Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№50 дан: 10.12.2014

Ҳикоя

ЎГАЙ ОНА

Илиқ оқшом. Кўкни ўгача бир гўзаллик чулғаётир. Ҳув бўшлиқда сузиб юрган ойга инжулардек ярқираб, сеҳрли нур сочаётган юлдузларга боқаман. Баргларнинг шивир-шивири эшитилади. Шу лаҳзаларда Раънонинг кўнглида мунис ўйлар чарх урарди. Унинг хаёлида онасининг хорғин чеҳраси. Бу қиёфа гоҳ юлдузлар, гоҳ тераклар орасида унга боқаётгандек туюлади. Буларни кузата туриб онажонисини қўмсади: "Онажоним... бевақт хазон бўлдингиз. Юрак хасталиги, тинмай даволаниш ва муолажаларнинг фойдаси бўлмади. Биз - икки қиз ва укамни дадамга қолдириб жуда эрта дунёдан кўз юмдингиз. Дадам сизни тузалиб кетади, деган умид билан яшади..."

Раъно буларни ўйлаб ич-ичдан эзиларди. Бу кечинмаларини эса ойга айтиб, у билан сирлашиб гўё енгиллашарди. Инсон ҳамма нарсага чидаши мумкин. У қанчалик уринмасин, талвасага тушмасин, тақдири азалдан, пешонага битилганидан қочиб қутула олмайди...

Раънонинг кўзидан икки томчи ёш оқиб тушди. Ойга тикилганча у билан сирлашишни давом эттирди:

"Эртага отамни уйлантиришмоқчи. Уйимизга ўгай она келади. Ўгай она ҳақида ўйласам "Зумрад ва қиммат" эртагидаги каби ўгай она кўз олдимга келади. Дадамга ҳам қийин бўлиб кетди. Кўчага чиқиб бемалол бошқа оталар каби яйраб юролмайди. Иши тугаши билан, эртароқ уйга қайтсам, дейди. Уйга келиб эса барча юмушларни ўзи бажаришга ҳаракат қилади. Мен эса рисоладагидек уй юмушларини билмайман ҳам. Қариндошларимиз жам бўлишиб, "оилага, албатта, аёл керак, тирикларни ўйлайлик" дейишди. Оҳ... онажоним... ўгай она сизнинг ўрнингизни боса олармиди?.." Раъно нам бўлган ёстиқни бағрига босганча уйқуга кетди.

...Гулбаҳор опа одатдагидек тонгни эрта кутиб олди. Эрта туриш унинг одати. Юз-қўлини ювиб қўлига супурги олди. Турмуш ўртоғининг қизлар катта бўлиб қолгани, супуриш-сидириш, эрта туришни одат қилишсин, деганига қарамай, қизларни уйғотгиси келмади. "Майли, пича ухлаб олишсин, ўз оналари ҳаёт бўлганда, ҳудди мендек иш тутган бўлармиди..."

Гулбаҳор опани тиббиёт коллежини тугатган йили ўн тўққиз ёшида турмушга узатишган эди. Турмуш ўртоғи билан ўн йилдан ортиқ бирга яшадилар. Лекин фарзанд кўришмади. "Фарзанд оила гултожи" дейишади. Лекин бир неча марта эр-хотин даволандилар, ирим-сирим қилишди, тақдир улардан бир тирноқни аяди, гап-сўзсиз ажралишдилар. Гулбаҳор опа ҳамшира бўлиб ишлар, ота-онаси эса қизининг бу тақдиридан изтиробда эдилар. Дадасининг ошна-оғайнилари Авазбек деган йигитнинг хотини оламдан ўтиб, уч фарзанди билан қолганлиги, болаларга она кераклигини айтишиб Гулбаҳорга оғиз солишди. Тақдир насиб экан Гулбаҳор шу оилага, яъни Раънонинг дадасига турмушга чиқди.

Гулбаҳор опа учала фарзандга ҳам яхши муомала қилар, кўнглига қарарди. Хамир қилиб, нон ёпиш, мазали овқатлар пишириш, кир-чир ювиш, супур-сидир ишларининг бари-барини ўз қўлига олди. Кичик қизи Барно ва Илёсбек унга тез ўрганиб қолишди. Лекин катта қиз Раъно ҳамон бегонадай, қовоғини очмайди.

"Майли, кўникиб кетар. Ахир ўз туққан онаси бўлмасам. Одам ҳамма нарсага тўяди, бойликка, амалга, шон-шуҳратга... фақат бир нарсага - меҳрга тўймайди. Бу масалада шоҳу гадо баробар. Майли, меҳр кўзда дейишади-ку... Мени ҳам бир куни онасидай қабул қилар..." дея Гулбаҳор опа ўзини овутади.

Раъно эрталаб ўрнидан турди-ю, кимнингдир овозини тасодифан эшитиб қолди. Бу ўгай онаси Гулбаҳор опанинг овози эди. У бошқа хонада осиғлик турган расмга - онаси Саодат опанинг суратига қараб сўзлашарди: "Саодат опа, сизни расмингизда кўрганман холос. Мана, Аваз ака билан шунча йил бирга яшаб, уч фарзандли бўлгансиз. Рўзғор- ғор дейишади. Сув келса симириб, тош келса кемириб, сабр-тоқат билан мана шундай ҳовлиларни обод қилгансиз. Қани энди, мана шу хонадонда ўзингиз яйраб ўтирсангиз. Бу уйларнинг ҳар бир деворида сизнинг қўлларингиз изи бордай. Қани энди, болаларингизга ўзингиз бош бўлиб, уларга карнай-сурнайлар билан тўй қилсангиз. Буларни кўриб беҳад қувонармидингиз?! Афсус умрингиз қисқа экан. Мен эса ўзимни айбдордек ҳис қиламан. Келиб сизнинг ўрнингизни эгаллаб олгандек. Саодат опа, илоҳим, қабрингиз нурга тўлсин. Мен умрим борича болаларингизга она меҳрини бериб, уларни ўз боламдай тарбиялайман. Болалар менга анча ўрганиб қолишди, бироқ Раъно ҳалигача рўйхушлик бермайди. Майли, ўрганиб қолар, ҳали ёш-да..."

Раъно бу сўзларни эшитиб ўйга толди. "ростдан ҳам бу аёлнинг нима айби бор? Уйдаги барча юмушларни ўзи бажаради. Дадамга, менга, укаларимга меҳр билан қарайди. "Раънохон, қандай овқат ейсиз, кийимларингизни ювиб берайми, сочингизни ўриб қўяйми, деб куюниб гапиришлари ахир чин дилдан-ку?! Улар бизга ўз онамиздек меҳр беряпти-ку..." Раъно хаёлидан ўтказган шу ўйлар билан ўгай онасидан кечирим сўрашга қарор қилди. Ўша нидо келган хонага аста кириб, Гулбаҳор опага яқинлашди: "Мени кечиринг, аяжон", деб бағрига отилди. Гулбаҳор опанинг кўзларидан ёш оқди. Бу севинч кўз ёшлари эди.

Раъно шу куни туш кўрди. Тушида онаси оппоқ либосда осмондан туриб буларга гул сочармиш. Унинг юзида мамнунлик. Гўё у ўз фарзандларидан хотиржам бўлгандек эди...

Хуршида ОМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди