Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№20 дан: 15.05.2014

МУЛОҲАЗА

ТЎЙ - ХАЛҚИМИЗНИНГ ЎЛМАС ҚАДРИЯТИ

Қадимдан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган турли маросим, урф-одат ва анъаналар халқимизнинг қадим тарихига бориб тақалувчи бебаҳо маънавий мероси, қадриятлари, улкан маънавий бойлигидир. Юртимиз мустақилликка эришгач, ана шундай маънавий бойлик ва қадриятларимизни тиклаш, мазмунан янада бойитиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, умуман, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, эзгулик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи, юрт ободлиги ва фаровон ҳаётнинг рамзи бўлган тўй ҳам халқимизнинг ўзига хос қадриятларидан биридир. Бироқ, кейинги йилларда маърака ва бошқа турли маросимларда бўлгани каби тўй-ҳашамларни ортиқча дабдаба билан ўтказиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар илдиз ота бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги "Тўй- ҳашамлар, оилавий тантаналар, дафн маросимлари, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида"ги Фармони кўпчиликни ташвишга солаётган ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбек халқининг тўй маросимлари жуда гўзал, мазмунан ранг-баранг, ҳар бир ҳудудда ўтказиладиган тўйларнинг бир-бирига ўхшамайдиган ҳусусиятлари, расм-русумлари мавжуд. Бу эса халқимизнинг қадим анъаналари, маънавияти қанчалик бой эканлигини кўрсатади.

Ҳаётимизда тўйлар билан боғлиқ маросимларнинг ихчамлашиши, камайиши ўрнига айрим ҳолларда меъёридан ортиқ кўпайиб бораётганлиги кўпчиликни ташвишга солади. Хусусан, никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимлар: совчи кутиш, қиз кўрди, уй кўриш, оқлик бериш, эшик очди, унаштириш, фотиҳа тўйи, маслаҳат оши, кичик маъзар, катта маъзар, фатво тўй, сабзи тўғраш, уй безаш, қиз базми, никоҳдан ўтиш базми, эркаклар учун наҳор оши, аёллар учун базм, кечки никоҳ базми, юз очди, "кийим кўрди", келин чақириқ, маъзар бериш, куёв чақириқ, қуда чақириқ, келин йўқлов, келиннинг биринчи ва иккинчи ҳайити каби маросимлар шунчаки ўтказилмайди, балки улар негизида қанчадан-қанча оворагарчиликлар, ортиқча сарф-ҳаражатлар туриши барчага яхши аён. Тўғри, айни кунда турли давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари томонидан никоҳ тўйи, умуман, тўй билан боғлиқ турли маросимларни ихчамлаштириш, айримларини умуман, ўтказмаслик ёҳуд бир нечтасини бир қилиб ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ айримларнинг ўзини кўрсатишга уриниши, манманлик, "мен сендан камми?", "ким ўзарга" иш тутиши туфайли кўзланган натижага эриша олмаяпмиз.

Қадимдан қизларни сеп, маълум бисот билан турмушга бериш ота-онанинг бурчи ҳисобланган. Бу, албатта, яхши одат. Чунки ёш оила моддий томондан ўзини тутиб олгунга қадар ота-онанинг берган бисоти ёш оилага асқотади.

Лекин ушбу қадриятни нотўғри талқин этувчи баъзи ота-оналар томонидан ҳаддан зиёд кўп сеп-сидирға қилиш ҳолатлари сохта шуҳратпарастлик, манманлик, ўзини ўзи кўз-кўз қилишдан бошқа нарса эмас. Ота-онанинг ўғилга данғиллама ҳовли-жой, машина, уй-рўзғор жиҳозларини, қизга эса керагидан ортиқча кийим-кечак, уй анжомлари, мебель, тилла ва бошқа турли зеб-зийнат, тақинчоқлар, ҳатто, машина, уй тортиқ қилиши, аввало, ана шу ота-онанинг маънавий қашшоқлигини кўрсатади. Қолаверса, бу ҳол ёш келин-куёвни келажак ҳаётга, оилани моддий ва маънавий мустаҳкамлашга бўлган интилишига путур етказади, ҳаётга лоқайд қарашга, меҳнатни севмасликка олиб келади.

Меҳнатсиз келган бойлик қадрсиз бўлиши ҳамма учун бирдек тушунарли, у ҳеч қачон инсонга тахт бўлса-да, бахт бўлолмайди. Бундай дабдабабозликлар оммавий тус олиши эса имконияти йўқ оилаларни қийин аҳволга солиб қўймоқда, баъзан оилаларнинг пароканда бўлишига ёки бузилиб кетишига ҳам сабаб бўлаётгани ачинарлидир.

Масалан, "кийим кўрди" ва шунга ўхшаш маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатувчи одатларга барҳам бермоқ зарур. Бу одатлар кўп ҳолларда қудалар ўртасида нохуш ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Марказимиз томонидан ўтказилган "Тўйгача ва тўйдан кейинги олди-бердиларнинг оила мустаҳкамлигига таъсири" мавзусидаги социологик тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатдики, ўрганилган 75 та оилада тўйгача бўлган олди-бердилар 23 та оилада нохуш ҳолатни келтириб чиқарган, тўйдан кейинги олди-бердилар эса 56 тасида ўзаро келишмовчиликларни юзага келтирган, ҳатто 2 та оила ажрашишгача бориб етган.

Жамиятимизда ҳукм сураётган бозор иқтисодиёти шароити турмушимизни, ўтказаётган ҳар қандай тадбир ва маросимни ақл-идрок, тежамкорлик, тадбиркорлик билан ўтказишни талаб этади. Чунки кераксиз, зарур бўлмаган нарсаларга маблағ сарфланиши оилани қийин иқтисодий аҳволга солиб қўйишини ҳар бир ота-она, балоғат остонасида турган йигит-қиз чуқур англаб етмоғи зарур.

Баъзан эса никоҳ тўйларида нафақат сеп-сидирға, балки меҳмонларга ҳаддан ташқари кўп таомлар тортиш, ичимликлар, айниқса, спиртли ичимликлар қўйилиши натижасида ўсмирлар, камдан-кам бўлса-да, аёлларнинг истеъмол қилиши, исрофгарчиликлар, ярим тунгача одамларнинг тинчлигини бузувчи мусиқа сурони, ўйинга тушаётган киши устидан пул сочиш, келин-куёвни рақсга тушириш, қудалару амма-холаларни қайта-қайта даврага чорлаб рақсга тушириш, қистир-қистир эвазига бойлик орттириш илинжидаги айрим хонандалар томонидан ўйлаб чиқарилган одатлардир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ёш келин-куёвнинг даврада рақсга тушиши ҳам миллатимиз маънавиятига тўғри келмайди. Ёш келин ва куёв ўз ҳаёси, ибоси, ахлоқий хатти-ҳаракати билан одамлар қалбида сирли олам бўлиб қолмоғи лозим.

Мухтасар қилиб айтганда, никоҳ тўйларини ўтказишда юқоридаги каби иллатларга барҳам бериш, тўй билан боғлиқ расм-русмларни ихчамлаштириш ва асл мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш борасида маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик ҳамжиҳатликда иш олиб бориши лозим. Шундагина ўзимиз кутган натижаларга эриша оламиз.

Дилдорахон САМАТОВА,

"Оила" илмий-амалий маркази

вилоят бўлими директори.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди