ташкилотлари ходимларининг кеча-ю кундуз навбатчилик қилаётган меҳнатлари эвазига олиб келинаётган сув бу!

Давлатимиз томонидан бунга сарфланаётган маблағ эса салмоқлидир. Давлат тасарруфидаги иншоотлар бюджет маблағлари ҳисобидан эксплуатация қилинади. Лекин сув истеъмолчилари уюшмалари ҳисобидаги канал-ариқлар, насослар ва иншоотларни эксплуатация қилиш учун уюшмага аъзо бўлган ва шу сувдан фойдаланувчилар бадаллари ҳисобидан эксплуатация қилинади. Демак, хоҳ у ичимлик суви бўлсин, хоҳ ариқдаги сув бўлсин унинг пулини сизга сувни етказиб бераётган ташкилотларга албатта, тўлаш керак. Кўплаб имонли, мурувватли инсонлар ҳайр-эҳсонлар қилади, закотлар беради, ҳаж амалларини бажарадилар, лекин минг афсуски, фойдаланган сувининг пулини тўлашни эсдан чиқарадилар.

Айниқса, деҳқончилик ортидан катта-катта даромадлар олаётган бир қатор фермер хўжаликлари раҳбарлари етиштирган ҳосилига сув етказиб берган миробларнинг, Сув истеъмолчилари уюшмаси ходимларининг хизматини қадрига етмаётганликлари ҳеч бир мезонга тўғри келмаса керак. Фермер хўжаликларининг Сув истеъмолчилари уюшмаларидан қарздорлиги катта. Бу масала ижобий ҳал этилса, сув таъминоти билан боғлиқ ишлар янада самарали бўлиши шубҳасиз.

Кейинги йилларда вилоятимизда ғалладан бўшаган майдонларнинг асосий қисмига такрорий экинлар экилади. Далаларга такрорий экиладиган сабзавот ва озуқа экинлари пахта ёки ғаллага нисбатан 3-5 баробар сувни кўп истеъмол қилади. Шуни ҳисобга олиб, ҳеч бўлмаганда такрорий экиндан олинган даромад ҳисобидан Сув истеъмолчилари уюшмаларига бадал пулини тўлаш мумкин-ку? Бадал пуллар тўлаш ўз вақтида амалга оширилса, яна айтамизки, бу борадаги ишлар янада яхшиланади.

СУВДАН ОҚИЛОНА

ФОЙДАЛАНИШНИ ЎРГАНАЙЛИК

Вилоятимизнинг сувга бўлган талаби 3,1 миллард кубометрни ташкил этади, шунинг 85 фоизи қўшни Қирғизистон Республикасидан оқиб келадиган манбаалар ҳисобидан қопланади. Ўзимизда ҳосил бўладиган сув ресурслари эса 15 фоизни ташкил этади холос. Умуман, жаҳон миқёсида сувга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Табиатдаги мавжуд сув ресурслари эса, аксинча камаймоқда.

Шу ўринда трансчегаравий сув манбалардан амалга оширилаётган сув тақсимоти адолатсиз амалга оширилаётганини, вегетация мавсумида, яъни экинларнинг сувга бўлган талаби энг юқори чўққига чиққанида Норин дарёсидаги сувнинг кескин камайиб кетиши натижасида қишлоқ хўжалиги экинларидан олинаётган ҳосилдорликка салбий таъсир қилаётганини таъкидлаш жоиз. Сув таъминотидаги шундай мушкул вазиятда янги сув омборлари қуриш билан боғлиқ лойиҳалар сув манбаининг қуйи қисмида жойлашган давлатлар манфатларига зид келади. Жорий йилнинг январь ойида АҚШда йирик тўғон ва гидротехника объектлар қурилишини қўллаб-қувватлашни таъқиқловчи қонун қабул қилинганлиги эса фикримизга бир мисолдир.

Сувга бўлган талабнинг ортиши билан, қолаверса, сув таъминотидаги йилдан-йилга мураккаблашиб бораётган ҳолат сув хўжалиги соҳаси ходимлари зиммасига катта талаблар қўймоқда. Бу борада қийинчилик ва қатор муаммолар мавжудлигига қарамай, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, зарур чора-тадбирлар туфайли охирги 5 йилда кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Хусусан, вилоятимизнинг сув таъминоти энг оғир ҳудудлари бўлган Бўз туманидаги "Янги ҳаёт", Улуғнор туманининг Андижон, Жалақудуқ, Мингчинор, Истиқлол, Избоскан туманидаги Андижон, Булоқбоши туманининг Жўраполвон, Хўжаобод туманининг Абдулла Қаҳҳор массивлари, Андижон ва Жалақудуқ тумани адирларига сув етказиб берувчи янги иншоотлар қурилди, мавжудлари тўла реконструкция қилинди. Бундан ташқари, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, сув хўжалиги қурилиш ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, сув ресурсларидан фойдаланиш борасида бир авлоднинг кўз ўнгида ўзининг 90 фоиз сувини йўқотган Орол денгизи фожиаси бизга дарс бўлиши керак. Сувга бўлган муносабатни ўзгартиришимиз лозим. Сувдан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланишни ҳар биримиз онгли равишда амалга оширишимиз зарур. Бу иш нафақат мутасадди соҳа вакилларининг эмас, балки кенг жамоатчиликнинг, қолаверса, юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг бурчи ва мажбурияти бўлиши керак. Шундай қилмасак, сув тақчиллиги масаласи очиқ қолаверади. Келинг, ўз уйимизда, маҳалламизда, даламизда сувни озгина бўлса ҳам иқтисод қилишга, уни исроф қилмасликка ва ифлослантирмасликка ҳаракат қилайлик.

Шуҳратжон ЭРГАШЕВ,

Норин-Қорадарё ирригация

тизимлари ҳавза бошқармаси

бошлиғининг биринчи

ўринбосари.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди