Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№40 дан: 02.10.2014

УСТОЗ - УЛУҒ ЗОТ

Илм ҳамда илм аҳлларининг даражаси ҳар қайси жамиятда юқори қўйилган. Ўз-ўзидан маълумки, илму ҳунарни устозсиз эгаллаб бўлмайди.

"Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўргатса юз ранж ила,

Айламак бўлмас адо анинг ҳаққин минг ганж ила", деганда шеърият мулкининг султони, буюк мутафаккир, ҳазрат Алишер Навоий устозларга бўлган чексиз ҳурматни ифодалаган.

Хусусан, халқимиз ҳам қадим-қадимдан устозларга юксак эҳтиром кўрсатади. Айниқса, юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг фидойи касб эгалари бўлмиш ўқитувчи ва мураббийларга катта эътибор қаратилди. 1 октябрь "Устоз ва мураббийлар куни" сифатида белгиланганлиги ва бу кун умумхалқ байрам деб эълон қилиниши устозларимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ифодасидир.

Буюк саҳобий ҳазрати Али: "Менга алиф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳлса умрбод кишанбанд қилиб ишлатсин, истаса озод қилсин", деганлар. Бундан кўриниб турибдики, устознинг жамиятда тутган ўрни барча даврларда ҳам юқори қўйилган. Ёш авлоднинг теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида уларнинг хизматлари беқиёс.

Аллоҳ таоло бутун инсониятни зулмат, жаҳолат, залолатдан фақат илму маърифатгина халос этишини пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил қилган илк оятлар - "Иқроъ", яъни ўқинг деган чақириғида аён этган.

Инсон билими, маърифати билан жамиятда қадр-қиммат ва обрў-эътиборга эга бўлади, ҳатто Одам (а.с.)ни барча фаришталардан ҳам юқори мақомга кўтарган нарса илм-маърифатдир.

Устозлар илму маърифатни ҳамма нарсадан афзал билишади ва бутун ҳаётларини илмга, шогирдларига таълим беришга бағишлашади. Шунинг учун илм олувчидан устозини эъзозлаш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, унинг ҳурматини қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллаши мушкулдир. Бемор ўз ихтиёрини табибга бутунлай топширгани каби таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб, ҳурматлаши керак.

"Ҳидоя" китобининг муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: "Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бири дарс жараёнида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўярди. Зийрак талабалар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: "Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман", деб жавоб қилдилар.

Яна ҳикоя қилинадики, Имом Бухорий (р.а.) бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда имом Бухорий (р.а.) зиёратчининг устозлари юртидан келганлигини билиб уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб, меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва мактубни икки қўллари билан олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Қўлимизга қалам тутқазган, инжиқликларимизга сабр қилган, оқ-қорани танитган, отадек улуғ бўлган меҳри дарё, саховати уммон, маърифатимиз чироғи бўлган устозларимизни эъзозлайлик.

Фурсатдан фойдаланиб, барча устозларимизни касб байрамлари билан муборакбод этамиз. Уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни устозларига ҳурмат кўрсатадиган, устозларнинг кўнглини обод қиладиган хушхулқ бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Абдуҳалим ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги

"Ат-Термизий" жомеъ-масжиди имоми.

Муталибжон ЖУМАБОЕВ,

Андижон туманидаги "Файзибой ҳожи" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди