ИНСОНДА ИНТИЛИШ БЎЛСИН ЭКАН...
Азизахон ҚОСИМОВА, Олтинкўл туманидаги "Омадбек-саноат" оилавий фирмаси раҳбари.
Қиз бола пазанда, саранжом-саришта, шу билан бирга, қўлида бир ҳунари бўлиши керак, дерди бувим. Ана шундай муҳитда ўсганлигим учун бир неча ҳунарни ўргандим.
Мен оила қуриб, бир уйнинг эгаси бўлганимдан кейингина бувимнинг гаплари мағзини чаққанман. Уйда бекор ўтиришни хушламайман. Шу боис дастлаб уйда кондитер маҳсулотлари тайёрлаб, бозорга олиб чиқиб сотдим. Кейинчалик тикувчилик ҳунарим асқотди. Маҳалладаги қиз, аёлларни жамлаб, пальто тикишни, кўрпа-тўшак тайёрлашни йўлга қўйдим.
Инсон нимага астойдил интилса, ўшанга албатта эришар экан. Қолаверса, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Ана шундан руҳланиб, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш мақсадида банкдан кредит олдим. Унга тикув машиналари ва хом-ашё сотиб олиб, цех ташкил этдик. Натижада 11 та янги ишчи ўрин яратилди. Эндиликда доимий ишимиз бор. Тикувчиларимизга қилган ишига қараб ҳақ тўлаб борилади.
Якунланган йил биз учун омадли келди. Янги йилдан ҳам умидларимиз катта. Кириб келган 2015 йил нафақат бизга, балки ҳаммага омад олиб келсин.
|