Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№12 дан: 20.03.2014

АЙЁМ

НАВРЎЗИНГ МУБОРАК, ОНАЖОН ЎЛКАМ

Наврўз ўзида қадимий анъана ва урф-одатларимиз, қадриятларимиз, меҳр-оқибат, саховат каби юксак инсоний фазилатларни намоён этиши билан ажралиб туради.

Бир неча минг йиллик тарихга эга Наврўзи олам аждодларимиз томонидан янги кун - йилнинг бошланиши сифатида кенг нишонлаб келинган. Инсон ва табиат ўртасидаги муштараклик, деҳқончилик мавсумининг бошланиши Наврўз шодиёналарида ўз аксини топади. Шунинг учун ҳам асрлар оша бу байрам боқий қадрият, миллий маросим сифатида яшаб келмоқда.

Элимизга хос анъана ва фазилатлар мужассамлиги учун ҳам олис ва яқин тарихимизда бу байрамни чеклаш, уни одамлар қалбидан ўчиришга уринишлар бўлган. Лекин ота-боболаримиз ҳар қандай шароитда, ҳатто яширинча бўлса-да, Наврўзни нишонлаганлар, байрамга хос удумларни адо этганлар. Истиқлол йилларида миллий ўзликни англаш, маънавий қадриятларимизни тиклашга қаратилган юксак эътибор туфайли Наврўз юртимизда умумхалқ байрами, деб эълон қилинди ва кенг нишонланмоқда.

Боболардан меросим Наврўз

Аждодларимиздан бизгача етиб келган тарихий манбааларда Наврўз ҳақида маълумотлар талайгина. Жумладан, Абу Райҳон Берунийнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар", Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома", Маҳмуд Қошғарийнинг "Девону луғатит-турк", Абу Бакр ал-Наршахийнинг "Бухоро тарихи" асарларида Наврўз тарихи, бу байрамдаги маросим ва ижро этиладиган халқ қўшиқлари билан боғлиқ маълумотлар келтирилади. Ҳазрат Навоий эса:

Ки бу сир эрур олам афруз ҳам, хусусан, эрур фасли Наврўз ҳам,- дея тириклик айёмига нисбат берадилар.

Наврўз байрами муносабати билан ўтказиладиган тадбир ва маросимлар ёшларнинг халқимиз тарихи ва маданияти, анъана ва қадриятлари ҳақидаги билим ва тасаввурини бойитишга хизмат қилади.

Наврўз бирон бир санани нишонлаш учунгина байрам қилинадиган ҳодиса ҳисобланмайди. У табиатнинг ўзидан келиб чиққан, куну тун тенглашгандан сўнг, энди кунларнинг уза-йиши, қилинадиган деҳқончилик олдидан, унинг ҳайрли ва барокатли бўлишини тилаб қилинадиган байрамдир. Узоқ қишдан сўнг кўкда қуёшнинг юз кўрсатиши, қирда майса-гиёҳларнинг ниш уриб чиқиши халқимиз учун ҳақиқий шодиёнага айланган. Нега деганда, ўтган йилги йиғилган ғалла ҳам, озиқ-овқатлар ҳам тугаб, иликузди пайтларда яна Она Табиатнинг ўзи меҳр-мурувват кўрсатиб, ёруғ кунлардан дарак берган. Шу кунларгача эсон-омон етиб келишган қарияларнинг ҳам томирларида қайтадан ғайрат жўш урган. Бу куннинг Нав - янги, рўз - кун, яъни янги кун деб аталиши ҳам бежиз эмас.

Наврўз таомлари

Наврўз айёми Наврўз таомлари билан серфайз ва тўкин бўлади. Баҳорий айём муносабати билан тайёрланадиган таомлар бошқа одатий егуликлардан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Энди сабза бўлиб уна бошлаётган ялпизу ошкўклардан таёрланадиган кўк сомса, кўк чучвара, кўк патирлар дармондориларга бойлиги билан, қишдан толиқиб чиққан организмнинг қайта тикланишига ёрдам беради. Баҳорий таомлар орасида, айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлаш анъана тусига кирган.

- Наврўзда ўтказиладиган асосий маросимлардан бири бу - сумалак пишириш билан боғлиқ. Сумалак баҳор ойларида, асосан, Наврўз муносабати билан тайёрланадиган қадимий ва шифобахш таом ҳисобланади. Эътиборли томони шундаки, сумалак қўни-қўшни, қариндош-уруғ, умуман, кўпчилик иштирокида тайёрланади ва бу жараёнда кишилар ўртасида меҳр-оқибат, эзгулик муносабатлари мустаҳкамланади. Сумалак солинган дошқозон тонггача қайнайди. Аёнки, бунга анча-мунча ўтин ёқилади. Шунинг учун одамлар дошқозон осилган ҳовлига бир боғ, ярим боғдан, ишқилиб, ўтинга ҳам ўз улушларини қўшадилар. Бу арзимасдек кўринган ҳаракат остида жуда улкан маъно - халқнинг биргалашиб ҳаракат қилишга нону тузини, топган-тутганини бирга баҳам кўришга интилиш мужассам.

Сумалак сайлининг яна бир ўзига хос томони шундаки, қозондан чиққан таомга бутун маҳалла, қўни-қўшни, узоқдаги қариндош-уруғ, эҳтиёжманд кишилар, беморларнинг ҳам оғзи тегади. Халқимизнинг бу ўлмас удуми ҳам бежизга эмас. Бир қозондан таом еган кишиларни меҳр ришталари янада қаттиқроқ боғланади.

Наврўз - меҳр-оқибат байрами

Наврўз билан боғлиқ ҳар бир маросим ва тадбирлар одамларни янада бир-бирига яқинлаштиришга, улар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Наврўз айёми муносабати билан уюштириладиган от ўйин, чиллак, қўғирчоқ ўйин, лапар айтишувлар, кўпкари, кураш, гул сайли, қадимий таом ва пишириқлар тайёрлаш сингари анъаналар ҳам одамларни бир-бирларига яқинлаштиради.

Ҳа, Наврўз меҳр-мурувват айёми. Қадим-қадимдан ушбу айём муносабати билан мурувватли кишилар томонидан эҳтиёжмандларга, бева-бечораларга ёрдам кўрсатилган. Бугун ҳам ана шундай хайрли анъаналар, эзгу ишлар давом этаётгани, қолаверса, янада кенгроқ мазмун касб этаётгани халқимизнинг ҳамиша меҳридарё, бағрикенг халқ эканлигидан нишонадир. Наврўзда дилхираликлар, аразу гиналар унутилади, ўксик кўнгилларни шод қилиш билан эл бирга тантана қилади.

Наврўз байрамларнинг энг гўзали, маликаси. Унинг ташрифи муносабати билан хафагарчилик, гина-кудуратлар унутилади. Кўнгил янги орзу-умидлар, юксак мақсадлар сари парвозга ошиқади. Юртга хушнудлик, хурсандчилик, самимий ўйин-кулгулар ярашади. Азиз юртдошлар, мана шундай қутлуғ айём - Наврўзи олам муборак бўлсин. Сўз мулкининг султони Ҳазрат Алишер Навоий айтганидек:

Ҳар тунинг Қадр ўлубон,

Ҳар кунинг ўлсун Наврўз...

Умида АЗИЗ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди