Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№14 дан: 03.04.2014

ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ

БОШДА ДЎППИМ ФАХР ЭТАРМАН...

Маҳалламиздаги уч-тўрт қўшни аёллар моҳир дўппидўз эдилар. Онам ҳам ён қўшнимиз Махпиратхон аядан (раҳматли) қизларнинг "нозик дўппи"сини тикишни ўрганган эди.

Уй юмушлари, болалар тарбиясидан ортиниб бўш қолди, дегунча қўлига дўппи оларди. У вақтларда қизларнинг сепига дўппи солиш урф эди. Албатта, уларнинг орасида "нозик дўппи" деб марварид дўппилар расм бўлганди. Онам ҳам қизларнинг сепига солинадиган марварид дўппи тикарди. Биз тўрт опа-сингил онамизнинг ёнига кириб, шу ҳунарни қизиқиб ўргандик. Талабалик пайтимда ҳам алоҳида меҳр билан ўзим учун дўппи тикиб кийиб борганман. Ўшанда сочларимни қирқ кокил қилиб ўрдириб, бошимдан дўппини узмасдим. Ўқишга кириб олганимдан кейин устозларимиздан бири "қизим, сенинг қирқ ўрим сочингу дўппида келган кунинг" (яъни ҳужжат топширган кунимни айтмоқчи) кўз олдимдан кетмайди, деб кўп гапирарди. Ҳатто курсдош қизлар дўппимга маҳлиё бўлишарди. Сепимга солинадиган нозик дўппини ҳам ўзим тикканман. Ҳалигача уйимизда сақланиб туради.

Йиллар ўтди. Бирин-кетин қизли бўлдим. Қизларим боғчага қатнай бошлаганда уларга бежиримгина қилиб нозик дўппи тикиб бердим. Тўрт томонида шангул-шунгил мунчоқлари бор. Кўрганлар ҳавасланиб уларга қараб қўярди. Чунки бу даврга келиб кўпчилик дўппи киймай қўйганди. Болаларнинг бошида ҳам дўппи кўринмасди. Шунда бир онахон ёнимга келиб "қизим, бу дўппини қаердан сотиб олдингиз, бунақа дўппиларни кўп ва хўп кийган эдик. Бу дўппи менга ёшлигимни эслатди", дея дўппини қўлига олиб, узоқ тикилиб қолди.

Ҳа, дўппи бу - миллийлигимиз рамзи. Бир зум бошимизда киймай қўйган дўппиларимиз истиқлолга эришганимиздан кейин яна урфга айланди. Айниқса, қизларнинг эгнидаги атласу, адрасдан тикилган либослар билан ял-ял ёнган қизларимизнинг бошидаги ироқи, нозик дўппилар кўрган кўзни қувнатади. Бугун қай гўшага қараманг, қадриятларимиз улуғланаётганининг, миллий одат ва анъаналаримиз урфга кираётганлигининг гувоҳи бўласиз.

- Дўппи кийиб юрганимдан бери уйимиздагилар ва маҳалла-кўйдагилар менгга ҳавас билан қарашадиган бўлиб қолишди, - дейди коллеж ўқувчиси Моҳира. - Авваллари дугоналаримга эргашиб сочимни кестириб юрганимда бувим уришиб берганди. Ўзбек қизига ўхшаб сочингни ўрдириб, дўппи кийиб юрсанг, сенгга жуда ярашади, деб бувим кўп айтди. Бувим айтгандай йўл тутдим. Энди ўқишга ҳам дўппи кийганимни кўриб, "бўлар эканку, мана энди ўзингга ўхшадинг, қизим", деб минг айланиб ўргилади. Ўзимга ҳам дўппи кийиш ёқаяпти. Катталарнинг айтган гапларида ҳикмат кўп экан.

Тўғри, бугун дўппи кийган қизларни ҳамма ҳам бирдай қабул қилавермайди. Дўппи кийган қизлар устидан куладиганлар ҳам бор. Ўзларини замонавий, маданиятли деб биладиган бу каби инсонлар халқимиз қадриятларини хурмат қилмайдиганлардир. Миллийлигимиз рамзи бўлган дўппини қадрига етмаган киши ўзлигини унутган инсондир.

Ҳар куни ишга отланар эканман, йўл четида жойлашган Олтинкўл маиший касб-ҳунар коллежи томон ошиқаётган қизларга кўзим тушади. Ўқувчи формасидаги қизларнинг бошида дўппи. Ўтган-кетганнинг ҳаваси келади. - "Кийса бўлар экан-ку", - дейди ҳамроҳларимдан бири кекса ёшли онахон. - Уларга қараб ёшлигим ёдимга тушади. Биз ҳам бошимиздан дўппини қўймасдик. Юртбошимизга, ҳукуматимизга раҳмат! Ўзлигимизни, қадриятларимизни қайтариб берди.

- Куни-кеча бўлиб ўтган Наврўз миллий байрамимизни кўриб кўнглим яйради, - дейди ҳамкасбларимиздан бири. - Қизлар миллий либослару дўпписи билан байрамга ярашиқли бўлди. Ҳақиқий байрам бўлди, ўзиям.

Бозорларимизда эса дўппидўзларнинг бозори чаққон. Оналар хеч бир оғринмай қизларига дўппи сотиб олади. "Ўқитувчилари дўппи кийиб юрсангиз жуда маъқул бўлади, деяётганмиш, албатта, олиб бераман, дедим", - дейди қизига дўппи кийдириб олаётган жувон.

Бугун қизларнинг ҳунар ўрганишга иштиёқлари баланд. Ўн икки йиллик таълим тизимида ўқувчи қизлар ҳам ўқиб, ҳам ҳунар ўрганишмоқда. Уларнинг нозик бармоқларига ип-игна олиб, дўппи тикаётганини кўриб, шундай ўйлар хаёлимдан кечди: дўппи метин иродаю, кучли сабр-бардош, олий ички туйғулар ила бунёд бўладики, уни инсон бежиз азиз бошларида кўтариб, эъзозламайдилар.

Халқимиз бежизга азиз меҳмонга, энг яқин кишиларига дўппи совға қилмайди. Чунки миллий бош кийимимиз дўппи доимо одамлар, яқинлар ўртасидаги меҳр ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Қизларимизнинг, йигитларимизнинг бошида дўппи кўрсак, миллийлигимиз бўлган дўппини янада улуғлагимиз келади.

Бошда дўппим ифтиҳорим,

ғурурим,

Миллий фахр нишонаси,

сурурим,

Соч ҳуснига ҳусн қўшган

зар-нурим,

Қирқ кокилга ярашасан

товланиб.

ЗУМРАДХОН .


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди