Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№20 дан: 15.05.2014

ШАҲРИХОНЛИК ФИДОЙИ ФЕРМЕР АЁЛЛАР

Ушбу саҳифада Шаҳрихон туманидаги Абдубий қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият кўрсатаётган "Янги тадбир" фермер хўжалиги раҳбари Ҳамидахон Воҳидова, ҳамда "Шерқўрғон гавҳари" фермер хўжалиги раҳбари Гуласалхон Мирзааҳмедова, "Оқ олтин ҳур диёри" фермер хўжалиги раҳбари Патилахон Ариповаларнинг ибратли фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

УМР ДЕГАНЛАРИ ОҚАР ДАРЁДИР

Мустақиллик йилларида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Шаҳрихон туманида ҳам фермер хўжаликларини ташкил этилишига кенг имконият яратиб берди. Шаҳрихонлик мулкдорлар ҳам ўзларининг самарали меҳнатлари билан юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга, халқимиз дастурхонини тўкин қилишга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

- Болалик, ўсмирлик йилларим шу қишлоқда ўтган, - дейди Ҳамидахон опа. - Ўрта мактабни тамомлаб, Андижон давлат педагогика институтига ўқишга кирдим. Турмушга чиққач, уйимизга яқинроқдаги 25-умумтаълим мактабида иш бошладим. Қишлоқда ўсган эмасманми, нафақага чиқсам, отамдай деҳқончилик қиламан, деб кўнглимга тугиб юрардим. Вақт келиб дадамнинг ишини мен давом эттиришимга тўғри келди. Дадам Худоймирза Мўминов узоқ йиллар жамоа хўжалигини бошқариб, 1996 йили "Янги тадбир" фермер хўжалигини ташкил этган эди. Отам оламдан ўтгач, 2009 йилдан уларнинг ишини давом эттириб, шу фермер хўжалигини бошқариб келяпман.

- Мактабдан ортиниб ишлаш осон эмас-ку? Бу борада қандай йўл тутдингиз?

- Дала деб мактабни ташлаб кетганим йўқ. Сабаби, деҳқончиликни отамдан ўрганганман. Отам далага эрта кетиб, шом тушганда қайтарди. Пахта терими кунлари шийпонда қолиб кетганларини яхши эслайман. Лекин бирон марта ҳам "енгилроқ ишни танламабман", деганини билмайман. Бизни ҳам ана шу ҳалол меҳнати орқасидан боқди, қаторга қўшди. Менинг далага ишқим тушгани шундан бўлса керак. Чунки биз фарзандлари бўш қолдик, дегунча дала юмушларига ёрдам берардик. Ҳозир эса тажрибали деҳқонларнинг маслаҳатига суянаман. Далада ишлаш учун ҳам шарт-шароит етарли бўлса-ю, лекин ер тилини тушунмаса, ҳаммаси бефойда бўлади. Бугунги кунда жами 61 гектар еримиз бор. 7 гектар боғ, 54 гектар экин майдонининг 29,5 гектар майдонга пахта, 24,5 гектарига ғалла, 1 гектар жойга эса сабзавотлар экканмиз. Механизатор Алишер Қосимов, сувчилар Баҳодир Мўминов, Муҳаммад Мўминов, Тўланбой Воҳидовлар ҳар бир ишда менга кўмакдош. Ўтган йили пахтадан 98 миллион сўм даромад қилдик. Яъни, пахта топшириш режасини ортиғи билан бажардик. Ғалладан ҳам давлатга топширганимиздан ортганининг маълум қисми сувчиларга, тракторчиларга, аъзоларимизга тарқатилди. Бу муваффақиятларни қўлга киритишимизда Гулнорахон Қодирова, Одинахон Йўлдошева, Соҳибахон Маҳмаева сингари аъзоларимизнинг ҳиссаси катта бўлди.

Ҳамидахоннинг меҳнатда чиниққанлиги, деҳқончилик сирларини яхши билиши фермер бўлиб иш бошлаганда билинди. Тажриба билан билим уйғунлашгани сайин машаққати енгиллашганини ҳис қилди. Муаллимадан чиққан фермер иш жараёнида ер бойликларнинг онаси, меҳнат унинг отаси, деган ақидага амал қилди. Тупроқни олтин, сувни гавҳар деб билди. Кези келганда кафтлари қавариб, кетмон чопди, кези келганда елкасига қоп орқалаб ўғит ташиди. Об-ҳаво инжиқлик қилганда ҳар бир ниҳол атрофида жонсарак онадек гирдикапалак бўлди.

Ҳар тугул, бу йўлни танлаб адашмаган экан. Деҳқончилик сир-асрорларини пухта ўзлаштириб олгач, йил сайин зиммасидаги режаларни ортиғи билан бажариб, тажрибали деҳқонлар сафидан ўрин олди.

МЕҲНАТ ҚИЛГАННИ

ЕР АЛДАМАЙДИ

"Шерқўрғон гавҳари" фермер хўжалиги раҳбари Гуласалхон Мирзааҳмедова шундай дейди: - Ер билан тиллашган одам у билан "муомала қилишни" билиши керак. Бу борада ҳаммасини ўз қўлинг билан яратиш, яшнатиш, қийинчиликларни енгиш завқи, одамларнинг аҳиллиги менга куч беради. Ишлайман, деган одамни ер алдамайди.

Қишлоқ хўжалигининг нозик томони ҳам шундаки, ерга уруғ қадаганингиздан сўнг, бир йил кутишингиз керак. Бир ойда эмас, 10-12 ойда меҳнатингизнинг натижасини кўрасиз. Яхши ишламаган одам ишни бошқатдан бошлай олмайди. Мана шунинг учун ҳам деҳқончилик ғоят мураккаб.

Ана шундай ғоя билан иш юритадиган қаҳрамонимиз Гуласалхон 1985 йили Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаб, Амир Темур ширкат хўжалигида 15 йилдан ортиқ бош ҳисобчи бўлиб ишлади. Қишлоқ хўжалиги соҳаси у учун ёт эмасди. Шунинг учун ҳам бу мураккаб ишнинг бошини тутишида ён-атрофдагиларнинг ишончи далда бўлдими, оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, 2007 йилда тендерда қатнашди. 61 гектар ер эгаси бўлди. "Олтин тупроқ ўлкаси" массивидаги ерлар унинг чекига тушди. Каттани ака, кичикни ука, деб ишни бошлаб юборди. Ўша йили пахта ва ғалла ҳосилдорлиги ёмон бўлмади. Хўжалик аъзоларининг сидқидилдан қилган меҳнатлари эвазига йиллик шартнома режасини ортиғи билан уддалади. Юзи ёруғ бўлди. Аъзоларига мукофот тариқасида ғалла тарқатди. Йилдан-йилга тажрибаси ортди. Ўтган йили 34,8 гектар ерда пахта, 26,3 гектар майдонда ғалла етиштириб, юқори ҳосил кўтарди.

- Бугунги ер эгаси эртага ким бўлади? - дейман ишнинг кўзини биладиган фермерга юзланиб.

- Бу борада мен ҳам ер билан тиллашишдан олдин етти ўлчаб бир кесдим, - дейди фермер. - Чунки халқимиз учун ердан бебаҳо неъмат йўқ. Унинг калити эса ҳақиқий ер эгасининг қўлида. Ҳақиқий деҳқон шундай ишлаши керакки, бундан давлат ҳам, жамият ҳам, ер соҳиби ҳам манфаатдор бўлсин. Бошқача қилиб айтганда, ер даланинг иссиқ-совуғини кўрган, уни азиз деб билган ҳақиқий деҳқонники бўлади.

- Хўш фермернинг муваффақиятининг сабаби нимада? - яна фермерни сў-роққа тутаман.

- Сабаби, оддийгина техника воситалари қувватидан, минерал ўғит ва ёқилғидан унумли фойдаланиш, агротехник тадбирларини ўз вақтида, сифатли ўтказиш ва масъулиятни ҳис қилган холда ўз билим, тажриба, маҳоратини ишга солишда, - лўндагина жавоб берди Гуласалхон.

Ҳа, сўзи билан иши бир фермернинг меҳнати орқасидан ҳамиша юзи ёруғ.

НИЯТИ УЛУҒНИНГ ЙЎЛИ ЁРУҒ

- деганларидек, "Оқ олтин ҳур диёри" фермер ҳўжалиги раҳбари Патилахон Арипова замин билан тиллашишда дугоналаридан кам эмас. 2006 йилда мазкур фермер хўжалигини ташкил этди.

- Фермер хўжалигимиз 55,3 гектар майдонда деҳқончилик қилади, 20 нафар аъзо халқимиз дастурхони тўкинлиги учун мехнат қилади. Қолаверса, оиласи учун даромад топади, - дейди фермер. Ўзим тонг саҳарда одамлар иш бошламасдан далага бораман. Пайкалларни бирма-бир айланаман. Қаерга сув керак, қаерга ўғит... Зараркунандалардан қандай қутилиш мумкин. Ҳаммасини обдон ўрганиб чиқаман. Нималар қилиш кераклигини кўнглимга тугиб қўяман. Ўтган йили ҳар гектар ердан 35 центнердан пахта топшириб, 86 миллион сўм, 36 центердан ғалла топшириб эса 45 миллион сўм даромад олдик. Бу йилги ғўза ва ғалламизнинг ҳам авжи ёмон эмас. Ниятимиз, мазкур йилда ҳам пилла, пахта, ғалладан мўл ҳосил олиб, давлатимизга ҳам, оиламизга ҳам юқори даромад келтириш.

Патилахон бошқараётган фермер хўжалигига нисбатан ишонч йил сайин ортиб бормоқда. Чунки фермер "об-ҳаво ноқулай келди, қурғоқчилик бўлди, кўкламда жала, дўл қуйиб берди, табиий офат олдида эсанкираб қолдик", деган гапларни ҳеч қачон айтмади. Деҳқончилик машаққатларини ирода, чидам билан тотиб кўрди. Меҳнатда тобланди. Низомиддин Деҳқонов, энтомолог-агроном Мўминжон Алимов сингари дала миришкорларининг маслаҳатига суяниб кам бўлмади. Хўжалик аъзоларининг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил этади. Патилахон ўз навбатида улар билан фахрланади. Ҳар бири ўзгача. Уларнинг кўнглига йўл топиб ишлаш, оғир-енгили билан қизиқиш, соғликлари ҳақида қайғуриш фермернинг хаёлидан ҳар куни ўтади. "Пахтани етиштирувчи, бутун меҳнати билан хирмон кўтарувчи ҳам шулар-да, - дейди фермер. - Одилбек Хўжамбердиев, Валижон Каримов каби сувчилар, механизатор Жамолдин Мирзаев, аъзолар Собирахон Назарова, Минурахон Мирзаева, Гавҳарой Рўзиевалар бўлмаса, режа ортиғи билан бажарилармиди? Эришилаётган ютуқларимизнинг муҳим омили ҳам аъзоларимизни, теримчиларни муносиб рағбатлантиришда. Патилахон уларга етти ой иш ҳақи ва 500 килограммдан буғдой беради.

Фермер биладики, деҳқоннинг кўнгли тўлдими, ишида барака бўлади.

Ҳа, ҳалол ишлаган одам ҳеч қачон кам бўлмаслигини, унинг заҳматлари албатта, қадр топишини, кўпчилик назарига тушишини шу уч фермер аёл амалда исботлади.

Дарҳақиқат, биз тилга олган фермерлар ғайратли, шижоатли, шу билан бирга, дангал, тўғри сўзни ёқтирадиган, сўзи билан иши бир аёллар. Уйидан, оиласидан кўнгли тўқ бу фидойилар оналик, бекалик, турмуш ўртоғига муносиб жуфтлик ҳамда фермерликни бирдай уддалаб келямоқдалар. Меҳнати самарасидан завқ олади. Қилган ва қилаётган меҳнати орқасидан юзи ёруғ. Айтадилар-ку: Нияти улуғнинг йўли ёруғ, деб...

САҲИФАНИ ЗУМРАДХОН АБДУЛЛАЕВА, ТАЙЁРЛАДИ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди