Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№38 дан: 18.09.2014

ҲАЁТ МАНЗАРАЛАРИ

Эрка келин

Малоҳатнинг ой-куни яқинлашди. Шомга бориб эри Илҳомжон ишдан келадиган вақтда белида оғриқ бошланди. Яхши ҳам тунов куни туғруқхонага керакли нарсаларини сумкага солиб тайёрлаб қўйган экан...

Келиннинг вақти-соатини пойлаб юрган Меҳринисо ая шошиб қолди. Дарров чой дамлаб новвот солди-да, иссиқ-иссиқ ичирди.

- Худойим осон йўлларидан берсин, икки жон саломат, эсон-омон қутилиб олинг, Оллоҳ умри узун фарзанд берсин, - дея дуо қилди. Шу пайт ўғли кириб келди.

- Хайрият-эй, ўзинг келиб қолдинг, Малоҳатхонни туғруқхонага тезда олиб бориш керак, шекилли. Бўл болам.

Илҳомжон "Тез ёрдам" чақирди... "Тез ёрдам" келин-куёвни олиб шошилинч йўлга тушди. Уларга Меҳринисо ая ҳам ҳамроҳ бўлди.

- Ҳали вақт бор экан, шунчаки оғриқ бошланибди. Ҳозир кеч бўлди. Сизлар бу ерда кутиб турмай, кетаверинглар. Худо хоҳласа саҳарга яқин кўзи ёрар... - деди навбатчи доя.

- Йўқ, дўхтиржон қизим. Биз шу ерда кутиб тураверамиз. Уйга кетсак ҳам барибир хаёлимиз шу ерда бўлади. Одамдан одам келиши осонмас... - деди қайнона.

Она-бола анча вақтгача кетгани кўнгиллари бўлмай йўлакдаги ўриндиқда ўтиришди.

- Ойижон, мен яхшиман. Оғриқ ўтиб кетди, - дея Малоҳат йўлакка чиқди. Уларни кузатиб қўйди.

Малоҳатнинг чеҳрасини кўриб, кўнгли хотиржам бўлган қайнона ва эр ҳозирча уйга кетиши мумкинлигини тушунишди.

Илҳомжон туғруқхонадан келиб, қорнини тўйғазди-да, ухлаб қолди.

Меҳринисо ая эса алламаҳалгача ухлай олмади. Ҳуфтон намозини ўқиб бўлиб ҳам жойнамоздан турмади. У Худодан келинига оқ йўл сўради.

- Эй, Худо! Ўзинг боламга енгиллик бер. Ўзинг туккан тугунни ўзинг ечгин... Болаларимнинг боласи эсон-омон туғилсин. Баъзан менга гап қайтарган вақтларида жаҳлим чиқиб келинимни қарғаб юборган бўлсам, қарғишларимни қайтариб олдим. Ўшанда менинг дилимни оғритган бўлса ҳам, майли, саломат бўлсин. Кечирдим... кечирдим...

...Улар тонг қоронғусида туғруқхонага йўл олишди. Бу вақтда Малоҳатхон ухлаб ётарди.

- Туринг, қайнонангиз, куёвингиз сизни кўргани келишибди, -дея уни хонадаги шериги елкасидан туртиб уйғотди.

- Вой, ўлмасам, ҳали тонг ҳам отмабди-ку. Мени кўргани келишибдими? Ҳозир чиқаман.

Малоҳат юзини ювиб, шошибгина пастга тушди.

- Ассалому алайкум! Келинглар!

- Эсон-омон тонг оттириб олдингизми? Оғриб чиқмадингизми қизим?

- Йўқ, оғриқ ўтиб кетди. Юрибман-ку...

- Ҳа, майли, болам-е, ўз вақти-соати бордир. Сиздан хавотирландим. Худога шукр, яхши экансиз. Айтишиб қолганимизда сизни қарғаб юборганларим эсимга тушиб, бари гапларимни қайтариб олдим, деб намозларимда тавба қилдим... Ҳеч ухлолмадим... -деди келинига меҳр билан боқиб Меҳринисо ая.

Малоҳатхон қайнонасининг самимий, очиқ айтган бу гапларини эшитиб кулимсиради.

- Онанинг қарғиши тегмайди, дейишади, ойижон. Ахир сиз ҳам онамсиз-да. Эсимда йўқ нима деганларингиз. Мени ўйлаб ҳаққимга дуолар қилибсиз, раҳмат.

Қайнона-келин ўртасидаги бу гапларни ўғил жимгина эшитиб турарди.

Улар келинчак билан хайрлашиб, шомга қолмай яна хабар олишларини айтиб кетишди.

Пол артаётган фаррошнинг қулоғига Меҳринисо аянинг гаплари тушиб қолган экан. Она-бола кетгач, у Малоҳатхонга:

- Қизим, қайнонангиз кўнгли пок, яхши аёл экан. Кечаси билан сизни ўйлаб, ухлолмай чиқибди, -деди.

- Ҳа, ҳаммаси яхши одамлар. Фақат мен ўзим сал қайсар, эркароқман холос, - деди келин.

Ойдин МАМАДАЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди