Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 15.01.2015

Воқеий ҳикоя

ТЎЙ БЎЛМАДИ

Ўз нафсига қул бўлган инсон тўғри йўлдан адашади. Оқибатда у бахт сари эмас, аксинча, бахтсизлик ва разолат ботқоғи томон қадам ташлайди. Баъзан эса пулга ҳирс қўйиш ва фирибгарлик инсонни тубсиз жарликка етаклаб, унинг оиласи, қариндош-уруғлари, яқинларини ҳам оғир аҳволга солиб қўяди. Ҳатто, қариндошлик ришталарининг узилишига сабаб бўлади.

...Манзура ёлғизгина ўғли Илҳомжонни бегона юртга юборгиси келмай, ўзини касалга ҳам солиб кўрди. Барибир ўғлини йўлдан қайтара олмади.

- Ахир у ерда ўз холам бор-ку, - деди Илҳомжон онасини тинчлантириб. - Хола ҳам она ўрнида бўлади, дейишади-ку!? У ерда холам билан бирга бўламан. Хавотирга ўрин йўқ, аяжон.

Манзура ўғлининг гапларидан бироз тинчлангандай бўлди-ю, аммо негадир кўнгли ғаш эди. Синглиси Маҳбубани у ерда нима иш қилишини ҳам билмасди. У гоҳида супермаркетда ишлайман, деса яна бошқа сафар умуман, бошқа жойда ишлаганини айтар эди. Қайси гапи тўғри нотўғри эканлигини ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди. Жияни Илҳомжонни ўзи билан бирга олиб кетгандан сўнггина унинг ҳақиқий иш фаолияти маълум бўлди.

- Қишлоқда юрсанг ҳам, у ерда ўз вақтида ишлайсан, вақтида дам оласан. Бир-биридан чиройли қизлар бор, улар билан ўзим таништириб қўяман.

Маҳбуба шундай дея жиянига сирли кўз ташлаб қўйди. Бинойидек қурилиш ишларини бажариб юрган йигит ҳаммасини ташлади-да, холасининг ортидан эргашди. Бегона юртга боргач, Илҳомжон атрофга олазарак боқаркан, ҳеч кимни танимас, бунинг устига холаси ҳам ҳудди етти ёт бегоналардек совуқ муносабатда бўлганидан юраги сиқиларди. Холаси уни совуқ, таъмирсиз бир уйга жойлаштирди. У оғиз кўпиртириб мақтаган иши бир бойваччанинг чўчқаларини боқиш экан. Иложи қанча, Илҳомжон ҳаммасига рози бўлди.

Орадан ўтган бир ой Илҳомжон учун ҳақиқий азоб бўлди. Ит ётиш, мирза туриш қабилида иссиқ овқатсиз ночор ҳолда яшади. Хўжайинидан биринчи иш ҳаққини олган куни онасига қўнғироқ қилиб, хурсанд қилмоқчи бўлган Илҳомжоннинг қўлидаги пулларни холаси юлиб олди:

- Сен бу ерга ўзингдан-ўзинг келиб қолганинг йўқ. Қанча ҳаражат қилдим сен учун? Ҳисоб-китобни биласанми ўзи? - деди жеркиб. Кейин жиянига ғалати тикилиб, - сенга ваъда қилганим "гўзал" бугун келади. Розимисан?

Илҳомжон қизариб ерга қаради. Холаси айтган "гўзал" 20 ёшлардаги жувон эди. Илҳомжон сингари ишлаб, пул топиш илинжида ўзга юртлардан келган бу жувон Маҳбубанинг тузоғига илинган, у кимга раво кўрилса, ўша билан қўнгилхушлик қиларди. Маҳбубанинг тузоғида тутқунлар ўнга яқин эдилар. Аввал ўзи шу йўлнинг тупроғини ялаган Маҳбуба ўзига ўхшаган жирканч кимсалар билан таниш орттириб, ўзи ҳам шу йўл билан пул топарди. Илҳомжонни ҳам жияним деб аяб ўтирмади, бундан уялмади ҳам. Қўлига пул тушган кун аввал холаси сўнг навбатдаги "гўзал" келиб, Илҳомжоннинг пешона тери билан топган пулларини шилиб кетишарди. У эса онасига қўнғироқ қилиб, холаси билан дўконда иш қилаётганини, пулларни тўплаб жўнатишини айтиб қишлоқ марказидан кўзда ёш билан чўчқахонага қайтарди. Икки йил шу алфозда яшаган Илҳомжон ўзида қандайдир нохушликни сеза бошлади. У кундан кунга ҳолдан тойиб борарди. Буни холасига айтганди, ўтиб кетади, дея парво қилмади. Аммо бундай бўлмади. Уни чўчқахонадан аранг суяб олиб чиқишди. Холаси опасидан чўчиди шекилли, чипта олиб жиянини уйига жўнатиб юборди.

Касал холида етиб келган боласини кутиб олган Манзура аввалига йиғлаб, синглисини койиб, ундан қаттиқ ранжиди. Ўғлимнинг бошида шу кунлар ҳам бор экан, уйлантириб қўйсам оғир кунлар унутилиб кетади, деб ўзини овутди. Қариндош-уруғларидан қарз олиб, тўй қилиш ҳаракатига тушиб қолди. Тилла-тақинчоқларни сотиб, бўлажак келинга сарпо қилди. Йигит ва қиз унаштирилгач, тўй куни ҳам белгиланди. Афсуски, тўй бўлмади. Сабаби, тиббий кўрикда куёв бўлмиш Илҳомжоннинг давосиз юқумли касалликка чалинганлиги маълум бўлди. Келин томон жўнатилган сарполарни қайтариб олиб келишганида, Манзура ҳушсиз ётарди.

Одам савдосидек жирканч иш билан шуғулланган Маҳбуба шу йўлда ўз жиянини ҳам, ҳатто туғишган опасини ҳам қурбон қилганди. У амалдаги қонунларимиз олдида жавоб бериши, тегишли жазосини олиши муқаррар. Бироқ йўқотган опасини қайтариб ололмайди, қариндошлик ришталар ипини қайта боғлолмайди.

Раҳима АБДУРАҲМОНОВА,Жалақудуқ тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди