Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№20 дан: 15.05.2014

15 МАЙ - ХАЛҚАРО ОИЛА КУНИ

ОИЛА - МУҚАДДАС МАСКАН

ЁҲУД "АЖРАШАМАН" ДЕГАН ЭР-ХОТИНЛАР БУ ФИКРИДАН ҚАЙТСИНЛАР.

Халқимизда азал-азалдан оила муқаддас, ундаги қадриятлар, анъана ва одатлар юксак тарбия манбаи сифатида

қадрланади. Элимизнинг урф-одатларига кўра, ўғил уйлантирадиган хонадон совчилик асосида фарзандига жуфт

қидиради.

Аксарият ҳолларда бўлғуси келинчак куёв бўлмишнинг яқинларига маъқул келсагина ёинки акси куёв бўлмиш қиз томонга ёқса, икки ёшнинг боши қовуштирилади. Бугунга келиб айрим кишилар миллий анъаналаримизга хос насл-насаби, феъл-атвори, оиласидаги маънавий муҳит, ўзаро муомала-муносабат, никоҳ остонасида турган ёшларнинг касбу ҳунарига қараб эмас, аксинча қуда бўлмишларнинг молиявий аҳволини ҳисобга олган ҳолда фарзандига жуфт танлашмоқда.

Бундай келишув орқали турмуш қурганларнинг никоҳи, минг афсуски, узоқ давом этмаётганлиги ачинарлидир. Ажралиш, оила бузилиши эса нафақат ана шу оила, балки жамият учун улкан фожеа. Болаларининг кўнгли билан ҳисоблашмай, моддиятни биринчи ўринга қўйиб, тўй қилган ота-онанинг фиғони фалакка чиқади, шундоқ ҳам изтиробда қолган фарзандини эзаверади. Юракка наштардай санчиладиган "битта эрни эплаб яшолмайсанми?!", "Эркак бўлиб битта хотинни уддалай олмайсанми?!" каби маломатлардан ёш оила эзилади. Уруш-жанжаллар орасида ўсаётган болаларнинг мунгли кўзларига қараш эса азобли.

Оиланинг бузилиши

фожиа…ми?

Ажралишга аҳд қилган эр-хотин ўзига эркак ёки аёл деб эмас, ота-она сифатида қарасин. Шунда оила масъулиятини теран англаб етади. Авваламбор, турмуш қураётган пайтда катта савдони мулоҳаза қилмоқ даркор. Улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асарида марғилонлик бой Зиё шоҳичи тилидан оила қуришни "Бу от савдоси эмас, умр савдоси, биродар" дея турмуш қуришнинг масъулияти нечоғли эканини таъкид этганлар.

- Оила муқаддас маскан, уни авайлаб-асраш жуда муҳим, -дейди Фуқаролик ишлари бўйича Асака туман суди судъяси Дилфузахон Раҳмонова. - Аввало, оила деб аталмиш даргоҳни қуриш учун унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши даркор. Оиланинг асосини эр ва хотин ташкил этади. Ҳозирги кунда айрим ёш оилалар соҳибу соҳибалари оиладаги тушунмовчиликлардан, бир-бирларини тушуна олмаётганликлари ёки "эр (хотин)им менга мос эмас", деган арзимаган баҳоналар билан ажрашиш учун судларга мурожаат қилишмоқда. Бу каби ҳолатлар оилавий ҳаётга, оила муносабатларига енгил қарашдан ўзга нарса эмас. Янада ачинарлиси, аксарият ҳолларда судда кўрилаётган муаммоларнинг ечими бор ва улар судда эмас, эр-хотиннинг ота-онаси, қудалар, маҳалла катталари даврасида бартараф этилиши мумкин бўлган муаммолардир.

Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш учун, энг аввало, фарзандларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш, қурилаётган оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ана ўша давомчиларнинг маънавиятини юксалтиришда оиланинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шахснинг ҳаёт тўғрисидаги илк тушунчаси, тасаввури биринчи навбатда оиласи даврасида шаклланади. Фарзанднинг феъл-атвори, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий қарашлар ота-онаси кўмагида пайдо бўлади. Яхшилик, меҳр-оқибат, ор-номус, андиша ва хайрихоҳлик, ўзгаларга эҳтиром билан муносабатда бўлиш тушунчалари ҳам оилада қарор топади. Шу боис ҳам оиладаги маънавий муҳит барқарор бўлиши учун интилиш, бу йўлда ота-она фарзандларига ҳар жиҳатдан ибрат бўлмоғи лозим.

Оилалар мустаҳкамлиги кўпроқ кимларга боғлиқ?

Оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбиясида оила катталарининг ўрни ниҳоятда беқиёс. Катта ҳаётий тажрибага эга, кўпни кўрган ана шу инсонлар ёшларни ҳар қандай вазиятда ҳам тўғри йўлга солишлари, мулоҳаза билан иш тутишга ундашлари муҳимдир. Қайнонанинг: "хотининг тарбиясиз, менга гап қайтаради", деб ўғил билан келин ўртасидаги муносабатларга совуқлик тушириши мулоҳазасизликдан ўзга нарса эмас. Бу гап насихат тарзида айтилса, келин ҳам ҳеч қачон гап қайтармасликка интилади.

Оила мустаҳкамлиги ҳақида фикр юритганда, маҳалланинг ролини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Чунки ҳар бир оила маҳалла деб аталмиш гўша бағрида яшайди, унинг илдизларидан сув ичади. Демак, қатор оила муаммоларини маҳалланинг ўзидаёқ ҳал этиш мумкин. Ҳозирда маҳалла йиғинлари қошидаги "Яраштирув комиссия"лари томонидан оилаларни мустаҳкамлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шу ўринда судларда ёш оилаларнинг ажрашиш бўйича ишлари кўриб чиқилаётганда яраштирув комиссиялари хулосалари ҳам, албатта, эътиборга олиниши лозим. Бу ўринда ҳеч бир судья ёки адвокат ўша оилани маҳалла ёки қўни-қўшнилари каби яқиндан билмайди. Шу сабабли никоҳдан ажратиш жараёнида нафақат МФЙ томонидан берилган хулоса ёки далолатнома билан кифояланмай, балки шу маҳаллада яшовчи камида 2-3 нафар кишининг фикри сўралиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Оила бузилишига нима сабаб бўлмоқда?

Таҳлилларга кўра, "ажралишаман" деган оилалар судлар томонидан берилган муҳлатда хатосини тушуниб, оиласини қайта тиклашга уринаётган, ҳаттоки, муносабатлари изга тушиб, даъво аризасини қайтариб олганлар ҳам бор. Бироқ аксарият оилалар муносабатлар тугаб, пичоқ суякка бориб қадалгач, суд остонасига боришаётгани ҳам бор гап.

Никоҳини бекор қилишни сўраб судга мурожаат этганларга разм солсангиз, кимдир турмуш ўртоғининг хиёнатидан жабрланганини айтиб зорланса, бошқаси "ота-онамнинг юзига қараб гапирди, бундай хотиннинг менга кераги йўқ", деган фикр билан, бирови "эрим ишламайди, ичади, рўзғор билан иши йўқ, бундай одам билан ҳаётимни давом эттирмайман" ва ҳоказо талаблар билан суд эшигини тақиллатишади.

Тиклашнинг имкони йўқ оилалар ўртасидаги никоҳ бекор қилинди. Томонларнинг елкасидан тоғ ағдарилди. Энди навбат

Мол-мулк можаросига...

Никоҳ бекор қилингач, албатта, мол-мулк, уй-жой ва агар ўртада бола бўлса, алимент тўлаш машмашалари бошланади. Кўнгилни хира қиладиган томони шундаки, айрим эркаклар никоҳ бекор бўлиб, ўзларининг таъбири бўйича балодан халос бўлганларидан кейин, собиқ хотинини икки-уч бола билан кўчага ташлаб қўйишдан ҳам ор қилишмайди! Суд уй-жойдан ҳақ ажратиш ҳақида қарор қилса, ўзлари яшаб турган хонадоннинг бир хонасини ажратишмоқчилигини айтишади. Ёки бўлмаса, куёвнинг номида уй-жой расмийлаштирилмагани важ қилинади. Аммо бир нарсани унутмаслик лозимки, инсон қадри фақат уй-жой, мол-мулк билангина ўлчанмайди. Оиланинг бир бўлаги бўлган кўзлари мунчоқ болалар-чи?! Уларнинг тақдири, келажаги ва кўнгли-чи, уларни ҳам иккига бўлса бўладими?!

Мухтасар айтганда, оиланинг муқаддаслигини ҳар бир инсон дилдан англаши, ўз зиммасидаги масъулиятни тўлақонли адо этиши керак. Шундагина оилаларимиз мустаҳкам, ҳаётимиз янада файзли ва гўзал бўлишига асло шубха бўлмайди.

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди