Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 15.01.2015

Бугуннинг гапи

БОЛАНГИЗНИ ҚАРҒАМАНГ!

Фарзанд - ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, ҳар қандай нақш ва суратдан холи бебаҳо гавҳар ҳисобланса, фарзанднинг тарбияси, одоб-аҳлоқи эса унинг сийратини кўрсатувчи ҳусндир.

Бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмон муҳитда вояга етса, у йўлидан адашади, разолатга юз тутади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, энг аввало, ота-онанинг зиммасига юкланади.

Дарҳақиқат, ота-она фарзанди тақдирига масъулдир. Бугунги кунда айрим ота-оналар ана шу масъуллик масъулиятини англаб етмаётганликлари ачинарлидир. Болага яхши-ёмонни, оқ-қорани ўргатиш, унга ҳаёт ҳақиқатларини англатиш ҳар бир ота-она учун кечиктириб бўлмас муҳим вазифа эканлигини унутмаслигимиз керак.

ГУНОҲИГА ТИК ҚАРАЁТГАНЛАР

Турмуш йўлларида адашган, йўлини йўқотган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаган киши борки, унинг болалиги билан қизиқсангиз, албатта, тўкис тарбия кўрмаган, оиласидаги муҳит носоғлом бўлиб чиқади. Боланинг комил инсон бўлиб вояга етишида, аввало, оиладаги муҳит муҳим аҳамият касб этади. Чунки бола ота-онасидан кўрганларини фитратига кўчириб бораверади. Негадир айрим ота-оналар бу ҳаёт ҳақиқатини англаб етмайдилар ва фарзандларининг хатосини ўз хатолари деб билмайдилар.

Фарзандини қилган хатолари учун қоралаб, қарғаб-сўкиб юрганлар гўё гуноҳга тик қараётган кишилардир. Улар ўз хатолари учун фарзандини айблаб, боласини қарғашлари билан ўзларини икки дунё саодатидан маҳрум этаётганларини билмайдилар. Ҳа, қарғиш ёмон нарса. Буни айрим кишиларнинг ҳаётлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

"МЕНИ ОТАМ ҚАРҒАГАН"

"Болалигимда уйимизда жанжал бўлмаган кун йўқ эди. Онам отамдан паст келмас, отамнинг гапига ҳеч хўп демас эди. Доимий уруш-жанжаллардан кейин, албатта, отам онамни калтаклар, биз болалар эса дод солиб йиғлаганча отамнинг чангалидан онамни қутқаришга уринардик. Шундай жанжаллардан бирида отам мени "Илоҳим, рўшнолик кўрма, қўлма-қўл бўлиб юргин, онангдан ўтиб қаерга борардинг" деб мени қарғади. Кейинчалик, ҳам ана шундай жанжаллардан кейин мен бу каби қарғишларни кўп эшитдим.

Йиллар ўтиб, улғайдик. Энди ота-онамнинг жанжаллари асабимизга тегадиган, ҳатто иккови жанжал қилаверса, укаларимнинг ғазаби келиб отамни урадиган бўлишди. Менинг эса ҳаётим бутунлай издан чиқиб кетган. Аввал уйдан бош олиб чиқиб кетдим. Кейин эса нопок йўл менга паноҳ бўлди. Мен ҳам бошқалардай бахтли аёл бўлишим, орзу-ҳаваслар билан яшашим мумкин эди. Лекин назаримда отамнинг қарғиши мени балоларга гирифтор этди. Ҳаётда йўлимни йўқотиб, турмуш сўқмоқларида адашиб юришимга оиламиздаги аҳвол ва отамни айбдор деб биламан..."

Дилрабо.

ДУО БИЛАН "ЖАЗОЛАНГ"!

Ёшлигимизда онамга ёқмайдиган бирор иш қилиб қўйсак, жаҳли чиққан онам бизни "Уйинг донга тўлгур, унақа қилмагин, ёмон бўлади" деб койир эдилар. Уйимизда бирор марта бақир-чақир бўлганини эслай олмайман. Лекин қўшнимиз фарзандларини "Илоҳим, ер ютсин", "Касофати, балодан бошинг чиқмасин" сингари жуда хунук сўзлар билан сўкиб, қарғарди. Қўшни аёл узоқ касал бўлиб ётди, оламдан ўтгунча кўп қийинчиликлар кўрди. Мана бугун фарзанди ҳам қинғир йўллар билан пул топади. Кун аро унинг хонадонида уруш-жанжал, ҳақдорлар келиб, олган пулларини беришини талаб қилади. Қўшнимнинг хонадонида нафақат кўнгилсизликлар, балки унинг бири ҳеч икки бўлмаяпти.

Ана шуни кўриб, ўзимча мулоҳаза қиламан: ота-онанинг қарғиши барибир инсонни тинч қўймас экан. Шу боис, ҳеч қачон фарзандларимизни қарғамайлик. Фарзандимизни қарғаётганимизда, тилимиздан учаётган қарғиш, аввало, ўз кўксимизга қадаладиган ўқ бўлишини унутмайлик. Боламиз айб иш қилса, жаҳлимизни чиқарса, яхши гаплар айтиб, койийлик. Эзгу дуолар билан унга таъсир кўрсатайликки, у бошқа номаъқул иш қилмасин. Фарзандларимизни шу тариқа жазолайлик.

Абдуҳамид ота.

"МЕНИ ЁМОН ДЕМАНГ!"

Онам мени кўп уришардилар. Кичкиналигимда-ку "онамни кўп қийнаворсам керак" деб индамай ўтирардим. Ҳатто, катта бўлиб, бўйга етиб қолганимдан кейин ҳам онамнинг уришишлари, қарғашлари қолмади. Онам уришсалар, уларга отам ҳам қўшилардилар. Баъзида онам беҳудага мени койиётганини кўриб-билиб туриб ҳам отам индамасдилар. Охири бир куни жонимдан ўтиб кетганда, онамга йиғлаганча "Сизлар мени ҳадеб ёмонсан, ёмонсан, унақа бўл, бунақа бўл, деб қарғаганларинг, сўкканларинг билан мен яхши бўлиб қолмайман. Аксинча, сизларнинг қарғишларингиз туфайли фақат ёмон одам бўламан!" дедим.

Афсус, ўшанда ният кетган эканми ё ота-онамнинг қарғишу сўкишлариданми, ҳарқалай мен яхши одам бўлмадим. Ҳаётим, юриш-туришим, умуман, инсон сифатида менда ҳавас қилгулик ҳеч нарса йўқ...

Нигора.

Халқимизда "қарғиш - ўқ" деган гап бежиз айтилмаган. Айниқса, отанинг қарғиши инсон ҳаётини бутунлай издан чиқариши мумкин экан. Демак, ҳеч қачон фарзандларимизни қарғамайлик. Фарзандларимизни қарғаш билан ўзимизни турли мушкулотларга солиб қўямиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон ўзини идора эта олиши, жаҳл-ғазабга берилиши керак эмас. Агар фарзандингиз бирор ножўя иш билан сизни ранжитса, бунинг сабабини, аввало, ўзингиздан қидиринг, тарбияни тўғри йўлга қўйинг. Фарзандингиз сиздан кўриб, сиздан ўрганиб иш тутаётганлигини унутманг.

Бу ҳақда азиз муштарийларимиздан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришларини, ўзлари билган ҳаётий воқеалар ҳақида мактуб йўллашларини сўраб қоламиз.

Умида АЗИЗ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди