Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№40 дан: 02.10.2014

ҳаёт манзаралари

ОДАМИЙЛИК ЎЛМАСИН

Фалокат оёқ остида дейдилар. Раҳимжон ҳам сафари фожеали тугашини билганида йўлга чиқмаган бўлармиди. Бироқ тақдири азал деб бекорга айтилмаган.

Бу дунёда паймонаси тўлган экан бечоранинг. Курсдош дўстининг юбилейига кетар чоғида оила аъзолари уни хурсандчилик билан кузатиб колишган эди. Бир кундан сўнг унинг автоҳалокатга учраб ҳалок бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз. Нохуш хабар барчани эсанкиратиб кўйди. Ўғли амакиси билан ғам-ғуссага ботган ҳолда ҳодиса рўй берган вилоятга йўл олишди. Тегишли идораларга учраб, ҳужжатларни расмийлаштиргач, майитни олиб қайтдилар. Шу куни кечга яқин у абадий маконга қўйилди. Маросимда жамоат кўп бўлди. Қариндош-уруғ, ёр-биродарлар, қўни-қўшни дастлаб масжидда жанозаси ўқилгандан сўнг тобутни қабристонгача елкада кўтариб олиб бордилар. Барча унинг ёшгина умри бевақт хазон бўлганига ачинди.

Бир ҳафтадан сўнг унинг хонадонида маърака ўтказилди. Катта хонага маҳалладаги қўни-қўшниларга жой тайёрланди. Маҳалла қориси ўтганлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилди. Шундан сўнг жамоат бир муддат жим қолди. Одатда бундай пайтларда одамийлик, меҳр-оқибат, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи каби мавзуларда амру-маъруф тингланади. Марҳумнинг яхши фазилатлари ҳақида, у билан содир бўлган воқеалар тўғрисидаги хотиралар сўзланади. Аммо бу ерда ундай бўлмади. Суюқ овқат тамадди қилиб бўлингач, йигирма дақиқалар чамаси қўшнилардан бирининг йўқолган ити муҳокама қилинди. Ўтирганлар бири олиб, бири қўйиб ўша итнинг қилиқлари ҳусусида сўзлай бошлашди. Унинг нақадар сезгир бўлгани, яхши-ёмон одамларни ажрата олиши, кимга ҳуриб, кимга думини ликкилатиши ҳақида узоқ суҳбатлашдилар. Кейин ош тортилиб, дастурхонга фотиҳа қилинди ва маърака иштирокчилари уйларига тарқалдилар.

Шунда бир нарса қалбимни ларзага солди. Бу одамлар марҳумнинг уйига нима учун келишди? Маъракада иштирок этишдан мақсад нима? Мезбонлар тузаган дастурхон устида нега яқиндагина сафларида бўлган, эндиликда ўрни бўшаб турган инсон хотирасини ёд этиш ҳеч кимнинг эсига келмади. Ахир Раҳимжон қурилиш устаси бўлгани учун уларнинг кўпига хизматини ўтказиб қўйганди-ку. Кимнинг томини ёпишга, кимнингдир дарвозасини тузатишга, яна бирининг деворини тиклашга ҳисса қўшганди. Маҳалладошларидан қўлидан келган ёрдамини аямасди. Энди эса, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, бу маҳаллада уста Раҳимжон деган кимса яшамагандек. Дастурхон устида еб-ичиб марҳум тўғрисида бир оғиз ҳам сўз айтмай, кимнингдир йўқолган ити ҳақида суҳбат қурилганда марҳумнинг арвоҳи чирқилламаганмикин?

Халқимизда қоғозга ёзилмайдиган қонунлар ҳам борлиги даврадаги ёшларнинг хаёлига келмаса, маъракада иштирок этаётган ёши улуғ отахон-у, акахонлар яхши билишарди-ку. Ёшларга қадимдан давом этиб келаётган бундай удумлар эслатиб қўйилса, уларга амал қилиш зарурлиги тўғрисида панду-насиҳат қилинса, савоб иш бўлмайдими?! Инсонийлик зийнати қадрланмайдими? Бундай маъракалар ҳали кўп маротаба ўтказилади. Уларда ўтган инсоннинг яхши амаллари ҳақида гапиришни унутмайлик.

Марҳумларга нисбатан бундай ҳурматсизликни баъзан қабристонда ҳам учратиш мумкин. Майитни қўлма-қўл ва елкама-елка кўтариб бу ерга олиб келинади. Бу билан сўнгги манзилга кузатилаётган марҳумни ҳурмати бажо келтирилади. Зеро, кечагина ёнимизда юрган инсон бугун йўқ. Энди уни тополмаймиз. Бу нақадар аламли ва ачинарли.

Аслида, бу тақдир. Туғилмоқ борки, ўлмоқ ҳам бор. Ким ёш, ким кексайиб вафот этади. Бироқ қариндошингизга айланган кишингиз дабдурустдан бу дунёни тарк айласа, юрак-бағрингиз эзилмайдими? Қабрга тупроқ тортилиб, домла Қуръон тиловатини бошлаган пайтда қалбингиз дилгир бўлмайдими? Худди шу пайт ёнингизда ёшларнинг кулгиси эшитилиб қолса ёки улар дафн этаётган майитни унутиб, кечқурунги зиёфат хусусида суҳбатга киришса қандай ҳолатга тушасиз?

- Кечагина улфатлар даврасида бўлиб, дўстлари билан ошхўрлик қилиб турган инсон бугун йўқ. Уни қаро ерга дафн этишаётган бир пайтда тенгқурлари навбатдаги ош қаерда бўлишини муҳокама қилиб туришса инсонийлик қайда қолди? Тирикнинг ҳурмати бўлганидек, ўликнинг ҳам ҳурмати бўлиши керак-ку. Ёки "ўлдинг-ўчдинг " қабилида иш тутиладими?

- Эй ғофил банда , дунёга ҳеч ким устун бўлмаган. Эртами, кечми бундай қисмат барчамизнинг бошимизда бор. Шунинг учун тирикнинг юзини қилганда, марҳумнинг ҳам руҳини қувонтириш, эъзозини ўрнига қўйиш ҳар бир кимсанинг инсонийлик бурчи. Одам ўлади, лекин одамийлик ўлмасин!

Бахтиёр МАНСУРОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди