Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 07.08.2014

МАДҲ

Бахтимнинг илдизи сендадир, Ватан!

Раҳматли опоқдадамнинг уруш хотираларини кўзда ёш билан сўзлаб берганларини кўп эшитганман. Келин бўлиб тушганимдаёқ уларнинг (қайнотамнинг дадаси) салобати босар, ордену медалларга тўла кийимлари эса машъум кунлар поёни сифатида кўз ўнгимда гавдаланарди. Англардимки, у кишининг тинчлик ҳақидаги тасаввури бизникидан кўра буюкроқ эди...

Шиддатли жангларнинг гувоҳи бўлган уруш қатнашчисининг айтганларининг суратларини ўзимча хаёлан чизишга уринардиму, энг олий неъмат юрт озодлиги эканини тушуниб етардим...

***

Ватан... Гоҳи оқ, гоҳи қора ўтмиш саҳифаларини ўзида жо айлаган муқаддас битик...

Ватан... Мустақиллик негизида яна-да кўрк очаётган обод маскан...

Ватан... энг буюк ҳақиқат, энг олий иноят...

Суронли кунлар заҳматини чекканлардан, мусофирликнинг оғир тузини тотганлардан "Ватан сиз учун нима?" деб сўраб кўринг-а... ҳеч сўз айтмайдилар, шу муқаддас заминни, оёқларимиз остида топталмоққа маҳкум тупроқни аста юзларига босадилар. Улар юрт бўйини, тупроқ ҳидини сизу биздан кўра яхшироқ сезадилар...

***

Бахтнинг асл илдизи Ватан қучоғида. Юрт бағрида эркин яшаш бахтига не етсин аслида! Кунларимизнинг фаровонлиги, тонгларимизнинг оппоқ отаётгани, тунларимизнинг беҳадик ва осуда ўтаётгани энг олий бахтдир. Биз юрт ҳижронини кўрмадик (илоҳим, кўрмайлик!). Мана шу бахтимиз!

Ҳинд тупроғида ўз юртининг муаттар ифорини соғиниб ўтган, Ватани соғинчи билан то умрининг сўнгигача ёнган Мирзо Бобурни эслайлик. Ёхуд қатағон йилларида хорижга мажбуран чиқиб кетган юртдошларимизнинг ўз диёрларига қайта олмаганларини ёдга олайлик. Уларнинг юрт дийдорига ташна нигоҳларида, соғинч ҳасратида адо бўлаёзган кўнгилларида асл Ватан намоён!

***

Кексаларимизнинг яхши бир дуоси бор: "Ватангадо бўлишдан Ўзи асрасин!" Болаликда бу дуо мағзини яхши англолмасдим. Улғайган сайин эшитганларим, кўрганларим, ўқиганларим асносида бу дуо негизида жуда катта маъно мужассам эканини тушуна бошладим. Англадимки, энг оғир жиноят - юртга ҳиёнат, энг оғир жазо эса ватангадо бўлишдир. Ризқ берган, кийинтирган, яхши ҳаёт учун шароит яратган юртга сотқинлик қилмоқликни оқлаш мумкинми? Уларга фақат чексиз нафрат кифоя. Ватан қадрини идрок этишга ожиз улар...

***

Ватан... Олис тарихдан яраланган кўксингни топдим. Ундаги заҳматли, суронли урушларнинг машъум қиёфаси кўз ўнгимда намоён бўлди. Қаҳрамонликлари билан дунёга номи достон бўлган улуғ ўғлонларинг жасорати кўнг-лимга чексиз фахр бағишлайди.

Юртим, бағринг узра кезаётган эрк шабодаси маст этади дилни. Мусаффо осмонинг қадар ифтихорга тўла юракда орзиқиш:

Суронли тарихда қаддин

кўтарган,

Буюк ғалабада кўксини

керган,

Ҳар кунга ободлик дурларин

терган,

Бахтимнинг илдизи сендадир,

Ватан!

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди