Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№22 дан: 29.05.2014

Ҳикоя

Кейт ЧОПИН, инглиз адибаси

ДОКТОРНИНГ ЁЛҒОНИ

Тўсатдан отилган ўқ овози сокин куз оқшоми тинчини бузиб юборди. Доктор Чевалер офиси ошён топган кўримсизгина кварталда кутилмаган ҳолат эди. Тўппонча садосидан сўнг атроф чинқириқлар билан кўмилиб кетди. Қоронғу кўчада ҳеч зоғ кўринмасди.

Шу пайт ибодатхона минорасидаги катта қўнғироқ ҳам аллақачон ярим тун бўлганини таъкидлаб, яна бир марта бонг урди.

Доктор шундай қоқ тунда эринибгина ўқиётган китобини аста ёпди-да, полиция машиналарининг овозини пойлаганча ўтириб қолди, ахир қурол садосига, албатта, полиция етиб келиши аниқ-ку.

Кутилганидай полициячилар ҳам, махфий ташкилот ходимлари ҳам етиб келишди, орадан бироз вақт ўтгач, докторнинг ўзини ҳам воқеа жойига зудлик билан чақириб олишди. Уйга кириб келган доктор Чевалернинг нигоҳи бу каби ҳодисаларнинг манзарасига тушди, яъни полиция ходимлари таҳликада у ёқдан-бу ёққа югуришар, одамлар орасида ёқимсиз миш-мишлару асоссиз шубҳа-гумонлар тобора авж оларди, бир томонда зинапоя панжараси оша уй ичига бўйлаётган аёлларнинг саросимали юзлари кўринди. Улар воқеа тафсилотларини билишга ўлгудай қизиқаётган эдилар. Ҳа, баъзи аёлларнинг мана шунақа нохушликлар қаттиқ қизиқтиради, бундай аёллар, ҳатто хотин кишилигига бориб, кўзёши ҳам қилиб қўйишмайди-я. Улар кўришга уринаётгани уй ичида чўзилиб ётган жасад эди. Мурда, афсуски, қиз бола бўлиб чиқди.

Негадир воқеа жуда сирли эди. Шубҳасиз, қиз ўлиб бўлганди, унга қарата отилган ўқ бечора қизнинг нақ чаккасига бориб текканди. Лекин барибир сабаб хали номаълум, бирор далил ҳам топилмасди. Бу ердаги чеҳраларнинг аксарияти докторга нотаниш, уларнинг бари бу каби ўлим аломатларидан жуда безишган кўринарди. Аммо бу ўлимда аниқ сирли нимадир борга ўхшарди.

Ғала-ғовур, тўс-тўполон ичида докторнинг хаёлига бирдан ярқ этиб бир воқеа тушди. Ўша воқеага эндигина бир йилча вақт бўлганди. Арканзас штатидаги ўрмонлардан бирида, хароба кулба ичида доктор билан унинг бир ҳамроҳи меҳмон бўлганди. Ўшанда улар биргаликда овга чиққандилар.

Кулбада соддагина оила яшарди. Тирикчилик тегирмонида янаям қўполлашиб, оғир меҳнатдан эзилиб кетган заҳматкаш ота-она кўзларининг оқу қароси бўлган битта-ю битта қизларининг хусну жамолидан кўзлари қувониб, фахрланиб яшашарди. Чинданам қизнинг хусни тўкис эди, нафақат чиройи балки, унинг ақлу фаросати ҳам ғоятда ўткир эди. Қиз бир умр бундай кулба ичида қолиб кетолмайман, дея узоқ-узоқларга кетишни, катта шаҳарга бориб, ўз бахтини қидириб топишни орзу қиларди.

"Мана ўша қиз, шу ерда, лекин афсуски, ўлиб ётибди", - дея хаёлидан кечирди доктор Чевалер. Кейин тўсатдан атрофдагиларга қаради-да: "Бу қизни мен яхши танийман, унинг дафн маросимию қолган маъракаларини ўтказишни ўз бўйнимга оламан", - деб айтди.

Эртаси куни доктор Арканзасга, қизнинг ота-онасига хат ёзиб юборди. Албатта, бу хат ўша олис ўрмондаги хароб кулба ичига улкан қайғу олиб бориши аниқ эди, бироқ уларни хабардор этмаслик виждонсизлик бўларди. Доктор хатида қизни оғир хасталикдан сўнг жон берганини маълум қилди. Марҳуманинг бир тутам сочи билан унинг арзимас лаш-лушларини ҳам хат билан қўшиб жўнатиб юборди. Доктор имкон қадар ғариб ота-онани юпатиб, уларнинг қайғусига ҳамдард эканлигини билдириб ўтди. Шуб-ҳасиз, доктор Чевалернинг ўлган қизга бундай меҳрибонлик кўрсатиши одамларда, айниқса, аёлларда бироз гумон туғдирди.

Лекин аниқ ҳақиқатни билмаганликлари учун улар ноилож елкаларини қисдилар. Баъзилар, эҳтимол, жиноятда докторнинг ўзининг қўли бордир, деган хаёлга бориб, уни жазога тортилишини кутдилар. Аммо қандайдир сабаб биланми ёки бошқа бир нима бўлдими, ҳартугул, доктор Чевалер жазоланмай қолди, ўша жиноят эса сирлилигича қолиб кетаверди.

Инглиз тилидан

Қандилат ЮСУПОВА таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди