Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№22 дан: 29.05.2014

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

СУЮНЧИ БЕРИНГ, ЎҒИЛ...

Карима опа кичик қизи Хадичани тўнғич фарзанди Нодиранинг олдига тез-тез жўнатиб туради. Чунки Нодиранинг ой-куни яқин. Хадича йўл бўйи дўкондан опаси учун творог, сметана, қатиқ, булочкалар олдию, кўнглида алланечук хижиллик сезди, "Ишқилиб, поччам уйда бўлмасинда. Бечора опам ақалли бирор нарсани ҳам хотиржам ея олмайди. Эри маст бўлмаса эди, акс ҳолда, ширин таомни ҳам заҳар-заққумга айлантиради... Эҳ, опам бечорага ҳам қийин. Нима, учта қиз туққан бўлса, фақат у айбдорми? Худонинг бергани шу бўлса, у нима қилсин..."

Хадича етиб келганда Нодирани дард тутаётганди. Хадичадан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай, поччаси Сардор маст ҳолда уйга кириб келди.

- Ассалому алайкум,- деди у.

- Яхши келдингизми, дадаси, - деди Нодира аранг.

- Кўряпсан-ку қандай келганимни, ҳа нима эди...

- Дадаси, мазам қочяпти, туғруқхонага олиб борасиз, шекилли...

- Яна қиз туғиб беришинг учун олиб бораманми? Керак бўлса ўзинг бор...

Уларнинг бу суҳбатига аралашишдан Хадича ўзини тўхтатиб туролмади:

- Почча, опам шундай оғриб турганида унга яхши гапириш ўрнига учта қиз туққанини айтиб, юзига солишингиз адолатданми? Қиз боланинг нимаси ёмон? Одамлар тирноққа зор, борига шукр килмайсизми? Хали болаларингиз катта бўлиб, шундай зўр қизлар бўлсинки...

- Менга бундай гапларингизни умуман, гапирманг, раҳмимни келтиришга уринманг. Мен учун ўнта ширин қиздан, битта ўғил афзал! Опангизни туғруқхонага ўзингиз олиб бораверинг. Айтиб қўяй, у яна қиз туғса, тўғри уйингларга олиб кетаверинглар. Мен эса ўғил туғиб берадиган хотинга уйланаман.

Опасининг кўзида ёш билан туғруқхонага кетаётганини кўрган сингил чидаб туролмади.

- Почча, буларни хафа қиляпсиз-а... Хали ҳаммасига афсус қиласиз, бу ишингиздан пушаймон бўласиз. Мен фақат опамни эмас, ҳамма жиянимни ҳам олиб кетаман, - деди.

- Йўқол... ҳамманг гумдон бўл...

Сардор чайқалганча ётоқхонага кириб кетди.

Хадича тез ёрдам чақирди. Жиянларининг кийимларини сумкага солди. У опасини ҳам, жиянларини ҳам олиб кетди.

Боши қаттиқ оғриб уйқудан турган Сардор чанқаганини сезди. Бош томонидаги чойнакка қўл узатди, бўш экан. Катта қизини чақирди. Ҳеч ким жавоб бермагач, кичик қизларини чақирди. Яна жимжитлик. У хоҳламайгина ўрнидан турди. Кечқурун уст-бошлари билан ухлаб қолган экан. Ювинди. Ошхонага кириб, у ёқ-бу ёққа қараб, нонни топди. Ёлғиз ўзи учун чой дамлагани эринди.

Сардор бир-икки тишлам нон еган бўлди-да, кўчага отланди. Эшикни қулфлаб, қизларим келиб қолар, деб калитни қўшнига берди. Сардор қайтишда тушлик маҳал бир шишадош улфатини уйига етаклаб келди. Овқат қилишди, биргалашиб ичишди. Сўнг иккаласи маст ҳолда қаергадир йўл олишди. Сардор уйга қайтиб келганда атрофни аллақачон қоронғулик қоплаганди. Эшикни очдию, гуп этиб куяётган ниманингдир ҳиди димоғига урилди. Ваҳимада шошилиб, ошхонага кирди. Газ ёниқ, қўйилган чойнакнинг суви тугаб, қорайиб, эриётганди. Сардорнинг қорни очганди. Нима қилишни, нима ейишни билмади. Уйда ёғ, гуруч, қутида картошка, пиёз бўлгани билан нима овқат ҳам қиларди. Ёмон бўлса ҳам хотини, қизларининг борлиги яхши экан. Ишдан келишига айтган овқати тайёр бўларди. Кийимларини ювиб, дазмоллашарди.

Сардор музлатгични очди. Егуликлар олиб еркан, оч қорнини бир оз алдаган бўлди. Зерикмаслик учун телевизор қўйди. Сардор унинг овозини баланд қилиб қўйган бўлса-да, уйи хувиллаб қолгандай эди. Сардор кечаги суҳбатни эслади. Нима бўлганда ҳам туғруқхонага бориши кераклигини ҳис қилди. Яна қиз эмасмикан, деган ўй лип этиб хаёлидан ўтди. "Хабар оладиган - онаси ҳаёт, тили заҳар, маҳмадона синглиси бор... Эй... бор-е", деди.

Ўрнига ётиб ухлаб-ухлолмай ниҳоят, кўзи илинди. Саҳарда йўлакдаги телефоннинг жиринглашидан чўчиб уйғонди. Гўшакка етишга эринса-да, телефон олдига мажбур борди.

- Алло... Эшитаман...

- Алло... бу Солиевлар хонадоними?

- Ҳа , ким керак эди?

- Туғруқхонадан қўнғироқ қиляпмиз. Тез етиб келишингиз керак... Аёлингиз ва болангизнинг аҳволи оғир, ҳаёти хавф остида. Кўп қон йўқотди.

Сардорнинг қўллари қалтираб, ранги бўздек оқарди.

... Туғруқхона йўлагида бир онахон ва ўзи тенгқур йигитнинг қайғули аҳволи эътиборини тортди. Сардор улар ёнидан ажабланиб ўтиб кетаётганда, йигитнинг "Сени асролмадим, хотин... ўлимингга мен сабабчиман. Мени кечир, сенсиз қандай яшайман. Ўнта қиз туғсанг ҳам майли эди, ёнимда бўлсанг етарди..." деяётгани қулоғига чалинди. Қабулхонада эса "Бечора аёл яна қиз туғилганидан қаттиқ сиқилибди. Қон босими кўтарилиб, кўп қон йўқотибди", деган гапларни эшитди.

Сардорнинг кулоғида телефондаги суҳбат жаранглади. Хаёлидан нохуш тасаввурлар ўтди. Хотинининг йиғлаб турган сўлғин чеҳраси кўз олдига келди.

Эҳ... Нодира! Нималар қилиб қўйдим-а? Яна қиз туғиб берсанг ҳам отангникига кет, деб ҳайдамасдим. Икки кунда сенсиз, қизларимсиз яшаш қийинлигини билдим... Энди нима қиламан... У шундай ваҳимали ўйлар гирдобида турганда қаршисига бир ҳамшира келди ва:

- Солиева Нодирага ким келди? - деб сўради.

- Мен...

- Солиев, сиздан кечирим сўрамоқчимиз. Жонлантириш бўлимидаги аёл билан рафиқангизни алмаштириб юборибмиз. Уларнинг исм ва фамилияси бир хил экан. Узр...

- Эй Худо... ўзингга шукр... Хайрият соғ-омон экан... - деб юборди Сардор ва Нодиранинг ёнига югурди.

- Ҳой, Солиев! Суюнчи бериб кетмайсизми? Хотинингиз ўғил туғди, - деди ортидан ҳамшира.

Ойдин МАМАДАЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди