Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№22 дан: 29.05.2014

ҲИДОЯТ НУРИ

ИСЛОМ ДИНИ ИНСОННИ ЖАҲОЛАТДАН АСРАЙДИ

Аллоҳ Таоло бандаларига фоний дунёда бахт-саодат, охиратда эса ўзининг абадий ҳидоятига эришиш йўлини кўрсатиб, ислом динини яратди. Муқаддас китобларда инсонлар ушбу динга эътиқод қилиб, унда кўрсатилган тартибларга амал қилсалар, албатта, икки дунё саодатига эришишлари баён этилган.

Дарҳақиқат, ислом тинчлик ва эзгулик динидир. Унда уруш-жанжал, жабр-зулм, жаҳолат ва босқинчиликка буюрувчи биронта ҳам ғоя ёки мақсад мавжуд эмас. Турли хорижий оммавий ахборот воситаларида террористик ҳаракатларга ислом динини ниқоб қилиб кўрсатиш бир тоифа сиёсатчиларнинг сафсатасидир. Айрим сиёсатчиларнинг ана шу кирдикорларини, динимиз фақат яхшиликка хизмат қилишини барча инсонлар, айниқса, тинч, озод ва обод юртимиз фуқаролари англаб етмоқлари зарур.

Ислом ҳар қандай замон ва маконга, ҳар қандай шароитга мос тушувчи мўътадил диндир. У инсон камолоти ҳамда маънавияти йўлида хизмат қилади. Диннинг асоси, энг аввало, илм олишга, инсоний эҳтиёжлар йўлида ҳалол меҳнат қилишга рағбат уйғотади ҳамда жоҳиллик ва нодонликни қоралайди. Қачонки илм сусайса, иллатлар юзага келади. Иллатлар эса жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Афсуски, ислом дини ҳақида тўғри тушунчага эга бўлмаганлар ҳам топилади. Ислом динининг шаънига путур етказувчи турли ёлғон ва бўҳтонларни тарқатаётган, исломни ниқоб қилиб олиб ҳар хил жирканч ишлар қилаётганлар, ундай фитначиларнинг асл мақсадини кўра билмаслик ҳам илмсизликдан келиб чиқади.

Қуръони Каримда ислом дини яхшилик ва эзгулик дини эканига ҳужжат бўлувчи кўплаб оятлар бор: "Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, яъни, ўлдиришдан бош тортса, демак, у барча одамларга ҳаёт берибди" (Моида сураси, 32-оят) дейилади, яна бошқа ояти каримада: "Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, ер юзида бузғунчилик қилманглар" (Бақара сураси, 60-оят) дея келтирилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в) шундай марҳамат қилади: "Ислом беш нарса устига барпо қилингандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб гувоҳлик бермоқ, кунда беш вақт намоз ўқимоқ, молидан закот бермоқ нисобга етса, рамазон рўзасини тутмоқ ва қодир бўлган кимсалар учун ҳаж қилмоқ".

Бундан ташқари, ислом дини яна бир қатор таълимотларни ўз ичига олган. Улар қуйидагилар:

Биринчиси, соф ақида бўлиб, мустаҳкам ишонч устига қурилган бўлиши зарур. Бу қоидадан барча инсонлар учун турлича қараш ва эътиқод эркинлигини кафолатлаш қоидаси келиб чиқади. Бу тўғрида Аллоҳ Таъоло Ўзининг каломида: "Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди" (Бақара сураси, 256-оят), деб келтириб ўтган. Иккинчиси, Роббига яъни, Аллоҳ билан боғланиш. Бунда ҳар бир мусулмон бирор кимсанинг воситачилигисиз Тангридан орзу-ниятлари ва истаган нарсасини сўраб, мурожаат қилади ва унга ибодат қилади. Бу ҳақида Аллоҳ Таоло: "Сиздан, Эй Муҳаммад, бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, айтинг, Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам менинг даъватларимни ижобат этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд шунда тўғри йўлга тушиб кетсалар", (Бақара сураси, 186-оят) дея таъкидлаган. Учинчиси эса, инсонлар ўртасида умумий тенгликдир. Инсонларнинг ирқи, жинси, насаби ва амалига қарамасдан барчани тенг кўришликдир. Исломда фақат тақво ва солиҳ амаллар мезон ҳисобланади. Аллоҳ Таоло шундай дейди: "Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак Одам ва бир аёл Ҳавводан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишишларингиз учун сизларни турли-туман халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида энг азизу мукаррамроғингиз тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир" (Хужорот сураси, 13-оят). Расулуллоҳнинг ҳадиси муборакларида: "Оқ танлининг фарзанди билан қора танлининг фарзанди ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Фақат тақво ва солиҳ амал билангина ортиқлиги бордир", дея айтиб ўтади.

Диндаги тўртинчи таълимот амри маъруф ва нахий мункар, яъни, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармоқ. Аллоҳ Таоло бу ҳақида: "Асрга қасамки, ҳар бир инсон зиён ва бахтсизликдадир. Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақ йўлини тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар" (Аср сураси).

Бир сўз билан айтганда, Ислом дини эзгуликка, бағрикенгликка ундовчи, ана шу таълимотлари билан инсон қалбига эзгулик улашиб, одамларни жаҳолатдан асрайди, бандаларни мунаввар ҳаёт, бахт-иқбол сари чорлагувчи пок диндир. Аллоҳ барчаларимизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Ислом дини қалбларимизни нурга тўлдириб, жаҳолатдан асрасин, бир-бирларимизга яхшилик улашадиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

"Абу Хурайра"

жомеъ масжиди имоми.

Абдураҳмон АРТИҚОВ, Андижон шаҳридаги "Чинор" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди