Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№24 дан: 12.06.2014

"ПИЛЛА-2014"

ГУЛХУМОР ОПАНИНГ КУМУШ ТОЛАЛАРИ

Олтинкўл тумани, Толмозор қишлоғидаги Азизовлар хонадонини пиллакорлар оиласи сифатида кўпчилик хурмат билан тилга олади. Мана 20 йилдирки, оила аъзолари ипак қурти парваришлаб, давлатга кумуш тола етиштириб беради. Оила бекаси Гулхумор Азизова "Шахидтепа ипаги" фермер хўжалиги аъзоси. Бу йил хам у 2 қути қурт уруғи олиб, парвариш қилди.

- Ипак қурти боқиш бир ойлик мехнат бўлгани билан жуда машаққатли, - дейди хонадон бекаси Гулхумор опа. - Айниқса, даха энг қизиқ жараён хисобланади. Катта дахада ипак қуртининг иштахаси очилади, бир кунда 5-6 махал барг соламиз. Ярим соатдан кейин кирсангиз қуртлар худди хеч нарса кўрмагандай яна барг излаб бошини тебратаётган бўлади.

- Ипак қурти боқиш сир-асрорларини кимдан ўргангансиз?

- Қайнонамдан. Шу эшикка келин бўлиб тушгунимча ипак қурти парвариши билан шуғулланмаганман. Қайнонам рахматли, хар йили қурт боқарди. Ўша пайтда хўжаликда энг кўп пиллани қайнонам топшираркан. Вафот этганига мана 15 йил бўляпти. У киши ўтганларидан кейин 5 йилдан бери кўзимиз пишгани, тажриба оширганимиз учун қийналмай тутяпмиз. Катта одамнинг барибир йўриғи бошқа. Қайнотам хаммамизга бош-қош бўлади. Кўпроқ ўзим масъулиятни зиммамга олиб, хар йили пилла мавсумида қаттиқ мехнат қиламиз.

- Ипак қуртидан мўл хосил олиш гарови нимага боғлиқ? - сўрайман қизиқиб.

- Ўзингизга, харакатингизга. Хоналарни тез-тез шамоллатиб, вақтида барг солиб, хашорату қушлардан эхтиёт қилиб, парваришини қилсангиз, покиза пилла ўрайди. Хосил мўл ва сифатли бўлади. Кейин, мен қуртларимни эркалатиб парвариш қиламан. Буям бир Яратганнинг мўъжизаси, чақалоқдай нарсада. Ипак қурти бор хонадон чиллали хисобланади. Куну тун чироқ ёниқ туради, жуда нозик, ушласангиз хам авайлаб ушлайсиз, шунақа...

- Қурт боқишда оила аъзоларингиздан ташқари яна кимлар ёрдам беради сизга?

- Укаларим оиласи билан қуртлар катта дахага кирган пайтда ёрдамга келишади. Фермеримиз хам барг кесишда, олиб келиб беришда ёрдам беради. Тез-тез хабар олиб, маслахатлар бериб туради. Пилла тергани эса қўни-қўшни, қариндош уруғимни чақираман. Пилла териш хам худди бир тўйдай бўпкетади. Озгина қийинчилигини айтмаса, қурт боқишнинг хам ўзига яраша гашти бор. Хар йили мавсум келганида юрагим ховлиқиб қурт боққим келади. Уйқусиз тунларим, ёмғирда қолганларимиз эсдан чиқиб кетади.

Гулхумор опа қайнонасидан, тажрибали пиллакорлардан ўрганганларини яхши ўзлаштирди. Ипак қурти боқишнинг хадисини олди. Оила аъзолари кўпчиликни ташкил этмаса-да, ипак қурти боқишнинг мехнати ва машаққатидан чўчимади. Икки ўғли ва бир қизини ёнига олиб, хар мавсумда "қурт боқаман", дея ташаббус билан чиқаверади. Мехнатлари самараси ўлароқ, режани хар йили ортиғи билан бажариб келмоқда.

- Пилладан қанча даромад оласиз? - сўрайман яна Гулхумор опадан.

- Даромади... бор, ўзига яраша. Бўнак пули беради бошида, кейин... Пиллани топшираверайликчи?! Даромадига қўшимча ўтин-чўпи қолади. Бозордан ўтин сотиб олмаймиз. Барг кесганимизда чиққан тут ўтини келаси йилги қурт мавсумигача бемалол етади.

Мана куни кеча Гулхумор опа 2 қути қурт уруғидан 130 килограмм пилла топшириб, зиммасидаги масъулиятни адо этди.

Дархақиқат, бу - мўъжиза. Яқиндагина барг излаб ўрмалаб юрган қуртлар ўрнида энди пиллалар. Деразадан тушиб турган қуёш нурида кумушдай товланяпти. Бежизга пиллани халқимиз кумуш тола деб атамаслигини тушундим.

Ха, дунёдаги хамма шодлик, эзгуликларнинг манбаи - мехнат. Фақат мехнатгина инсоннинг қалбига тиниқлик, мутаносиблик ва ўз-ўзидан қаноат туйғусини олиб кириб, уни бахтиёр қилади. Гулхумор Азизова бугун пилла етиштириб, халқи ва юрти олдида юзи ёруғ бўлганидан кўнглида хушнудлик сезади. Ахир мехнатдан кейинги рохат шу-да.

Муаззам СОБИРЖОН қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди