Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№24 дан: 12.06.2014

"СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу сахифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Ахолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг мухим омили" номли лойиха доирасида тайёрланди.

ГИЁҲВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ

Бугун дунёнинг қай бурчагига қараманг, аср вабосига айланиб улгурган гиёхвандликка қарши кураш олиб борилаётганининг гувохи бўласиз. Минг афсуски, хаёт гўзаллигини лахзалик рохатга алмашаётган, кўр-кўрона бу иллат ботқоғига ботиб бораётганлар орамизда учраб турибди. Энг ачинарлиси, гиёхвандлик асирига айланиб улгурганларнинг аксарияти ёшлар эканлигидир. Эндигина мустақил хаётга қадам қўйган ёки катта умр йўлини босиб ўтаётган юртдошларимиз билиб-билмай жирканч чохга йиқилганларини кўриб, улар тортаётган азобларни кўриб рахминг келади.

Гиёхвандлар нафақат ўз хаётларини тугатадилар, балки оилаларини хам барбод этадилар. Минг орзу, минг хаваснинг қўлларидан тутиб, келинлик остонасига қадам қўйган келинчак илк оқшомдаёқ куёвнинг оғу қули эканини билиб зор қақшади. Кўнгли музлади. Дунё-дунё бахт ваъда этган орзусидаги хаётга қўл силтади. Тўйдан олдинги тиббий кўрикни рад этгани учун минг-минг афсус-надомат чекдию...кеч, жуда кечлигини англади. Куёвнинг "Хеч ким билмасин", дея ялиниб-ёлворишлари, бу иллатни ташлашга ичган қасаму онтлари қошида келинчак юмшади. Янги хаёт ёлғон билан бошланди. Вақт ўтса-да, куёв боланинг "касали" даволанмади. Келинчакнинг дарди ичида. Билиниб қолган хомиласидан хавотири кучайса хам хеч кимга "ёрилмади". Текширувлардан ўтишга уялди, нимадир юз беришидан қўрқди. Қулоқлари остида куёвнинг илтижоли ўтинчи жаранглайверди. Вақти-соати етиб, келинчакни дард тутди. Қайнота-қайнонага илк набира, янги оилага илк қувонч бўлган фарзанд дунёга келди. Аммо... захри қотил меваси... оғунинг ногирон қиёфаси... Оналикнинг илк шодиёнасини дардли ва аламли кўз ёшларга алмашган келинчакни хеч ким юпатолмасди.

Дархақиқат, аср вабосининг сўнгги афсуси дунёда минглаб оилаларни қувончдан айираётгани сир эмас. Айниқса, бу оғу таъсирида хомила вақтидаёқ захарланиб улгурган гўдакларнинг туғма нуқсонлар билан дунёга келиши оғриқ нуқталарни қўзғотиб юборади. Ногиронликнинг азобини хали чақалоқлигидаёқ туяётган гўдакларга қараб гиёхвандликнинг қиёфасини кўргандек бўласизу, бу жирканч иллат илдизини топишга интиласиз.

Соғлом келажак учун аср вабосига қарши барча бир куч бўлса, ғалаба соғлом хаёт тарафдорлари томонида бўлиши шубхасиз.

Рухсора САЙФУТДИНОВА.

МУТАХАССИС МИНБАРИ

ТИШЛАРИНГИЗ СОҒЛОМ БЎЛСИН ДЕСАНГИЗ...

Тишлар - инсон хуснининг, саломатлигининг асосий омилларидан бири саналади. Кўпчилик тишларининг соғлом бўлиши учун қайғуради, вақти-вақти билан стоматологга учрайди. Натижада у киши янада жозибалироқ кўринишга, тишлар эса оппоқ кўринишда бўлади. Хаёт шитоб билан ривожланиб бораётган бугунги кунда тишларни дурдай териб, олмосдай ялтиратиш муаммо бўлмай қолган. Бу нафақат гўзаллик, балки саломатлик учун хам мухимдир.

Тиш тошларини тозалаш

Тишда вақт ўтиши билан турли қорайишлар (тиш тошлари) пайдо бўлади. Улар нафақат тишларнинг ташқи кўринишини кўримсизлаштиради, балки тишга хам зарар етказади. Бу тиш тошлари оқибатида юзага келган қорайишларни йўқотиш учун тошларни тозалаш муолажаси амалга оширилади. Тишдаги тошларни йўқотишнинг ультратовуш, пуркагич каби усуллари мавжуд.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, ультратовуш усулида тозалаш хомиладор аёлларга тавсия қилинмайди!

Тишларни оқартириш

Вақт ўтиши билан чой, қахва таъсирида тишларнинг ранги сарғая бошлайди. Ёки тишларнинг ранги табиатан оппоқ бўлмаслиги хам мумкин. Бундай холатларда тишларни сунъий равишда оқартириш зиён қилмайди.

Лазер услубида оқартириш - милкка махсус мухофаза қилувчи восита, тишларга эса кимёвий суртмалар суртилиб, лазер мосламаси ёрдамида оқартирилади. Тишнинг оқартирилиш даражаси мижознинг истагидан келиб чиқиб танланади. Чунки тиш оқлигининг хам бир неча босқичи мавжуд.

Натижа 6 ойдан 5 йилга қадар сақланиши мумкин.

Салбий тарафларидан бири, тишларда пломба ёки тиш қопламаси бўлса, муолажадан кейин уларни алмаштиришга тўғри келади. Фақат тишлар оқаргани боис, пломба ёки тиш қопламаси тишларга нисбатан сарғайиб туради. Бу услубни оғиз бўшлиғидаги барча тишлар учун қўлланилмайди. Фақат олд қисмдаги 10 дона юқори ва 10 дона пастки тишлар оқартирилади.

Унутманг! Хомиладор ва эмизикли аёлларга бу муолажа тавсия қилинмайди. Тишлар лазер услубида оқартирилгандан сўнг тиш эмалини мустахкамлаш учун 5-10 марта фторланади.

Белингиз оғриса...

тишларингизни

текширтиринг!

Тишлар билан боғлиқ муаммолар бутун организмга таъсир қилиб, турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бунга ишониш қийин бўлса-да, тиш касалликлари, хатто белда хам оғриқ чақириб, қомат ўзгаришига туртки бўлиши мумкин экан.

Соғлом тишлар -

узоқ умр гарови

Олимларнинг фикрича, тишлар соғломлиги инсон умрини 10 йилга узайтирар экан. Гап шундаки, кишининг оғиз бўшлиғида жуда кўплаб бактериялар ривожланади. Тиш ва милклар соғлом бўлса, организм учун хеч қандай хавф туғилмайди. Аммо гигиена қоидаларига амал қилинмаса, бактериялар фаоллаша бошлайди. Вақт ўтиши билан бу тиш эмали емирилишига, милклар қонашига олиб келади. Натижада қонга 700 дан ошиқ бактериялар тушиб, турли касалликлар чақириши мумкин. Шунинг учун йилига камида 2 марта стоматологга мурожаат қилинг хамда кунига 2 марта тишлар ва оғиз бўшлиғи тозалигига вақт ажратинг.

Мухторжон МАДАМИНОВ, стомотолог шифокор.

САЛОМАТЛИК

КЎКРАК БЕЗИ САРАТОНИДАН

ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАНИШ КЕРАК?

КАСАЛЛИКНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ САБАБЛАРИ:

- Хайвон ёғини меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш;

- Хайз циклининг бузилиши;

- Жинсий муносабатларнинг пала-партиш бўлиши;

- Аёлларнинг фарзандини кўкрак сути билан эмизмаслиги;

- Тухумдонлар ва бачадондаги яллиғланиш касалликлари;

- Семизлик;

- Гипертония (хафақон) касаллиги;

- Қандли диабет касаллиги;

- Атеросклероз;

- Жигар касалликлари;

- Қалқонсимон без касалликлари;

- Кўкрак бези мастопатияси;

- Қондош-қариндошлардан бирортаси кўкрак бези саратонига чалинган бўлса;

- Ионизирловчи радиация;

- Кашандалик;

- Канцероген (турли кимёвий унсурлар) воситаларни кўп қўллаш.

- Турли травмалар.

Агар кўкрак бези саратони хасталиги илк даврида аниқланса, 95 фоиз холларда беморни даволаш кафолатланади. Аммо аксарият аёллар бу касаллик тўғрисида тўлиқ тасаввур ва тушунчага эга бўлмаганлиги боис шифокор хузурига касаллик анча авж олиб, уни қайтаришнинг имкони қолмаганида мурожаат этишади. Шундан келиб чиқиб, Андижон вилояти онкология диспансери бош врачи, олий тоифали хирург-маммолог Валижон ХУСАНОВ кўкрак бези саратони хасталиги хақида муштарийларимизга кенг тушунчалар бериб ўтди.

- Саратоннинг келиб чиқишига турли гормонал терапия ва хомиладорликка қарши препаратларни қабул қилиш сабаб бўлиши мумкинми?

- Йўқ, таъкидлаб ўтилган препаратлар саратонни келтириб чиқармайди. Аксинча, бундай препаратларни қабул қилиш орқали исталмаган хомиладорликнинг, абортларнинг олди олинади. Қолаверса, улар сут безларида саратонни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга ёрдам беради.

- Cпорт билан шуғулланиш касалликка чалиниш хавфини камайтирадими?

- Умуман олганда, спорт инсонни чиниқтиради, иродасини мустахкамлайди, соғлом бўлишини таъминлайди. Спорт билан мунтазам шуғулланиш нафақат кўкрак бези саратонига, балки бошқа касалликларга чалиниш хавфини камайтиради. Шу боис кишилар, айниқса, аёлларимиз спорт, жисмоний харакат билан мунтазам шуғулланишлари мақсадга мувофиқ.

- Ички кийимлар хам кўкрак саломатлигига салбий таъсир кўрсатадими?

- Сийнабандлардан умуман воз кечишни тавсия қилмаймиз. Кўкрак махсус кўтариб турилмаса, унда шаклий бузилиш рўй беради. Аммо шуни хам эсда тутиш керакки, тор ички кийим кўкракдаги микроциркуляциянинг бузилишига, оқибатда турли ўсмалар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Шуни хисобга олиб, айниқса, тунги вақтларда сийнабанддан фойдаланмаган маъқул. Бундан ташқари, ички кийимларнинг покизалигига хам алохида эътибор қаратиш лозим.

- Кўкракдаги турли жарохатлар хам кўкрак саратонини бошланишига сабаб бўлиши мумкинми?

- Албатта, кўкракка етказилган энг кичик жарохат хам турли ўсмалар, ўзгаришларни бошлаб бериши мумкин. Сурункали жарохатлар ва яллиғланишлар пайдо бўлса, уларни ўз вақтида бартараф этиш керак.

- Ушбу касалликнинг текшируви хақида кенгроқ тушунча берсангиз?

- Маммография - кўкрак саратонининг илк босқичларида ташхисловчи махсус текширув усули хисобланади. Кўкракда илк саратон ўсмаси пайдо бўлганидан ўсмани қўл билан сезиш мумкин бўлгунича 3 йилдан 8 йилгача вақт ўтиши мумкин. Маммография ташхиси орқали ўлчами 0,5 мм микрокальцинатга тенг ўсмалар аниқланиши мумкин. Агар ўсмалар ана шундай кичик ўлчамларда аниқланганида эди, касалликни осон даволаш имкони бўларди, хеч ким кўкрак саратонидан вафот этмас эди. Бутунжахон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига кўра, 35 ёшдан сўнг аёллар 2 йилда бир марта, 40 ёшдан сўнг эса йилига 1 марта текширувдан ўтиб туришлари лозим.

- Қандай холларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим?

- Сут безлари териси ёки тўқимасида тугунли тўлишиш бўлганида, кўкрак атрофида яралар, сут безларида хар-хар жойда ёки тўлиқ шиш хосил бўлса, ундан қонли ёки сарғиш ажралмалар келса, шу соха териси қизарса, кўкракнинг шакли ўзгарган тақдирда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш лозим.

- Организмдаги гормонал бузилишлар касалликка сабаб бўладими?

- Организмдаги ички безлар фаолиятининг бузилиши хам кўкрак бези саратони касаллиги ривожланишига олиб келиши мумкин. Тухумдонлар, буйрак усти бези, қалқонсимон без, гипофиз бези фаолиятининг бузилиши - бу борада мухим ахамият касб этади. Бундан ташқари, хайз циклининг эрта бошланиши, менопаузанинг кечикиши сут бези саратон касаллиги ривожланишига туртки бўлиши мумкин.

- Кўкрак бези саратонининг бошқа аъзоларга таъсири борми?

- Кўкрак бези саратон касаллиги қўлтиқ, курак ости, ўмров ости, ўмров усти лимфа тугунларига асорат беради. Шунингдек, бу касалликда кўп холларда суяк, ўпка, жигар ва терига хам шикаст етади.

- Касалликнинг олдини олиш мумкинми?

- Хар қандай онкологик касалликнинг олдини олиш учун канцероген омиллар ва воситалардан камроқ фойдаланиш тавсия этилади. Демак, атроф-мухитни химоя қилиш, уларнинг инсон организмига канцероген таъсирини камайтириш, соғлом турмуш тарзини шахсий хаёт мезонига айлантириш, нормал жинсий хаёт, ўз вақтида туғиш, болани кўкрак сути билан боқиш, бир йилда бир маротаба шифокор кўригидан ўтиш сингари жихатларга амал қилиб бориш лозим. Айнииқса, бирор муолажаларни қўллашдан аввал, албатта, шифокор билан маслахатлашишни унутманг.

- Сухбатингиз учун рахмат!

Сухбатдош.

Сожида САИДОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди