Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 07.08.2014

"СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.

ВИЛОЯТИМИЗ СУВ МАНБААЛАРИ

Катта Фарғона канали

ХХ асрнинг улкан қурилишларидан бири бўлган, Марказий Осиё халқларининг турмуш даражасини яхшилаш борасида катта бурилиш ясаган Катта Фарғона каналининг тарихи барчамиз учун қизиқарли ва албатта ҳайратланарлидир. Бунинг боиси шундаки, асосан қўл кучи билан тупроқ қазилиб, ўз ниҳоясига етказилган ва Фарғона водийсида бунёд этилган энг йирик гидротехник иншоотдир.

Аслида инсонлар қадим-қадимлардан ҳаёт учун зарур бўлган сув манбааларини бўйсундириш учун канал қазиб, ариқ чиқариб, ерларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келадилар.Ўлка аҳолиси деҳқончилик билан шуғулланиб келар экан, доимо сув танқислиги, суғориш иншоотларининг камлиги оқибатида унумдор ерлар чўлга айланар эди. Катта Фарғона каналининг қурилиши эса аҳолининг унумдор ерларга бўлган эҳтиёжини қондириб, бир неча асрлар мобайнида қамиш босиб ётган ботқоқликлар ҳамда қум барханларининг ўрнида экинзорлар боғлар ва токзорлар, бунёдга келди.

Аниқ маълумотларга кўра, Катта Фарғона канали Ўзбекистон (283 км.), Тожикистон (62 км.) ва Қирғизистон (13 км.) ҳудудидан ўтади. Водийни шимоли-шарқидан жануби-ғарбгача кесиб ўтган. Асосий ўзани узунлиги 350 км. Вегетация даврида Норин (420 м3/с), Қорадарё (100 м3,с.), Сўх (12 м3,с.) дарёларидан 532 м3/с сув олади. Канал трассаси 2 трактдан иборат. Юқори Норин тракти (44 км.) Норин дарёси (Учқўрғон шаҳри яқини)дан бошланиб, Куйган-ёргача етиб боради. Қуйи Қорадарё тракти (301 км.) Қорадарёга қурилган Куйганёр тўғонидан бошланиб, Сирдарё билан деярли параллел ҳолда жанубгача Тожикистон Республикаси Хўжанд шаҳри яқинигача (Қайроққум сув омборидан юқорироқда) давом этган.

1939 йил 1 августдан бошланган халқ ҳашари билан Катта Фарғона канали жуда қисқа муддатда (45 кунда) қуриб битказилди. Шундан кейин КФК 1940 йилда Тожикистон ҳудудида яна узайтирилди (сув ўтказиш имконияти 150 м3/с). Халқ ҳашарида 180 минг нафар ишчи ва деҳқон ҳамда 3000 нафар муҳандис-техник ходим қатнашди. 270 километрли трассада 17 млн. м3 тупроқ қазиб чиқарилди (шундан фақатгина 1,7 млн. м3 тупроқ техника ёрдамида қазилган). Ишлар оғир бўлган участкаларда 14 экскаватор, 245 трактор,13 та булдозер, 10 та скрепер, 3 та автогрейдер, 420 автомашинадан фойдаланилиб, 42,2 минг м3 бетон ишлари бажарилди. 45 йирик ва 275 майда гидротехника иншооти қурилди. Канал 1953-1962, 1964 ва 1967 йилларда реконструкция қилинди. Узунлиги 345 километрга, сув сарфи 180 м3/с, энг жадал сув сарфи 211 м3/с га етказилди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудидаги 500 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, янги ерларни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлди. Каналда 1000дан ортиқ гидротехника иншооти (шулардан 50 таси йирик), жумладан, 9 тўғон, максимал сув олиши 162 м3/с бўлган 258 сув чиқаргич, 7 ташлама, 8 акведик барпо этилган, Каналдан транспорт ўтиши учун 101 та кўприк қурилган, Сел, ташлама ва суғориладиган майдонлардан чиқадиган дренаж сувларини оқизиб юбориш учун каналнинг чап томонидан коллекторлар ўтказилган.

Канал суви Ўзбекистонда уч вилоят (Андижон вилоятида 66,6 минг гектар, Наманган вилоятида 12 минг гектар, Фарғона вилоятида 125 минг гектарга) Қирғизистоннинг Ўш вилоятида (78 минг гектарга) ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятида (10 минг гектар) ерларни суғоришда фойдаланилади.

Катта Фарғона канали қурилишида асосий ишчи кучларидан ташқари, 204 та тарғибот маскани, 78 та радио тармоғи, 28 та кутубхона, 2918 нафар тарғиботчи, 704 нафар тиббиёт ходими, 1890 нафар санъаткор, 1072 нафар алоқачи, шунингдек, кўплаб зиёлилар, ёзувчи ҳамда бошқа касб эгаларининг ҳиссалари беқиёс бўлган. Канал қурилиши бошланган ўша 1939 йилнинг биринчи август куни ҳашарчилар жуда катта байрам каби карнай-сурнай наволари остида кўтаринки руҳ ва кайфиятда иш бошлаган эдилар.

Каналнинг қазиш узунлиги 30 метрга етадиган энг оғир бўлимларида ёшлар жонбозлик билан меҳнат қилдилар. Муҳандис М. Ихсонов, ишчи Боймирза Бобоев, канал қурилиши бошлиғи Тешабой Мирзаев ва бошқа минглаб меҳнаткаш инсонларнинг кечаю кундуз тиним билмай қилган меҳнатлари таҳсинга лойиқ эди. Канал қурилишида давлат арбоблари Бузрукхўжа Усмонхўжаев, Йўлдош Охунбобоев, Усмон Юсуповлар бош-қош бўлган эдилар.

Ўша даврнинг машҳур санъаткорлари Тамарахоним, Халима Носирова, Лутфихоним Саримсоқова, Гавҳар Раҳимова ва бошқалар ҳам халол меҳнат қилаётган ҳашарчиларга маданий хизмат кўрсатиш билан қўллаб-қувватладилар. Бир ёқадан бош чиқариб, катта меҳнат ғалабаси билан якунланган халқ ҳашари самараси ўлароқ, Фарғона водийси аҳолисининг турмуш тарзининг юксалишида муҳим аҳамият касб этди. Қолаверса, Истиқлолга эришган юртимизнинг боғ-роғларини гуллатаётган, элимиз дастурхони тўкин бўлиши учун ҳосилдор ерларни сув билан таъминлаётган Катта Фарғона канали ўзбек халқининг чин маънодаги миллий бойлигига айланганига шак-шубҳа йўқ.

Феруза МИРЗАОЛИМОВА ва Моҳимбону СОБИРОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди