Пазанда маслаҳати
"БАҲОР" ШИРИНЛИГИ
Керакли масаллиқлар: Олти дона тухум, 300 гр. сариёғ, 350 гр. қуюлтирилган сут, бир дона плиткали шоколад, 1 стакан шакар, 100 гр. сметана, ярим пиёла ёнғоқ, 5 ош қошиқ какао, бир ош қошиқда кабартма, бир чой қошиқда ванилин.
Кремига: Бир чинни қаймоққа бир пиёла шакар солиб, яхшилаб аралаштирасиз ва музлаткичга бир соат давомида қўясиз.
Тайёрланиши: Тухум оқини миксерда кўпиртирасиз ва унга асталик билан оз-оздан шакар, кейин бирин-кетин бир дона тухум сариғини, сметана, сариёғ, кабартма, ванилин, какаони қўшиб кўпиртиришда давом этасиз. Сўнг ун солиб, қошиқ ёрдамида аралаштирасиз. Суюқ хамир ҳосил бўлгач, патнисга қуясиз ва 30 дақиқа давомида духовкада пиширасиз.
Пишган ширинликни олиб, ўртасидан тенг иккига бўлиб кесасиз. Бирига қуюлтирилган сутдан суртасиз. Устига иккинчи бисквитни қўйиб, устига яна қуюлтирилган сутдан суртасиз. Кейин шоколадни эритиб, бисквитлар устидан қўйиб чиқасиз.
Тайёр бўлган ширинликни пичоқ ёрдамида катта тўртбурчак қилиб кесасиз ва ҳар бирининг ўртасига бир бўлак ёнғоқдан қўйиб чиқасиз. Сўнг ёнғоқлар усти ва ширинлик четларини крем билан безайсиз.
|