Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 01.05.2014

БИЗНИНГ СУҲБАТ

ҚИЛАДИГАН ИШЛАРИМИЗ ЖУДА КЎП...

Саодатхон РАСУЛОВА - вилоят бош отинойиси. Узоқ йиллар Балиқчи туманида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган. Тумандаги 39-умумтаълим мактаби директори вазифасидан нафақага чиққан. Яқинда С. Расулова вилоят бош отинойиси вазифасига тайинланди. Қуйида у киши билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Бугун биз маҳалла деган маскан ҳақида кўп гапириш билан бирга, унинг имкониятлари нақадар катталигини англаб етдик. Маҳалла ва оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маҳалла фаоллари қатори отинойилар масъулияти ҳам катта. Шундай эмасми?

- Албатта. Мустақиллик бизга динимизни қайтариб берди. Авваллари отинойилар фаолиятига умуман, эътибор қаратилмаган. Ҳар бир маҳаллада отинойилар ўзлари билганча иш юритганлар. Бугун эса маҳалладаги маънавий муҳит, юрт осойишталиги учун масъул шахс сифатида бизнинг зиммамизга қатор вазифалар юкланган. Шу йил апрель ойида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси ташаббуси билан республикамизнинг барча вилоятлари бош отинойилари учун ташкил этилган ўқув семинарда иштирок этдим. Анжуманда олимлар, республика даражасидаги раҳбарлар, таниқли сиёсатчилар суҳбатида бўлдик. Олдимизда турган муҳим вазифалар хусусида фикрлашдик. Семинарда иштирок этиб, билимларимизни янада бойитиш, ўқиб, ўрганиш кераклигини англаб етдим.

- Вилоят бош отинойиси сифатида дастлаб ишни нимадан бошладингиз?

- График асосида шаҳар ва туман отинойилари учун ўқув семинари ташкил этдик. Унда "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди ҳамда Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги билан биргаликда қилинадиган ишларимизни белгилаб олдик. Шу аснода туман ва шаҳар отинойиларининг ишлари билан танишиб, мавзулар доирасида суҳбатлашдик. Вилоятдаги 361 нафар отинойнинг билимларини ошириш, фаолиятини такомиллаштириш учун чора-тадбирлар белгиланди.

Маҳаллалардаги норасмий отинойилар, яъни етарли диний, дунёвий билимларга эга бўлмаган, лекин маҳаллалардаги турли маросимларда бевосита иштирок этувчи тоифа вакиллари билан иш олиб бориш, уларнинг фаолиятини тартибга солиш борасидаги ишларини режалаштирдик. Шаҳрихон ҳамда Хўжаобод тумани отинойиларининг ибратли ишлари, илғор иш услубларини оммалаштиришга келишдик.

- Бугун маҳаллада ўтказилаётган турли маросимларда отинойиларнинг роли катта. Кераксиз урф-одат, ортиқча маросимларга чек қўйиш учун нималарга эътибор бериш керак?

- Дарҳақиқат, маҳалладаги тўй-тўркин, маърака-маросимларини ўтказишда отинойининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Турли маросимлар, айниқса, инсоннинг оламдан ўтиши билан боғлиқ маросимларни тартибга солиш муҳим масала. Яқинда топармон-тутармон бир йигитнинг онасига қилган маъракасига бориб, гўё мусибатхонага эмас, бир базмга келгандек бўлдим. Дастурхоннинг тўкинлиги, овқатларнинг хилма-хиллигидан ҳайратга тушдим. Ҳатто, келгувчиларга материал тарқатилиши, кетар чоғда уларга "пешдастурхон" улашилишини кўриб, чидаб туролмадим. - Тўй билан азани аралаштириб юборяпмиз,- дедим уй бекалари-ю, йиғилганларга қараб. - Бундай тўкин дастурхону, урф-одат дея келган-кетганларга матерал бериш, дастурхонимизни қаппайтириб кетиш бу ҳеч қаерда ёзилмаган қонун. Уни ихчамлаштириш ўрнига "урф" дея бир-биримизга эргашиб, бундай ҳолатга мослашишимиз дуруст эмас. Ўша куни издиҳомда қатнашган аёлларга қилаётган ишимиз яхши эмаслигини, на динимиз, на жамиятимиз қонун-қоидаларига тўғри келмаслигини айтдим. Минг афсуски, мени айримлар тушунишни истамади. Бундан кўринадики, опа-сингилларимиз орасида тарғибот ишларини кучайтиришимиз керак. Шундай пайтда диний ва дунёвий илмга эга бўлган отинойиларнинг қатъий сўзи, бу каби салбий ҳолатларга қарши шахсан ўзи намуна бўлиши керак. Турли издиҳомларда ўз айтар сўзимиз, амал қилишимиз керак бўладиган одатларимиз ҳақида одамларга тўлақонли тушунча бера оладиган бўлишимиз лозим. Шунинг учун жойлардаги отинойилар билан кераксиз маросимларга чек қўйиш, аҳолига ҳам буни тушунтиришимиз лозим. Шундагина ортиқча даҳмазаларга ўрин қолмайди.

- Маърака, маросимларда кимўзарликка берилиш ҳолатлари асло камаймаяпти. Бу ҳақда нима дейсиз?

- Муқаддас динимиз ҳамжихат, барқарор ҳаёт кечирмоқ учун энг аввало, тежамкор бўлиш, исрофдан сақланишга буюради. Исрофгарчиликка йўл қўйиш, ислом шариатига зиддир. Хусусан, Қуръони Каримдаги оятларда ҳам "Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар", дейилади. Демак, ушбу оятдан тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Ота-онани қўлдан келганча тириклигида қадрлаш керак. Дунёдан ўтгандан кейин ҳар қанча дабдаба қилиб, одамларга ош тортишнинг фойдаси йўқ. Марҳумнинг учи, еттиси, йигирмаси, эллик иккиси каби маросимларни ўтказиш динимизда айтилмаган. Ҳаммамиз биламиз, марҳум хонадонида уч кун мотам тутилади. Шу муддатда бу уйда қозон осилмайди. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни баҳоли қудрат турли хил овқатлар олиб чиқишади. Керакли маросимлар шу уч кун ичида бўлиб ўтади.

- Салбий ҳолатларни бартараф этишда нималарга алоҳида эътибор бериш керак?

- Бунинг учун биз отинойилар маърака, маросимларда юрганимизда аҳоли ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак. Оила мустаҳкамлигини таъминлашда эр ва хотиннинг муносабатлари, қизларни эрта турмушга бериш, ноқонуний турмуш ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтириб боришимиз лозим. Шунингдек, юқорида тилга олганимиздек, маросимларимизни ихчам ва камчиқим ўтказишда биз отинойилар ўзимиз шахсий ибрат кўрсатишимиз керак.

Шундагина ўз олдимизга қўйган мақсадга эришамиз.Бу борада қилинадиган ишларимиз ҳали жуда кўп.

- Суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош:

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди