Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№14 дан: 03.04.2014

ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК - УЛУҒ НЕЪМАТ

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, У зот барчаларимизга беҳисоб неъматлар берди. Айниқса, бизларга инъом этилган тинчлик ва мустақиллик неъмати энг улуғ неъматлардандир.

Бугун диёримизнинг шаҳар ва қишлоқлари кундан-кунга чирой очиб, кўркам бўлиб бормоқда. Қолаверса, боғ-роғлар яратилиб, янги ва замонавий бинолар қад кўтармоқда. Ватанимиз тинч, осудалиги учун ҳам миллий байрамларимиз кенг нишонланиб, миллий қадриятларимиз улуғланмоқда. Ушбу иноятлар учун шукрона келтирмоғимиз даркор. Зеро, Парвардигор шукр қилувчиларни хуш кўради ва ана шу бандаларига неъматларини яна ҳам зиёда қилиб беради. Қуръони Каримда таъкидланганидек: "Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: "Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрлик қилсангизлар, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир" ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Ватанимизнинг тинчлигида ўз навбатида ҳукуматимиз, юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати ҳам муҳим ўрин тутади, десак асло муболаға бўлмайди.

Бизлар учун табаррук бўлган уч сўз бор. Улар - имон, Ватан ва истиқлолдир. Имон бу - Аллоҳ ва унинг Расулига ишониш, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиб, унга итоат этиш дегани. Ватан эса бу - киндик қонимиз тўкилган муқаддас заминдир. Истиқлол - озодлик ва хурлик демакдир. Озод эканмиз, ҳаётимиз тинч ва фаровондир. Ана шу уч неъматни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз бизларнинг энг улуғ бурчимиз ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в) ҳам жуда кўп ҳадиси шарифларида тинчлик улуғ неъмат эканлигини ва ҳар бир инсон унинг қадрига етиши лозимлигини баён қилганлар. Яна "Икки неъмат борки кўпгина одамлар унинг қадрига етмайдилар - сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир" дея таъкидлаганлар.

Дарҳақиқат, мустақилликка эришганимиздан сўнг, муқаддас Ислом динимизга бўлган ҳурмат ва эътибор мустаҳкамланди. Жумладан, Юртбошимиз ҳам Ислом дини ҳақида қуйидаги пурмаъно фикрларини баён қилган: " ... ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини унутмайлик. У қуруқ ақидалар йиғиндиси эмас. Ана шу маърифатни кишиларимиз жон-жон деб қабул қиладилар ва яхши ўгитларига амал қиладилар". Хусусан, "Дин бизнинг қон-қонимизга, онгу-шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди".

Ҳикоя қилишларича, бир куни подшоҳ саройидаги хазинага ўғри тушибди. Ўғри хазинадаги бойликлардан бир нечта халталарга жойлайди. Бироқ саройдан ҳеч вақо олмасдан қайтиб кетади. Бўлган воқеани соқчилардан эшитган подшоҳ: хазинамга ким кирган бўлса, ҳузуримга келсин, уни авф этаман, дея жарчиларига эълон қилишларини буюради. Сўнгра подшоҳнинг ҳузурига бир ёш йигит келиб хазинага тушган ўғри ўзи эканлигини айтади. Шунда шоҳ хазинадан нега биронта ҳам олтин олмасдан чиқиб кетганлигининг сабабини сўрайди. Йигит шундай жавоб беради: - Менинг онам касал. Дори-дармон олгани эса пулим етмайди. Нима қилишни билмай охири хазинангиздан ўғирлашга қарор қилдим. Бойликлардан керагича халталарга жойлаштириб, кетмоқчи бўлиб турганимда, қопда турган оқ майда нарсага кўзим тушди. Нима эканига қизиқиб, ялаб кўрсам, туз экан. Шу пайт онамнинг "Тузини еб, тузлиғига тупурма", деган насиҳатлари ёдимга тушди. Мен ҳам мана шу халқнинг фарзандиман, шу юртда туз-насиба ейяпман, Ватаним ҳаққига хиёнат қилишни хоҳламадим.

Подшоҳ йигитнинг гапларидан таъсирланиб, унга олтин ва кумуш тангалар, онаси учун эса совға-саломлар берибди.

Дарҳақиқат, динимиз, ота-боболаримиз ҳам бизни ҳалол ва покликка ундайди. Ота-она, яқин қариндошларга мурувватли бўлиш кераклигини, туғилиб ўсган Ватанини эъзозлаш ва тинчликнинг қадрига етиш кераклигини кўп бора таъкидлайдилар. Иншооллоҳ, бизнинг ўзбек халқи меҳр-оқибатли, меҳмондўст, ватанпарвар ва миллатпарвар халқдир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, дунёнинг турли жойларида, турли давлатларда табиий офатлар рўй бераётган, урушлар бўлаётган, айрим халқлар очлик ва ночорликда яшаётган бир вақтда юртимиздаги тинчлик-осойишталикка, тўкин ва фаровонликка ҳар қанча шукр қилсак арзийди.

Албатта, элимиз аҳилликда, оилаларимиз тинч-тотувликда, имон билан ҳаёт кечираётгани боис, Аллоҳнинг раҳмати ва барокати ёғилиб, Ватанимиз кундан-кунга юксалиб бормоқда. Демак, ҳар биримиз тинчлик ва хотиржамлик неъматларини қадрига етиб, Ватан равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Аллоҳ таоло ҳамиша юртимизни тинч қилсин, қалбларимизни имон нурига, шукроналик туйғусига ошно қилсин. Барчаларимизга ана шундай бандалар қаторида бўлишлик насиб этсин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

"Абу-Хурайра" жомеъ масжиди имоми.

Одилжон ҚОСИМОВ,

Андижон шаҳридаги

"Уйғур" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди