Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№29 дан: 17.07.2014

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИ

КАСОФАТ ҚУРБОНИ

- Бугун чиқолмайман, Собир ака, - Ноила машинадан тушар экан, атрофга олазарак боқди.

- Эртагача сабрим чидамайди, - Собирнинг юзи тундлашди. Индамай сигарета тутата бошлади.

- Нима, ўша найновни алдаш қийин ишми?

- Ҳақорат қилманг, ҳар ҳолда эрим...

- Таъбинг нозиклашиб кетаяптими?

- Ахир кечаям навбатчиман, деб айтганман, - саросимада жавоб қайтарди аёл. - Бир ёқда қайнотам...

- Шуми оқибат? - Собирнинг баттар энсаси қотди...

Қаршисидаги жазманини йўқотиб қўядигандек Ноиланинг ичи титради.

- Майли, соат еттида ўша жойда....

Эргаш ишдан қайтиб ҳовлига кираркан, ошхона томондан пиёздоғнинг ҳидини туйди. Ҳартугул хотини ишдан эрта қайтибди. Раҳматли онасининг ўрнини билдирмай, йиғиб-териб юрган хотинидан ичида мамнун бўлди. Аёлсиз уйнинг файзи йўқ-да! Навбатчиликка кетса, ҳамма ёқ ҳувиллаб қолади.

Эргаш ичида оғир хўрсинди. Мана, уйланганига етти йил бўлаяпти. Тирноқсизлигидан атрофдагилар не-не маломатлар ёғдиришмади, дейсиз. Ноилага кўнгли бор, нима қилсин. Унгаям қийин. Фарзанд умидида бормаган жойи қолмади.

Эргаш юз-қўлини ювиб, эгнини алмаштирди-да, ошхонага қараб юрди. Бу вақт Ноила қозоннинг қопқоғини ёпаётган эди. Эргашни кўрди-ю, эрка овозда:

- Вой, келдингизми? Сиз ёқтирган таомни пиширувдим. Отам билан солиб ерсизлар, - деди.

- Сен-чи? - Эргаш хотинига тикилди.

- Ўлсин, бугун ҳам "дежур"ман. Зуҳра касал бўлиб қопти. Бошқа одам йўқ.

- Эссиз...

Эргашнинг бояги қувончи кўпга бормади.

- Майли, навбатчилигинг тинч ўтсин, - у хотинининг белидан енгил қучди. - Ўзингни кўпам уринтирма.

Ноила уйга кириб кетди-ю, тошойна олдида узоқ ўтирди. Соддадил Эргаш бунга эътибор ҳам бермади.

Ғира-шира шом қоронғусида чиқиб кетаётган хотинини кузатмоқчи бўлган Эргашни Ноила қайтарди.

- Шифохона яқину, зувиллаб етиб оламан. Овқат совимасин.

Эртадан-кечгача тракторда ер шудгорлаган Эргаш чарчаганини ҳис қилиб, бўсағада қолди. Эрини ёлғонига ишонтирган келинчак хотиржам йўлга тушди. Шифохона ортда қолди. Келишилган жойга етиб келгач, таниш машинани кўриб, илдамлади.

- Келдингми, жоним, - Собир энтикиб эшикни очаркан, Ноилани олдинга ўтқазмоқчи бўлди. Аммо аёл кўнмади. Ўзини орқа ўриндиққа ташлади. Машина жойидан қўзғалди.

Ноила хиёнат кўчасига кириб кетаётганидан ичида қаттиқ чўчиётган бўлса-да, ҳамкасбларининг "Ўзингни синаб кўр, айб эрингдадир", - деган "далда"сини эслаб қўйди. Ўшанда фарзанд умидида даволанганлари бесамар қолаётган, аросат қўйнидан қайси йўл билан чиқиб кетишини билмаётган Ноилани шайтон йўлдан уриб, ўзи ишлаётган бўлимда даволанган мана бу ёши улуғ кишининг қармоғига илинди.

"Фарзанд бўлган куни алоқани узаман", деган илинжда Ноила кўп кутди. Унинг бахтига хиёнатини ҳеч ким сезмади. Фақат у шундай деб ўйларди. Аслида эса унинг енгил йўлга кириб кетгани ҳақидаги миш-мишлар анча ўрлаб қолди.

Ниҳоят, Собирга анчайин ўрганиб қолган Ноила гумонаси борлигини билиб, ўзини қушдай енгил ҳис этди. Аммо хиёнат тўрига тушиб қолган аёл исканжадан осонликча қутула олмади. Ҳудди унинг бўйида бўлишини пойлаб тургандек, одамлар бу машъум хиёнатнинг учини билиб, миш-мишга берилишди.

Эргаш боёқиш хотинининг юкли бўлганидан боши осмонга етиб, унинг кўнглига қарар, далада ҳам туғилажак боласини ўйлаб, ширин хаёлга бериларди.

Кекса ота кўча-кўйдан келинининг оёқ олиши ножўялигини эшитса-да, ўғлини аяб, сир-бой бермасликка ҳаракат қиларди. Лекин барибир ичида оғриниб қўяр, ёлғизгина дилбандига раҳми келиб: "Касофати ўзига урсин", деб қўярди.

Ой-куни яқинлашган Ноила ўзини бахтиёр сезар, атрофида гирдикапалак бўлган эрига эркалиги ортиб борарди. Унинг қилмишидан еру кўк бехабардек масрур юрган Ноилани тўлғоқ тутган кун Эргаш уни бошида кўтаргудек бўлиб туғруқхонага элтди. Кечга бориб Ноиланинг кўзи ёриди. Орзиқиб кутилган фарзанд - ўғил туғилди. Қувончдан юраги ёрилгудай бўлган Эргаш бу хушхабарни отасига етказмоқ учун уйига шошилди.

У йўлда кетиб борар экан, кўзларидан қувонч ёшлари оқарди. Мижжаларига қалққан ёшдан кўз олди хиралашган йигит рўпарасидан тезлик билан келаётган машинани пайқамай қолди. Ҳайдовчининг ҳам капалаги учиб кетди. Афсуски, вақт бой берилганди. Йўл четига машинасини қўйиб, ортига чопиб келган ҳайдовчи Эргашнинг очиқ қолган кўзларини кўриб, эсхонаси чиқиб кетди.

Ўша тун бутун қишлоқ жунбушга келди. "Касофати ўзига урмади-да", деган оғриқли сўзлар Эргашнинг қари отасини ер титратди. Шифохонада эса бундан-да даҳшатли манзара зоҳир эди: доялар минг ялинишмасин, эрининг ўлимида ўзини айблаётган Ноила гўдакка қайрилиб ҳам қарамади. У ўйламай босган қадами меваси бунчалик талх бўлишини кутмаганидан фиғони фалакка чиқарди.

Фарзанд доғи адойи тамом қилган қайнота ўғлининг таъзиясига келганлар орасида кимнингдир: "Ҳаром бола бегуноҳнинг бошига етмай қўймас", деганини эшитиб, юраги тўкилиб кетди...

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди