МУЛОҲАЗА
КЎНГИЛ РАНЖИМАСИН
Комила опа табиатан кўнгилчан аёл. Биров нарса сўраса, ўзида бўлмаса ҳам бошқалардан топиб беришга интилади. Ахир, тўғри-да, инсон бирор нимага зориқмаса, атрофидагилардан сўрармиди? Шукр, турмуш ўртоғининг топиш-тутиши яхши, ўзи ҳам жим қараб ўтирмай, рўзғорга ёрдам дея чеварлик қилиб туради. Қўни-қўшни кўмак сўраб чиқса, имкон борича, ноумид қайтишига йўл қўймайди. Ҳаммани ўзи каби софдил, сахий деб билгувчи аёл яқиндагина бўлган воқеа сабаб фикрини ўзгартирди.
Қизининг тоби қочиб, хали ёшига етмаган чақалоғи билан уйига даволанишга келди. Қизи вақтида дори-дармонини олади, Комила опа набирасига қарайди. Набираси роса бешик боласи бўлган экан, бир кунга келиб кетиб юрганларида билинмасди. Энди бувиси овутолмай ҳалак. Болаларининг бешигини ҳам қўли юпқароқ қўшнисига ҳадя қилганди. Қизи куёвига набирасининг бешигини олиб келтирмоқчи эди, Комила опа рози бўлмади. Ахир қудалари нима дейди? Битта бешик ҳам топиб беришолмабди-да, демайдими? Ён қўшнисининг келини ҳам болали, ўшандан сўраб кўради. Аммо... Комила опа қуруқ қўл билан қайтиб чиқди. Қўшни келин: "Беролмайман, хафа бўлманг, опа, болаларимнинг бешигида фақат ўзимнинг набираларим ётади. Бегонага беришга кўзим қиймайди", деди. Комила опанинг бошидан биров муздек сув қуйиб юборгандай бўлди... Эрталаб турди-да, эри билан бориб янги бешик олиб келди...
Инсонлар ўз феъл-атворлари билан бир-бирларидан фарқ қилади. Аммо улар ўз феъллари, одоб-аҳлоқи билан атрофидагиларнинг ё меҳрини қозонади, ёки аксинча. Шу боис бир-биримизга яхшилик қилиб яшайлик, кўнгилларимизга озор бермайлик. Ҳаётда инсондан фақат яхшилик қолади. Зиқналик, хасислик билан яқинларимиз дилини ранжитмайлик.
Ферузабону
МАТКАРИМОВА, Улуғнор тумани.
|