Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№15 дан: 10.04.2014

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

ҲАЁТДА СУЯНЧИНГ БЎЛСИН ЭКАН

Эри автоҳалокатга йўлиқди-ю, унинг тоғдек ўрни, айниқса, шўрпешона аёлига билиниб кетаяпти. Рўзғор юмушлари-ку ўз йўлига, аммо улғаяётган болалар ташвиши, чол-кампирнинг қош-қовоғи... Майда-катта ташвишлардан толиққан аёл кейинги вақтларда "Сенлардан ўлиб қутуламанми?" дейдиган бўлди. Нима қилсин, сабрнинг ҳам туби бор-ку?!

- Отанг ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди? Бошини ташвишдан олди-кетди, балои гирифтор яна ўзимман. Биринг гап билан чақасан, биринг даф қилиб турасан, - Саида фиғон чекди.

- Болам нима кун кўрибди, сен-ку, ўлмасанг кўрарсан, - Меҳринисо кампир оғир хўрсинди. - Намунча нолимасанг, келин. Аслида навбат меники эди, нима қилай, пешонага ёзгани...

Саида қайнонасини ичкарида бўлса керак, деб янглишган экан, кампир ҳали шом намозига кирмабди. Мулзам бўлиб, сут соғиладиган челакларни даранглатиб, молхонага қараб юрди. "Қара-я, ҳамма шим-костюм кийса, мен киймайманми, дейдими? Ҳов, оғзингга қум тўлмагур, сени авлод-аждодингдаги хотин зоти шим кийганми ўзи? Биттанг телефон дейсан, биттанг шим, биттанг яна алламбало! На чол-кампирнинг нафақаси, на меники етади сенларга! Икир-чикир тўловлар ҳам бўйнимда".

Аёл бузоқни арқонидан ечиб, бир эмиздириб олди-да, ийдириб бўлгач, хаёл оғушида сут соғишга тушди.

"Ўзи онам мени фақат меҳнатга туққан экан-да? Уй-рўзғор, молу-ҳол, боғу роғдан ортиб, одатдагидай меҳмонма-меҳмон юрганимни эслолмайман. На онамни, на қариндошни йўқлашни биламан. Борсанг келар экан, боравермагач, бошқалар ҳам йўқламайди. Мен билан бир қишлоқда яшайдиган синглим Мунисаям ойда бирров келиб кетади. Қайнонамдан тортинса керак-да..."

Челакдаги сутни сузиб, дорга осган Саида намозини ўқиб бўлиб, молхонада ивирсиётган қайнонасига кўзи тушиб ғижинди:

- Яна текширувчилик қилади.

- Келин, молнинг бошвоғини сира яхши бойлашни ўрганмадинг-да. "Курмакбоғ"ини билмасанг, қилган ҳамма ишинг ҳаром. Ахир жонивор қимирласа, ҳаром ўлади-ку, бўғилиб. Илгари ҳам янги келинга сигир соғдиришдан олдин уни боғлашни эплайдими-йўқми, деб синаб кўришган.

Саида қайнонасининг гапини эшитмаганликка олди. Эри ўлгандан бери молхона-ю, чорбоғ юмушлари унинг бўйнида. Яхшиям, ёзда ем-хашакни ёлғизгина иниси жиянларини олдига солиб йиғиб беради. Ўғли ўлгач, қайнонаси ҳам ўзгарди. Бўлар-бўлмасга келинидан нуқсон қидирадиган, набираларини жеркадиган одат чиқарди. Унинг баъзи гаплари Саидани тешиб ўтар эди.

- Қўявер, унгаям осонмас, - дея овутарди онаси. - Ахир қарчиғайдай ўғлини ерга бериб қўйди, жигар-бағри эзилиб битади-да.

- Қўйинг, она, Аллоҳнинг иродасига қарши бориб бўладими?

- Тўғри, лекин барибир қарияларни аягин, болам, эртага ўзинг ҳам қарийсан...

Уззукун майда юмушлардан тинмай ҳориган Саида кечки овқатни еясолиб, ер бағирлаб ётгиси келди. Аммо қозон-товоқ дегандай... Бу йил мактабни тугатаётган қизи кимга тортди билмайди, на онасига қарашади, на акасига... Такасалтанг. Ҳайиқадиган отаси йўқ. Онаси урушгудек бўлса, бувиси билан буваси қовоқ солиб олади. Ўғли ҳам бинойидек уй ишларига қарашиб турарди, энди бўлса, эртадан то кечгача кўчадан бери келмайди. Қийин-қийин, Саидага қийин бўлди.

Кенжаси кўричак бўлиб қолди-ю, Саиданинг ташвиши кўпайди. Яхшиямки, инсофли дўхтир йўлиқди, бир дунё дори-дармонни ёзиб берган ҳамширанинг қоғозини йиртиб ташлади-да, рўйхатни бошқатдан ёзиб берди. Шўрликнинг чиқими анча камайди. Лекин ўша операция куни гавдаси - дол, юраги тўкилиб кетди наздида.

Жарроҳлик хонаси эшиги олди-да дир-дир титраб турган аёлни ҳамшира ташқарига чиқариб юборди. Кейин дўхтирлар... Аммо она кўнгли болада эмасми, кошки фарзандидан узоқлашса...

Эрталаб жарроҳлик столига ётқизилган болани, муштипар онани кечгача бирор кимса йўқлаб келишга ярамади. Боласи чойу нон сўради, яхшиямки, ҳамхоналар инсофли экан, сийлаб туришди. Бозорчага чиқай деса, чўнтаги бўш. Саида эшикка термулиб ўтиришга мажбур бўлди.

"Отаси бўлганида..." бу ўкинч унинг ичини неча бор ёндириб ўтмади, дейсиз?

Ҳа, ҳаётда суянмоқ учун бир қоянг бўлсин экан. Қоянг бўлса, унга ҳам соя ташлайдиганлар топилади. Аммо барибир, мўрт бўлсаям, бўлгани созда! Бағри бутлар бағри хунни тушунишмайди. Бемеҳрдан меҳр тилаш беҳудалигини илғаб-илғамай яшаётган аёлнинг хаёлини ҳамширанинг овози бузди:

- Ташқарида қайнонангиз кепти....

- Ойим, - аёлнинг кўнгли ёришиб ўрнидан даст турди. - Ўзимни ойим, сизни яхши кўраман!

Аёлнинг дилидан ўтган гаплар беихтиёр тилига кўчди: "Илоҳо, умрингиз узун бўлсин, ойи, раҳмат сизга."

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди