Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№50 дан: 10.12.2014

Мутахассис минбари

ВИДЕОКОНФЕРЕНЦАЛОҚА РЕЖИМИДАГИ СУД МАЖЛИСИ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ЎТАДИ?

XXI аср - ахборот технологиялари асри. Ахборотлаштириш жараёнларининг жадал суръатлар билан ўсиб бориши ижтимоий муносабатларда, қолаверса, суд-ҳуқуқ ислохотларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Ўзбекистон Республикасида судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг навбатдаги босқичида хўжалик судлари фаолиятида ишларни юритиш самарадорлигини таъминлайдиган ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш, тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив хизматлар сифатини яхшилаш, судьялар ва суд ходимларининг компьютер саводхонлиги даражасини ошириш, шунингдек, тизимда ахборот хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

2014 йил 14 майдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги қонуни билан Хўжалик процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби белгиланди. Суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши билан боғлиқ процессуал қонунчиликка киритилган қўшимчалар жорий йилнинг 1 сентябридан амалга киритилди. Хўш, видеоконференцалоқа нима? Cуд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш деганда нима тушунилади?

Видеоконференцалоқа - икки ва ундан ортиқ хўжалик судлари ўртасида бир вақтнинг ўзида ўзаро аудио ва видео ахборотлар алмашинуви имконияти мавжуд бўлган интерактив телекоммуникация техногиясидир.

Cуд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш - бу низоли иш бўйича тарафнинг ўзи ҳозир бўлиб турган ҳудудидаги хўжалик судининг компьютер техникаси билан жиҳозланган махсус залида туриб, видеоконференцалоқа воситасидан фойдаланилган ҳолда, бошқа ҳудудда жойлашган хўжалик судида кўрилаётган суд мажлисида қатнашишидир.

Процессуал қонунчиликка киритилган мазкур янги ҳуқуқий жараён бир қатор хусусиятлари билан аҳамиятлидир.

Хусусан, биринчидан, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси низо тартибидаги хўжалик ишларига тааллуқлидир. Суд буйруғи тартибидаги аризаларга ушбу режим татбиқ этилмайди. Чунки, суд буйруғи бериш ҳақидаги аризалар тараф вакилларини чақирмасдан суд мажлисисиз ҳал этилади.

Иккинчидан, хўжалик иши бўйича суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш - бу тарафларнинг ҳуқуқи ҳисобланади. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси тарафларнинг хоҳиши билан ўтказилади.

Учинчидан, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси алоҳида компьютер техникалари билан жиҳозланган залларда ўтказилади. Тарафлар низоли иш бўйича ўзи ҳозир бўлиб турган хўжалик суди орқали республиканинг муайян хўжалик судида ўтаётган суд мажлисида иштирок этиши мумкин. Тарафнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишида унинг давлат рўйхатидан ўтказилган, мол-мулки жойлашган, асосий фаолияти амалга оширилаётган жой, шунингдек, фаолият тури, низонинг мазмуни каби масалаларда бирорта шартлар белгиланмайди.

Тўртинчидан, ёпиқ суд мажлисларидан ташқари барча суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Бешинчидан, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси юридик жиҳатдан одатдаги суд мажлисига тенгдир. Тарафлар мазкур суд мажлисларида процессуал қонунчиликда назарда тутилган барча ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларни бажарадилар.

Олтинчидан, тарафларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланишига суд жараёнларини барча босқичларида йўл қўйилади. Тарафлар, нафақат, даъво аризасини, балки кўрилган иш натижаларидан норози бўлиб тақдим этилган апелляция ва кассация шикоятларини ҳам видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида кўрилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Еттинчидан, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси ишни кўраётган ва ушбу суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган хўжалик судлари ўртасида ташкил этилади.

Саккизинчидан, даъвоси видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида кўрилган тараф белгиланган миқдорда суд харажатларини ташкил этувчи маблағларни тўлайди. Ишни кўриш натижалари бўйича даъво қаноатлантирилганда, мазкур ҳаражатлар жавобгар ҳисобидан ундирилади.

Видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказиш тарафларга, хусусан, тадбиркорлик субъектларига қатор афзалликлар беради. Жумладан, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш имкониятининг жорий этилиши процесс иштирокчиларига, шу жумладан ишни кўраётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектларига ўзлари жойлашган ҳудуддан чиқмасдан, вақтлари ва маблағларини тежаган ҳолда суд процессида иштирок этишларига имконият яратади. Видеоконференцалоқа тизимининг жорий этилиши суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқни амалга ошириш учун қулай шароитларни яратади. Бундан ташқари, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши натижасида ишларни кўришда тезкорликка ва процессуал муддатларнинг тежалишига эришилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар, энг аввало, олий қадрият сифатида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш, уларга қатъий риоя этилишини таъминлаш, суд муҳокамаси иштирокчиларига, хусусан, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, уларнинг сарф-харажатини ва вақтини тежаш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, судда иш юритишни соддалаштириш, фуқароларнинг хуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, замонавий ахборот-коммуникацион технологияларнинг имкониятларидан судлар фаолиятида самарали фойдаланиш мақсадларига йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Давронбек ҚОСИМОВ,

Андижон вилоят хўжалик судининг раиси в/б

Олимжон РАЖАБОВ,

Ўзбекистон Республикаси олий хўжалик суди бўлим бошлиғи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди