Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№1 дан: 01.01.2015

БИЗНИНГ СУҲБАТ

Ширмонхон АБДУЛЛАЕВА:

ҲАЁТДА "ҚАЛПОҚ"ДАГИДАЙ БАДЖАҲЛ ЭМАСМАН

Андижонни санъаткорлар юрти десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки Андижон заминидан не-не улуғ ва буюк санъаткорлар етишиб чиқмаган дейсиз. Бугун ана шу улуғ санъаткорлар йўлини тутиб, ижод қилаётган кўплаб санъаткорларимиз борки, улар ўз ижоди, ижро этган ранг-баранг роллари билан халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган.

Ана шундай санъаткорлардан бири театрдаги ранг-баранг роллари, айниқса, "Қалпоқ" ҳажвий кўрсатувидаги "Мараймамат, яъни тоғанинг хотини" роли билан минглаб мухлисларнинг ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлган истеъдодли актриса Ширмонхон Абдуллаевадир. У нафақат вилоятимиз, балки республика театрларида узоқ йиллар самарали фаолият юритган. Тинимсиз меҳнати, серқирра ижоди ва интилишлари билан ўзига хос роллар ижро этиб, минглаб юртдошларимизнинг севимли актрисасига айланган.

Янги йил арафасида истеъдодли актриса билан унинг ижод йўли, бугунги ўй-фикрлари, ҳаётий қарашлари ҳақида бўлган суҳбатни сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

* * *

- Болалигингиз, санъатга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз? Театрга қадам қўйишингизга ким сабабчи бўлган?

- Мен Олтинкўлнинг Жалабек қишлоғида таваллуд топганман.Тумандаги 48-мактабда таҳсил олганман. Мактабни фақат аъло баҳоларга тамомлаганман. Болалигимдан ўзимча турли қўшиқларни хиргойи қилардим, актёрларга ҳавас қилиб, уларга тақлид қилиб юрардим. Кейинчалик мактабда ўтадиган тадбирларда ана шу жиҳатларимни кўрсатишга ҳаракат қилганман.

Жойлари жаннатда бўлсин, одамлар Абдуллажон ака, Тошхон ая деб ҳурмат қиладиган ота-онам хўп яхши инсонлар эди. Улар мени ҳамиша қўллаб-қувватлашган. Дадам раҳматли мени "артист қизим" деб эркаларди. Лекин санъатга қизиқишимга ва кириб келишимга кўпроқ ўша пайтларда колхоз раисаси бўлиб ишлаган, меҳнат қаҳрамони холам Мариям Йўлдошева сабабчи бўлган.

Холам ижод аҳлини, айниқса, санъаткорларни жуда ҳурмат қилар, жуда кўп машҳур санъат дарғалари билан яқин муносабатда бўлган. Шунинг учун ҳам унинг хонадонига ўша даврнинг кўплаб машҳур санъаткорлари тез-тез ташриф буюрарди, уларнинг ҳаёт, санъат ҳақидаги суҳбатлари мендаги қизиқишни янада оширарди.

Мактабни тамомлаб, биринчи йили институтга ўқишга кира олмадим. Шунда холам мени етаклаб Андижон вилоят театрига ишга олиб келган.

- Театрдаги илк ролингиз, устозларингиз ҳақида тўхталсангиз...

- Театр менга янги бир дунёни очиб берган. 1967 йил эди. Театрдаги илк ролим Комил Яшиннинг "Тор-мор" асари асосида саҳналаштирилган спектаклидаги Котиба роли бўлган. Ўшанда театр раҳбари, менинг биринчи устозим Аббос Бакиров қўлимдан етаклаб илк бор саҳнага олиб чиққан ва менга оқ йўл тилаган эди.

Ўша йиллари Андижон театрида Ўзбекистоннинг энг забардаст санъаткорлари фаолият юритар эди. Халқ артистлари Азиза Аминова, Хошимжон Олимжонов, Маърифат Убайдуллаева, Тамара Бурнашева сингари санъаткорлардан ижод соҳасида мен жуда кўп нарсаларни ўрганганман. Уларнинг бетакрор истеъдодига тан бермаслик мумкин эмас эди. Айниқса, улардаги, камтарлик, юксак инсонийлик, одамлар билан самимий муносабат хотирамда ўчмас бўлиб қолган.

Театрда икки йил ишлаганимдан кейин Тошкент театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирдим. Институтни тамомлаб, республика ёшлар театрида иш бошладим.

- Санъаткор сифатида сиз учун унвон юқорими ёки халқ ҳурмат ва эътирофими?

- Албатта, истедоди, меҳнати эътироф этилган санъаткоргина унвонлар соҳиби бўлади. Лекин санъатда жуда кўп истеъдодлар борки, уларнинг унвонлари бўлмаса-да, халқ ҳурмат ва эътирофини топа олган.

Шахсан мен ҳеч қачон бирор бир унвон олишга интилмаганман. Тўғри, ҳаёт тақозоси билан Андижонда, пойтахтда турли театр жамоаларида ишлашимга тўғри келди. Санъаткор учун энг юксак унвон уни халқ севишидир. Минг шукрки, бугун менинг минглаб мухлисларим бор. Қаерга бормай, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишади. Бу ижод йўлида мен эришган юксак унвон, энг катта ютуқдир. Чунки эл эътирофига сазовор бўлиш барча санъаткорга ҳам насиб этавермайди.

- Бугунги кун аёли, аёл маънавияти хусусидаги қарашларингиз билан ўртоқлашсангиз...

- Бугун хотин-қизларимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, ишлаб чиқаришда, илм-фанда, санъату спортда фаоллик кўрсатмоқда. Оила юмушларидан, фарзандлари тарбиясидан ортиб, раҳбар, фермер, тадбиркор сифатида ибратли иш олиб бораётган аёлларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак арзийди.

Лекин орамизда ўз оиласи билан ўралашиб юрган, жанжаллардан боши чиқмаётган, фарзандларига тўғри тарбия бера олмаётган аёлларимизнинг борлигидан ҳам кўз юммаслигимиз лозим.

Аёл маънавияти ҳақида гап кетганда, бугунги аёлларимизнинг аксарияти ўзларининг одоб-ахлоқи, муомала маданияти, билим салоҳияти билан барчага ибрат бўлаётганлигини тан олишимиз керак. Маънавият ўз-ўзидан шаклланмайди, бу тарбия, ўрганиш, изланиш орқали бойиб боради. Халқимизнинг қадим қадриятлари, ўлмас маънавий мероси, бадиий адабиётлар бизга маънавий озуқа бера олади. Шу ўринда мен барча опа-сингилларимизга кўпроқ китоб ўқишларини тавсия этардим. Китобда киши маънавиятини юксалтира оладиган ўзгача сеҳр бор. Китоб ўқиган инсоннинг қалбига меҳр, яхшилик, эзгулик туйғулари муҳрланади.

- "Қалпоқ" ҳажвий кўрсатуви Сизнинг янги қирраларингизни очди, халқ орасида янада машҳур бўлишингизда муҳим роль ўйнади. Шундай эмасми?

- Ҳақиқатдан ҳам "Қалпоқ" ҳажвий кўрсатувидаги ижро этган "Мараймамат тоғанинг хотини" ролини ижодимнинг кульминацияси, десам тўғри бўлади. Бу ролни маҳорат билан ўйнаган эканманки, қаерга бормай, "Тоғанинг хотини келяпти" деб гапиришади. Мухлисларнинг ана шундай ҳурматини топганимдан хурсанд бўламан.

Мен 1982-2002 йилларда Андижондаги Аббос Бакиров номли ёшлар театрида ишлаганман. Кейин оилавий шароитим туфайли Тошкентга кетдим. Абдулла Қаҳҳор номидаги республика сатира театрида ишладим.

- "Қалпоқ"даги ролингиз орқали Сизни кўпчилик баджаҳл бўлса керак, деб ўйлайди. Аслида оилада қандай эканлигингиз мухлисларни қизиқтириши табиий. Шу маънода оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.

- Ҳаётда аслида мен жуда ишонувчан, кўнгли бўш аёлман. Самимийликни, тўғрисўзликни қадрлайман. Турмуш ўртоғим оламдан ўтган. Бир нафар фарзандим бор. У ҳам санъат кишиси, республика телевидениесида меҳнат қилади. Келиним эса уй бекаси. Менинг қувончларим - икки нафар шириндан шакар набираларим бор.

- Қайнона-келин муносабатлари ҳақида тўхталсангиз...

- Оилада қайнона яхши бўлса, келин ҳам яхши бўлади. Ахир келинга яхши гапирсангиз, ёшлик қилиб хато қилса, буни юзига солавермасангиз, чиройли гаплар билан оила тутумларини ўргатсангиз, қайси келин қайнонасини ёмон дейиши мумкин.

Она ўз ўғлини яхши кўргандай келинини ҳам яхши кўриши, унга фарзандидай меҳр бериши керак. Шундагина оила мустаҳкам бўлади, ўрталаридан меҳр, ҳурмат кўтарилмайди. Минг афсуски, баъзи келинларимиз ҳозирда телевидениелар орқали намойиш этилаётган хориж сериалларидан андоза олиб, ўзларини ақлли, замонавий кўрсатишга, ўз ҳуқуқларини қайноналарга тушунтириб қўйишга уринаётганликларини асло оқлаб бўлмайди. Бундай ҳолатлар ўзбекона тарбияга, халқимизнинг одоб-ахлоқ мезонларига мутлақо тўғри келмайди.

- Мухлисларингиз, юртдошларимиз ва газетамиз муштарийларига янги йил тилакларингиз...

- Янги йил барча-барчамиз учун хайрли йил бўлсин. Ҳар бир инсонга омад ва бахт олиб келсин, орзу ниятларимиз ижобатини берсин. Хонадонларимиздан файзу барака аримасин. Фарзандлар камолини, бахтини кўриш барчага насиб этсин. Озод ва обод юртимизга кўз тегмасин.

Суҳбатдош Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди