Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№19 дан: 08.05.2014

"СУРОНЛИ УРУШ ЙИЛЛАРИ ЭРТАККА ЎХШАЙДИ"

- ДЕЙДИ ХЎЖАОБОДЛИК ОНАХОН

ЎҒИЛХОН МОМО ҚАЮМОВА.

Бугун орамизда иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, фронт ортида меҳнат қилган онахон ва отахонларимиз яшамоқда. Уларни йўқлаш, холидан хабар олиш, қадрлаш ва эъзозлаш биз авлодларнинг бурчи ҳисобланади.

Ана шундай табаррук момоларимиздан бири Хўжаобод тумани, Бешкарам маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Ўғилхон момо Қаюмовадир. Унинг айни болалик ва ўсмирлик даври иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Ўша йиллари онахон эндигина 14 ёшга тўлган, тенгдошлари билан қийин ва оғир кунларни бошидан кечирган.

Ана шу оғир даврлар халқимиз, айниқса, опа-сингилларимиз учун ниҳоятда оғир кечган. Муштипар аёлларимиз не-не машаққатларни сабр, матонат билан енгиб ўтдилар.

Севимли шоиримиз М. Юсуф барча синовларни сабр-тоқат билан енгиб ўтган ўзбекнинг қиз-аёлларига қарата қуйидаги мисраларни ёзганида, нечоғли ҳақ эди:

Қирқ йил қирғин бўлса ҳам

Ўз аҳдида туролган.

Ўзбекнинг хотинлари

Тоқат учун яралган.

Сабр-бардош ва метин ирода билан қутлуғ кунларни интиқиб кутган Ўғилхон момо уруш йиллари, ундан кейинги даврларда ҳам сидқидилдан меҳнат қилди. Хўжалик, оила юмушларидан бўшаган пайтларида эса тикувчилик ҳунарини ўрганди. Бу ҳунар бутун умри давомида унга ҳамроҳ бўлди. Ёшлигидан меҳнатда тобланганлиги учун ҳам ҳозирда бўш ўтиришни истамайди. Қўлига игна, ип олиб набира ва чевара қизларининг сарпосига кўрпа-тўшак қавийди.

- Тонг саҳардан то тунгача тиним билмай меҳнат қилардик, - дейди онахон ўтган йилларини хотирлаб. - Ўша кезлари кунларимиз очарчилик ва қашшоқликда ўтган. Жанубий Фарғона канали қурилишида ишчи бўлиб хизмат қилганман. Тупроқ ташиш, зовур ковлаш каби оғир ишларни бажариш ҳам биз аёлларнинг зиммасига тушган эди. Энди бу қийинчиликлар бари тушга ўхшайди. Бугунги кунда болаларимиз, набираларимиз тинч ва осойишта замонда яшамоқдалар. Бунинг учун тангрига шукроналар келтираман.

Ҳаётнинг машаққатли кунларини бошидан ўтказган момо турмуш ўртоғи (раҳматли) Қобилжон ота билан 6 нафар фарзандларини ўқитишди, ҳунарли қилишди, камолга етказиб, уйлаб-жойлашди. Ҳозирда момо 24 нафар набира, 34 нафар чеваранинг севимли бувижониси.

Қутлуғ ёшга етган онахонни тез-тез маҳалла раиси, фаоллари йўқлаб, ҳолидан хабар олишади. Шунингдек, қўни-қўшни маҳалладаги ёшлар ва катталар уларнинг дуоларини олиш учун зиёратга келиб туришади.

Бугун биз ёшлар мана шундай онахонларнинг, мард-жасур отахонларнинг заҳматлари туфайли чиройли ҳаёт кечиряпмиз тинчлигимиз барқарор. Осуда ва фаровон кунларимиз учун курашган уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган кишиларнинг матонати ва жасорати олдида бизлар ҳамиша бош эгамиз, уларнинг оғир ва матонатли ҳаёт йўллари биз ёш авлод учун ибрат мактабидир.

Хосият СИДДИҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди