Ўзбекистон - умумий уйимиз
ТУҒИШГАНЛАРИМДЕК ҚАДРДОН
Дунёда Ватан ва онани танламайдилар, улар инсоннинг пешонасига тақдири азал каби битилган бўлади, дейишади. Шу маънода баралла айтишим мумкинки, мен бахти кулган аёлман. Чунки пешонамга Ўзбекистондек тенги йўқ ва гўзал юртда яшаш битилган. Бундан қалбим чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади.
Тошкентдан Балиқчига кўчиб келганимизга қирқ йил тўлди. Ўшанда турмуш ўртоғим билан Балиқчининг серҳосил ерлари ҳақида эшитиб, деҳқончилик қилиш мақсадида бир йилга келгандик. Бироқ бу ерга меҳримиз тушиб, кетгимиз келмай қолди. Шу ерда яшаб, тўрт фарзандни қаторга қўшдик. Улар эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб улғайишган. Миллатим корейс бўлса-да, ўзбек урф-одатларини яхши кўраман. Ўзбек қизларидан келин туширдим, 6 нафар набирам бор.
Балиқчининг гўзал табиати, одамларининг меҳрибонлиги, бир-бирига қайишиши менга жуда ёқади. Қўшниларимиз, ҳамқишлоқларим мени доимо қўллаб-қувватлаб келишади. Яхши-ёмон кунларимда елкадош бўлиб, туғишганларимдек қадрдон бўлиб кетишган. Тўй-маъракаларимиз бир-биримизсиз ўтмайди. Улардан кўрган меҳр-оқибатни ўйласам, ўзимни бир умр қарздорман, дегим келади.
Дастлаб келган йилларим деҳқончилик, чеварлик билан шуғулландим. Болалар боғчасида тарбиячилик қилдим. Кейинроқ матлубот жамиятида, нотўқима матолар фабрикасида ишладим. Ҳозир нафақадаман. Шу билан бирга, "Оқтом" уй-жой мулкдорлари ширкатини ҳам бошқараман.
Кимки эли, юрти учун ҳалол меҳнат қилса, меҳнатлари ерда қолмас экан. Менинг меҳнатларим ҳам ҳукуматимиз томонидан эътиборсиз қолмади. 2010 йилда "Мустақилликнинг 20 йиллиги" нишони, 2011 йилда "Шуҳрат медали" билан тақдирландим.
Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик муносабатларини кўриб қувонаман. Эл-юртнинг аҳиллигида, ҳамжиҳатлигида гап кўп экан. Ана шундай аҳиллик бор бўлгани учун ҳам юртимиз равнақ топиб бормоқда.
Раиса ЮН,
меҳнат фахрийси.
Балиқчи тумани.
|