Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№2 дан: 08.01.2015

МАДҲ

Ватандан муқаддас маскан йўқ

Инсон ҳеч қачон ёлғизликда бахт тополмайди. Одамзоднинг бахти, ота-онаси, жигарлари, яқинлари ёру биродарлари, тақдирига битилган жуфти ва албатта, Ватани билан боғлиқ. Камолот сари йўл олган ҳар қандай киши борки, аввало, ўз юрти, халқи, миллатининг қадр-қийматини англаб етишни, нафақат англаб етиш, балки туғилиб ўсган гўшаси ва шу макон билан боғлиқ ҳар қандай нарсани қадрлаш билан ўзлигини топади.

Ўзликни топиш, ўзликни англаш - Ватанни англамоқликдир. Ватанни англамоқ эса, шубҳасиз, Ватанни севиш, унинг ҳар бир гўшаси, бир қарич ери, бир сиқим тупроғини жон қадар асраб-авайлаш, ёт кўзлардан, ёвуз кимсалардан ҳимоя этишдир.

Тўғри, Ватан ҳақида гапирганимизда, кўнгилдан чиқаётган сўзларимиз баландпарвоз бўлиб туюлади. Бироқ Ватан бизга баландпарвоз туюлган ҳар қандай таърифу ташбеҳлардан юксакдир. Негаки, у бизнинг Ватанимиз, у киндик қонимиз тўкилган, илк бор ташлаган тетапоя қадамларимиз изи қотган тупроқдир. Ватан - волидамиз алласи, падаримиз дуоси билан жон-жонимиз, қон-қонимизга сингиб, ўрнашиб кетган буюклик инъикоси. Шундай экан, Ватанни жондан ортиқ севмаслик ва уни номус, шаън ва ғурур каби ҳимоя қилмаслик мумкинми?

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йигитларни, айниқса, ҳарбийларимизни қутлаймиз, уларга чексиз ҳурмат кўрсатамиз. Дарҳақиқат, юртимиз сарҳадларини, эл тинчлигини ҳимоя қилишда уларнинг хизматини, халқимизнинг суянчи эканлигини асло инкор этиб бўлмайди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, тараққиёт жадал ривожланиб бораётган бугунги кунда шундай хуруж ва босқинлар борки, уларга қарши қурол билан туриб бўлмайди. Бу - маънавиятимизга ва миллийлигимизга қарши қаратилган хуруж ва таҳдидлардир. Уларга қарши ҳимоя қуролимиз юртбошимиз таъкидлаганларидек, юксак маънавият ҳамда ўткир тафаккур бўлмоғи лозим.

Айни пайтда бизга "ҳужум" қилаётган оммавий маданият деб аталган манқуртлик ва шармисорликни ўзида мужассам этган ёт ва зарарли ғояларнинг фарзандларимиз дунёқарашига таъсири ва бу мутаассиблик оқибатида улар табиатидаги ўзгаришлар шу юртда яшовчи ҳар бир инсонни ташвишга солиши аниқ.

Ватандош, сизу биз, келажакда биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари керак бўлган фарзандларимизни чинакам ватанпарвар қилиб тарбиялай оляпмизми? Уларнинг маънавияти етукми?. Маънавий тарбияси ҳаминқадар бўлган, миллий қадриятларимиз, ўзлигимиз, тарихимизни чуқур англаб етмаган одамдан қандай қилиб ватанпарвар, миллат фидойиси етишиб чиқиши мумкин? Шундан келиб чиқиб, энг аввало, маънавий тарбияга алоҳида эътибор қаратмоғимиз зарур. Тарбиянинг энг юксак намунаси - бу ёшларга ибрат бўлиш, яъни айтмоқчи бўлганини амалда ўзи бажаришдир. Ўзимиз ватанпарварлик борасида фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз лозим.

Шу ўринда гувоҳи бўлганимиз бир воқеани келтириб ўтамиз:

...Бир юртдошимиз анча йиллар аввал тўкин ҳаёт илинжида оиласи билан хорижга чиқиб кетганди. Қайсидир маънода истаганини топди ҳам. Бугун ўзи истаганидек банкларда ҳисоб рақами бор, шахсий автомашиналари... Аммо ёши ўтгани сари бу тўкисликнинг бари унга малол келаётганини, уни йўқлаб борган яқинларига юртдан кетганига пушаймонлигини айтаётганлиги бор гап. Болалари соғ-саломат, ҳеч нимага муҳтожлиги йўқ, бироқ кўнгли ярим.

Шу ўринда ҳазрат Навоийнинг:

"Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш", деган мисралари ёдимизга тушади. Қолаверса, шоҳ ва шоир Бобур Ҳиндистонда юртидан юборилган қовунларни кўриб йиғлаб юборганини, "... Ёраб, нетайин не юз қаролиғ бўлди" дея ўксиганини барчамиз яхши биламиз. Бобур ҳукумдор бўлса-да, умрининг сўнгида видо ўрнида шу сўзларни айтди: "Бу дунёда энг бадавлат одам - ўз Ватанида яшаётган одам, энг бахтли одам - ўз Ватани бағрида яшаётган одам, энг саодатли одам - жасади ўз тупроғида мадфун бўлган одам. Дунёда Ватандан ортиқ бойлик, Ватандан ортиқ саодат йўқ экан!.."

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Ватан қадри жуда ҳам баланд, уни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Умуман олганда, Ватан ҳақида гапириш, Ватан ҳақида ёзиш жуда қийин. Онангизга уни яхши кўришингизни, усиз дунёингиздан қуёш қочиб, қалбингизни зулмат қоплашини оддий гапларни айтгандек айтолмайсиз-ку, тўғрими? Ватан ҳам Она. Уни севиш, ардоқлаш ва унга содиқ фарзанд бўлишга интилиб яшаш билан киши Ватанга муҳаббатини билдиради. Интиҳо ўрнида демоқчи бўлганимиз, ҳар кимнинг кўксида Ватани бўлсин, Ватанига садоқати, муҳаббати бўлсин. Ватан қадрини ундан олисда қайғу ва надомат билан эмас, унинг бағрида шодмон ва бахтиёр яшаш билан англасин. Зотан, инсон учун Ватандан муқаддас маскан йўқдир.

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди