Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№48 дан: 27.11.2014

Бизнинг суҳбат

Одина ҒОЗИЕВА:

"САҲНА ПОКЛИКНИ ЁҚТИРАДИ"

Театр саҳнасида, турли сериалларда асосан ўзбек оналари образларини қойилмақом қилиб ижро этаётган истеъдодли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрининг етакчи актрисаси, ҳамюртимиз Одина Ғозиева билан унинг ҳаёти ва ижоди, инсон камолоти ва аёл бахти хусусида суҳбатлашдик. Ана шу суҳбатни сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Одина опа, инсоннинг касб ҳақидаги тушунчаси маълум даражада болаликда шаклланади. Ўша бетакрор фаслдаги орзуларингиз, дилингизда илк ҳаваслар уйғонган дамларни ҳам эслаб турасизми?

- Албатта, эсламай бўладими? Болаликда бирон касб ёки ҳунарга иштиёқ пайдо бўлади. Бу эса йиллар ўтиши билан янада мустаҳкамланиб борар экан. Санъаткорлар оиласида туғилиб, ўсганим боисми, санъатга бўлган қизиқиш ёшлигимдан қалбимда илдиз ота бошлаган. Дадам моҳир созанда Муҳаммаджон Юсупов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, онам Ширмонхон Ғозиева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими эдилар. Акаларим Асқаржон журналист, Мансуржон педагог бўлсалар-да, санъатни жуда нозик тушунишади. Дадам раҳматли чолғу асбобларини маромига етказиб чалар эдилар. Маъмуржон Узоқов, Фаттоҳхон Мамадалиев каби машҳур санъаткорлар билан қизғин ижодий ҳамкорлик қилган.

Онам... Кунларнинг бирида устоз санъаткорлар - Мукаррама Турғунбоева, Лутфихоним Саримсоқова, Тамарахоним, Ҳалима Носировалар Асака шаҳрида концерт беришади. Шунда онам қизиқиб кетиб, саҳнада рақсга тушганлар. Ўша даврнинг машҳур санъат дарғаси Уста Олим Комилов онамнинг рақсини кўриб, ўз гуруҳига таклиф қилган эканлар. Онам оиласидагиларнинг қаршилигига қарамай, санъат соҳасини танлаганлар ва 16 ёшидан театрда турли катта-кичик ролларни маҳорат билан ижро эта бошлаган. Онам ижро этган "Нурхон" спектаклидаги Нурхон, "Гулсара"да Гулсара, "Аршин мололан"да Гулчеҳра каби кўплаб образларни катта ёшдаги кишилар ҳанузгача яхши эслашади.

Хонадонимизга жуда кўплаб устоз санъаткорлар ташриф буюришарди. Уларнинг ижро этаётган ҳар битта куй-қўшиқлари мени ўзига оҳанрабодек тортарди. Бундай ижодий даврага қандай кириб қолганимни сезмай қолардим. Атрофимдаги муҳит, қизиқиш, иштиёқ сабаб, беш ёшимдан санъат остонасига қадам қўйдим. Яқинларим интилишларимни кузатиб "Одинахонда ҳам яхшигина овоз бор, Худо хоҳласа, ундан яхши санъаткор чиқади", деб қўйишарди. Таниқли санъаткорларнинг хонадонимизга ташрифлари, дадам билан ижодий мулоқот ва баҳс-мунозаралари менинг санъаткор бўлиб шаклланишимда муҳим аҳамият касб этган. Чунки, доимо оиламизда ижодий жараён ҳукм сурар эди.

Онам 1961 йилда Шаҳрихонда истеъдодли ёшларни йиғиб, "Чашма" ашула ва рақс халқ ансамблига асос солди. У киши истеъдодли ёшларга санъат сирларини ўргатишдан толмасдилар. Бу ансамбл ўз даврида жуда қизғин ижодий фаолият олиб борди. Германия, Польша, Франция, Покистон каби кўплаб хорижий давлатларда гастроль сафарларида бўлиб, ўзбек халқининг нодир куй-қўшиқларини жаҳон бўйлаб тарғиб этган. Мен ансамблда ҳам қўшиқчи, ҳам раққоса сифатида фаолият олиб бордим. Ансамблимиз вилоятлараро ўтказилган танловда биринчи ўринни эгаллаган. Кейинчалик, қўшиқчилик ва рақс бўйича бир қанча фестивалларда лауреат бўлдим. Булар институтга киргунимга қадар давом этган.

- Суҳбатларингизнинг бирида "Лутфихоним Саримсоқова "Худо хоҳласа, Одинахон, сиз беш қиррали санъаткор бўласиз", деб айтардилар", деган эдингиз. Сиз бугун ўзингизни беш қиррали санъаткор даражасига етдим, деб ҳисоблай оласизми?

- Ҳозир театрда роль ижро этсам, устоз санъаткорлар "Одинахон, сизда аямиз (Лутфихоним)нинг ёшлигини кўраяпмиз", деб кўп бор такрорлашади. Ростдан ҳам болалигимдан аямнинг ўйнаган ролларига ҳавас қилардим. Айниқса, унинг "Сен етим эмассан" фильмидаги она роли юрагимга қаттиқ муҳрланган. Устозим Лутфихоним Саримсоқовага шогирд бўлиб, у кишининг дуоларини олиб, шундай даражага эришдим деб, ўйлайман. Озми, кўпми томошабинлар ҳурмат-эътиборига сазовор бўлдим. Мен ҳеч қачон ўзимни беш қиррали санъаткорман, дея олмайман. Ижодимга эса томошабинлар баҳо беради.

- Одина опа, ҳали ҳам қизғин ижодий жараёндасиз. Саҳна фидойиларни сийлайди, деган гап ростми?

- Албатта, рост. Саҳна чиндан фидойиларни сийлайди, у покликни ёқтиради. Ота-онам ёшлигимдан: "Одинахон, саҳна фидойиларники, уни ҳурмат қилиш шарт", деган фикрни сингдиришган. Буни йиллар давомида устозларимдан ҳам эшитдим ва ҳақиқат эканлигига кўп бора амин бўлдим.

- Инсон камолотида устозларнинг ўрни беқиёс. Шу ўринда устозларингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз.

- Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Лутфихоним Саримсоқовани ўзимга устоз, деб биламан. Шунингдек, Раззоқ Ҳамроев, Эътиборхоним Жалилова, Ҳамза Умаров, Марям Ихтиёрова каби устозларим ҳам менинг хақиқий санъаткор бўлиб етишишимда муҳим ўрин тутганлар.

- Аёл сифатида бахтга қандай таъриф берасиз?

- Бахт - бу Аллоҳнинг мўъжизаси. Аёл учун фарзанд, уларининг камолини кўриш, ўзи ёқтирган касбни эгаллаш, турмуш ўртоғи билан умргузаронлик қилиш чинакам бахт бўлса керак. Ҳар бир аёлга мана шундай эзгу бахт насиб қилсин!

- Самимий ва мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!

Суҳбатдош: Миролим ИСАЖОНОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди