Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№29 дан: 17.07.2014

(ҲИКОЯ)

ИШҚ ЎЙИНИ

Малика уни севарди. Аммо бунинг ошкор бўлишини истамасди. Унинг фикрича қиз бола ҳеч қачон муҳаббатини достон қилмаслиги керак.

Йигит илк бор унинг йўлларини тўсиб, гап ташлаганида ҳам роса аччиқланганди. Малика қаттиқ гапириб, Хуршидни жеркиб ташласа ҳам вазият ўзгармасди.

Охири қиз Хуршиднинг йўл пойлашларига, изма-из кузатиб қўйишларига кўникиб кетди. Ҳатто йигитнинг саволларига гоҳ-гоҳи жавоб ҳам берадиган бўлди.

Айни кузнинг жилвакор палласи. Ер юзини хазон безаган. Майин шабоданинг илк нафаси юзларга урилади. Йигит қиз билан баробар кетар, аммо сўзсиз қадам босардилар. Малика тезлашса, Хуршид ҳам дадил одимлар, секинласа, қадам "санарди". Шу вақт дайди шамол турдию, дарахт шохидаги баргларни учира бошлади. Маликанинг чаккасига олтинранг япроқ капалакдак қўнди. Аммо қиз буни пайқамади ҳам, йигит эса нигоҳларини узмай:

- Барг чаккангизга чиройли ярашди, - деди кулиб. Малика эса сочига қўнган япроқни қўлига олди-ю, беихтиёр жилмайди.

Шу-шу Малика Хуршидни кўп ўйлайдиган, олийгоҳга келибоқ нигоҳлари билан уни қидирадиган бўлиб қолди. Қиз ҳиссиётларини ҳаммадан ва ҳатто йигитнинг ўзидан ҳам яширарди. Уяларди. Ҳатто уни кўрганда ёноқларию, вужуди олов бўлиб ёнишини биларди. У пинхон севарди йигитни. Хуршид эса ҳар сафар Маликани бекатга кузатиб қўяркан, ҳамиша "Хайр, Малика, тушларингизда мени кўринг", дейишни канда қилмасди.

Охири Малика йигитга қатъий жавобини айтиши лозимлигини тушунди.

Негаки, бундай изма-из юришлар бир куни уйдагиларининг қулоғига етиб борса, дадаси, онасининг олдида ўзини қандай оқлайди? Қиз шуларни ўйлаб, ёнма-ён келаётган Хуршидга томон бурилди. Йигит ҳам илкис тўхтади.

- Илтимос, бундан кейин ортимдан юришни бас қилинг. Мени уятга, гап-сўзга қўйяпсиз. Севсангиз, ҳаммага кўз-кўз қилмай севинг ... - Малика бу гапларни бор кучини тўплаб айтди гўё.

- Майли, сиз нима десангиз шу. Ҳеч бўлмаса, телефонда гаплашиб турайлик, - ялинчоқ оҳанг бор эди Хуршиднинг сўзида. Аммо қиз буни ҳам рад этдию, тез-тез қадамлаб кетиб қолди.

Шу бўлдию, Хуршид қизни ортиқча безовта қилмади. Орадан анча вақт ўтди. Маликанинг туйғулари ҳамон ўша-ўша. Бироқ қизга йигитнинг ҳислари қоронғу эди.

Кейин эса Малика яқин дугонасидан Хуршидни ўзга бир қиз билан "юргани" ҳақида эшитиб, қулоқларига ишонмади. Хуршиднинг бундай қилиши тушига ҳам кирмаганди. Қиз йиғламади, барини кулиб енгди, ўзини бепарводек тутди, гарчи, бу жуда-жуда қийин бўлса-да. Хуршидни кўрганда, гапиришига, кўз ташлашига илҳақ бўлса ҳам сездирмади. Йигит ҳам унга тамоман бепарво, бегонадек ўтиб кетарди. Малика ўзини қўлга олди. Уни унутиш қўлидан келмаса-да, ҳаракат қилишга аҳд қилди. Аммо... Хуршиднинг яқин ўртоқларидан бирининг айтган гаплари уни тамоман эсанкиратиб қўйди.

- Малика, сизга зарур гапим бор. Бу сиз учун ҳам муҳимлигини биламан. Айтмоқчиманки, Хуршид сизнинг устингиздан бир оғайнимиз билан гаров ўйнаганди. Бу муҳаббат ўйини сиз у билан гаплашганингиздаёқ тугаган, яъни Хуршид гаровда ютган. У сизни ҳеч қачон севмаган...

Малика турган жойида тошдай қотди.

Бу гапларнинг залвори бутун вужудини эзиб юборди. Қиз дарҳол ўзини қўлга олди, бўғзини куйдирган йиғини аранг қайтариб, шарт ортига бурилдию шаҳдам юриб кетди...

Орадан йиллар ўтди. Куз яна эски хотираларни қўзғотиб кириб келди. Малика енгил шамолга ҳамоҳанг ўйлари билан йўлакда ёлғиз кетиб бораркан, сочларига нимадир қўнганини ҳис қилди, қўлини чаккасига қўйди: бу таниш, жуда таниш ҳолат эди...

"Барг чаккангизга чиройли ярашди", деган сўзлар қулоғи остида жаранглагандай бўлди.

ОЙДИНОЙ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди