Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№40 дан: 02.10.2014

Дил туfёни

"ЎЗИМДА ГУНОҲ..."

Асли менга аталган қисмат битиги айрилиқ экан. Чақалоқлигимда онамнинг охирини ўйламай босган енгил қадами туфайли дадам қишлоқни ташлаб шаҳарга келиб қолган эканлар.

Бу ерда оиласи билан фарзандсизлиги туфайли ажрашган аёлга уйланиб, рўзғор қилганлар. Аммо орадан анча йиллар ўтиб фарзанд кўрмаганлари сабабли аёллари дадамдан суд орқали мени онамдан олишларини, ўз фарзандидек кўриб, меҳр беришини айтиб ўтинибди.

Икки бола билан ака-укалариникида сиғинди бўлиб яшаш жонига теккан онам буни эшитиб мени дарҳол отамга бериб юборибди, опамни бувимга ташлаб, қўшни вилоятга эрга тегиб кетибди. Шундай қилиб, бу оилага беш ёшимда келиб қолганман. Мен ўгай онам қўлида қийналдим деёлмайман. Ўзим орзу қилган ўқув даргоҳларида ўқидим. Машиналарим бор, данғиллама уй-жойимга ҳамманинг ҳаваси келади. Қолаверса, ойим ҳеч қачон менга ўгайлик назари билан боқмаган. Кўнглимни ўкситмаган. Уларни ўгай онам дейишга тилим бормайди.

Бир қизни севардим. У билан аҳду паймонимиз бор эди. Келажагимиз билан боғлиқ ойдин орзуларимиз қанотида бахтдан умидвор эдик. Ойим унамади. У биттаю битта ўғлига тагли-зотли, "қуда дейишга арзирли" оиланинг қизини келин қилмоқчилигини айтди. Бошимни эгиб, сукут сақлашдан бошқа иложим йўқ эди. Чунки, отам ҳам ойим томонда, менга эса фарзанд ота-онанинг раъйини қайтариши - гуноҳи азим қабилида тарбия беришган. Шундай қилиб, ўзим истамаган, севмаган қизга уйландим.

Орадан бир йил ўтиб тўнғич ўғлим туғилди ва рафиқам иккимизнинг орамиздаги совуқ муносабатни илитди. Энди иккимиз ҳам бир-биримизга меҳр-муҳаббат назари билан қарай бошладик. Юрагимдаги дардли муҳаббат доғлари ҳам секин-аста ўчаёзди. Нима бўлганда ҳам, севги бошқа, турмуш бошқа экан. Фарзанд чиндан ҳам дилларни яқинлаштирар экан. Иккинчи ўғлимнинг туғилиши мени бахт қасрининг султонига айлантирди. Оёғим остида энг сўнгги машина, энг юқори лавозим, меҳрибон рафиқа ва қўчқордек икки ўғил.

Бу саодатдан бошим айланиб, хотинимни маликага айлантирдим. У қўлини совуқ сувга урмасин деб, уйга хизматчи ёлладим. Иккинчи ўғлим бир ёшга тўлиб-тўлмай, "ишга чиқаман", деб хархаша қилди, ўзи ўқиган институтга ишга жойлаштирдим. Хоҳлаганини бир зумда муҳайё этдим. Оқибатда эса...

Бир куни ишга кетаётиб қўшни аёлларнинг маъноли қараб, шивир-шивир қилганидан ажабландим. Маҳалламизнинг ўртасидаги тор кўча ўртасига бир уюм шағал келтириб ташлаган маҳалладошимга:

- Кўчадан ўтишга қийналяпмиз, ташлаб қўйганингизга бир ҳафтадан ошиқ вақт ўтди. Шағални тезроқ ишлатиб юборинг, - дегандим, ҳалиги одам заҳархандалик билан:

- Қўяверинг Фурқатжон, бу шағал шу ерда тургани маъқул. Айрим бегона машиналар маҳалламиз келинларининг оромини бузмайди, - деб ҳиринглаб қўйди. Гапнинг оҳангига ҳам, маъносига ҳам тушунмадим. Лекин ичимдан зил кетиб, юрагим беҳаловат бўла бошлади. "Бу нусха нимага шама қиляпти?! Оғзим бор деб ҳар қанақа гапни гапираверадими?" Йўқ, бу ерда бир гап бўлиши керак. Ўз-ўзидан ҳеч ким бунақа нимкоса гапларни қилишга ботинмайди.

Кун бўйи ана шундай тизгинсиз ўйлар қуршовида ишни охирладим. Уйга қайтиб фарзандларим даврасида ўзимни бироз хотиржамроқ сездим. Аммо, хотиним ҳар гал кўзим тушганда, нигоҳларини яширишга уриниб, чўғдек қизариб кетарди. Бу ҳол ҳайратимни ошириб, яна юрагимга ваҳима оралатди. Нега унақа қиляпти? Лекин, аниқ ишонч билан айтаманки, ўша кезларда кўз очиб кўрганим, рафиқамдан гумон қилиш хаёлимнинг бир четига ҳам келмаганди...

...Хотини хиёнат қилган эркакнинг кўнглида қандай ҳасрату аламлар борлигини биласизми?! Ўша шармандали ҳолатга ўзи гувоҳ бўлган эркакнинг абгор қиёфасини чиза оласизми? Сиз бунда кимни кўпроқ айблаган бўлардингиз?.. Кўп савол бериб юбордим-а? Хотинимни хиёнат устида қўлга туширдим. Қачон ва қай аҳволда тутиб олганим аҳамиятсиз, муҳими у менинг уйимда, кўрпа-тўшагимда, нон-тузимни еб, меҳр-муҳбаттимга сазовор бўла туриб, менга, муқаддас оиласига, никоҳимизга хиёнат қилди. Бахтимизни, фарзандларимизнинг тақдирини ўйин қилди. Ишончимни поймол этди.

"...У билан институтда ўқиб юрган кезларимиздан бери севишамиз. Ўшанда у хорижга ишлагани кетган эди. Ҳар қанча норозилик қилсам-да, онам сизга турмушга чиқишга мажбурладилар..."

Аёвсиз калтакланган хотинимнинг саволимга берган жавоби бўлди бу. Мадорсизланиб ўтириб қолдим. Ўшанда мен ҳам унга уйланишни истамагандим. Аммо аҳдимда қатъий туролмагандим. Бир дилни севгимдан умидвор қилиб, муҳаббатим учун курашолмай аро йўлда ташлаб кетгандим. Мана жавоби. Хиёнатнинг калтаги қандай оғир тегаркан...

Расмий ажрашганимизга ҳеч қанча ўтмай яна уйландим. Юрсам ҳам, турсам ҳам кўз ўнгимдан болаларим нари кетмайди. Бу дунёда англаганим шу бўлдики, инсон бошига келадиган ҳар қандай кунга ўзи сабабчи экан. Ўз тақдиримга, келажагимга бепарво, лоқайд бўлганим, мени ана шундай хор этди.

Фурқатнинг изтиробларини ФАРЗОНА оққа кўчирди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди