Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№25 дан: 19.06.2014

ҲИКОЯ

ҚАЙНОНАМ - ОНАМ

- Деразадан қаранг, сизни йўқлаб келишди.

Чақалоғини бағрига босиб, кўзи мизғиган Назокат ҳамширанинг хитобидан сўнг, ўрнидан туриб, туғруқхона деразасидан пастга қаради.

Қўлида тугун кўтарган қайнонаси - Сабоҳат ая унга жилмайиб қараб турарди. Назокат елкасига халатни ташлаб, учрашув жойига тушди.

- Қалай, катта бўляпсизларми? Кичкинтой яхшими? - Келинининг икки юзидан ўпиб, Сабоҳат ая у билан ҳол-аҳвол сўрашди. Қайнонасининг алқашидан Назокатнинг кўзларига ёш келди. Ахир, у худди шу саволларни беришларини неча йил кутди. У жавоб ўрнига юм-юм йиғлади.

- Вой, манави келинни?! Ўргилай, шукур қилинг, йиғи нимаси?! - Қайнона келинни юпатди.

- Раҳмат, ая, биз яхшимиз. Тез орада жавоб беришаркан.

- Ўзингизни авайланг. Кичкинтойга кераксиз. Бу сизларга, вақтида овқатланинглар, - тугунни узатар экан, ғамхўрлик билан келинига уқтирди Сабоҳат ая.

Улар илиққина хайрлашишди... Назокат тугундаги овқатни ҳамхоналари билан баҳам кўраркан, "у - онангизми", деб сўради шерикларидан бири.

- Қайнонаси, - Назокатдан бурун жавоб берди, унинг оиласидан яхши хабардор бўлган иккинчи аёл.

- Қайнонам, ҳам онам, - деди жилмайиб Назокат.

Уни хаёл олиб қочди. Дарвоқе, Сабоҳат ая бир неча келинлар туширган кайвони аёллардан. У барча келинларини ўз қизидай қабул қилди. Қайнона - уйдаги ҳар бир муаммонинг калити. Ая чигал вазиятлардан ҳам тўғри йўлни топадиган аёл. Назокатнинг бу оилага келин бўлиб тушганига ўн беш йил бўлди. Ўн беш йилда фарзанд кўриб турибди. Бу вақт ичида уни нималар деб маломат қилишмади?! Ҳатто турмуш ўртоғига оиласи билан ажрашишни маслаҳат берганлар бўлди. Назокатнинг аччиқ кўз ёшларини бугун қувонч кўз ёшларига айлантирган ҳам шу - қайнонаси бўлди. Эринмай даволатди, далда бўлди, ўғлига сабр қилишни маслаҳат берди. Ниҳоят, Назокатнинг оиласида ҳам чақалоқ "инга"си янграйдиган бўлди. Туғруқ пайтида доялар ташқарида чақалоқ туғилишини сабрсизлик билан кутаётганлар орасидан ёнида кимнингдир туришини Назокатдан сўраганларида, у дарҳол қайнонасининг номини айтди:

- Сабоҳат онам ёнимда бўлса...

Сабоҳат ая унинг бош - кўзини силар, далда бўларди:

- Ўргилай, сиз шунча машаққат, кутишларни, гап-сўзларни енгиб ўтдингиз, энди бу оғриқлар нима экан, ҳадемай она бўласиз, жоним қизим...

Назокатнинг кўзи ёриганида, қувонч, ҳаяжондан юраги ҳапқириб турганда, уни илк бор табриклаган ҳам шу - қайнонаси бўлди.

Ая-фариштали аёл. Фарзандларини саранжом-саришталикка ўргатган. Истаган маҳалда меҳмонларни кутиб олишга шай турадиган хонадоннинг бекаму кўстлиги шу аёл туфайли. Назокатнинг овсинлари алоҳида яшашади. Шу қайнона мактабини ўтаганлари учун ҳам ҳаётлари чиройли.

- Эрта-кеч мустақил оила бўласизлар. Рўзғор мактабини ўташни ҳам ҳозирдан ўрганинглар. Йўқликка, борликка одам кўникиши керак, - дер эди у фарзандларига. Назокат эрта-индин чақалоғини бағрига босиб, қадрдон оиласига қайтади. Бутун меҳрини бериб, ўз оиласига парвона бўлади. Шундай оилага, қайнонага келин бўлганидан у бахтиёр.

Назокат хаёли бўлиниб, ҳамхоналарига қаради ва:

- Бизнинг бувижонимиз ажойиб аёллар, - деди жилмайиб.

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди