Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№5 дан: 29.01.2015

Ҳикоя

ТУЗЛИ ҚАҲВА

Сенан ДЕМИРЖИ, турк адиби

Танишганларига кўп бўлмаган бўлса-да, бироз вақт ичида у қизга ўрганиб қолган эди. Қизнинг очиқ чеҳраси, ширин боқишлари, эҳтиросга тўла қалби ва ёдда қоладиган бир жозибаси бор эди. Ажабланарлиси, сал бўлмаса, бу севгини унга билдиришдан маҳрум бўларди.

Йигит фурсат топиб, қизни дарсдан сўнг қаҳвахонага таклиф қилди. У йигитнинг таклифидан шошиб қолганини яширмади. Кўнглини қолдирмаслик учун таклифини қабул қилди. Лагернинг йўлларидан юриб, қаҳвахонага кирдилар. Сўнг бурчакдаги столга ўтириб, шовқинли қаҳвахона ичида суҳбатлашдилар. Йигит ҳаяжонланганидан, қалби титраётганидан гапира олмай қолди. Унинг бу ҳолати қизнинг ҳаловатини бузди. Қиз "мен кетаман" дейишга оғиз жуфтлаганди, йигит официантни чақирди:

- Менга туз олиб келинг, - деди, - қаҳвамга солишга...

Атрофдагилар ҳайрон бўлиб қарашди - қаҳвага туз?!

Йигит уятдан қизариб кетди. Бир оздан кейин туз келтирдилар. У қоғоздаги тузни қаҳвага солди. Ҳамма ҳайрон бўлиб қарашига қарамай, қаҳвани иштаҳа билан ичди. Қиз мароқ билан "ажойиб, нозик таъбингиз бор экан", - деди. Йигит тутилиб-тутилиб гапира бошлади:

- Ёшлигимда денгиз бўйида яшар эдик, ҳар доим денгиз соҳилларида ўйнардим. Денгиздаги тузли сувнинг мазаси оғзимдан кетмади. Мен бу таъм билан катта бўлдим. Бу таъмни севдим. Қаҳвамга туз солишимнинг сабаби шу. Қачон туз мазасини ҳис қилсам, болалигимни, денгиз қирғоғидаги уйимизни, бахтли оиламни эслайман. Ҳозир ҳам ота-онам у ерда яшашади. Уларни ва уйни шундай соғинаманки...

Йигит бу гапларни гапирар экан, кўзлари ёшланди... Қиз бу гаплардан таъсирланди. Юрагидаги дардларини тўкиб сол-ган, уйини, ота-онасини қадрлайдиган, уйим-жойим дейдиган йигитлардан эди у. Қиз шу пайтгача ҳеч бир йигитда бундай хислатни кўрмаган. Бу ҳолдан қизнинг ҳам қалби ёришди. У ҳам гап бошлади. У ҳам оиласини жуда севар, шу боис, оиласи ҳақида узоқ гапириб берди. Йигит самимият билан қизни тинглади. Қиз билан йигит шу зайлда чин дилдан, самимий суҳбат қурдилар.

Бу суҳбат туз ҳикоясининг бошланиши эди. Шу тариқа учрашишни давом эттирдилар ва ҳамма ҳикояда бўлганидек, шаҳзода ва малика турмуш қуришди, мурод-мақсадларига етишди. Улар умрларининг охиригача бахтли яшадилар.

Малика ҳар сафар шаҳзодасига қаҳва тайёрлаганда ичига бир қошиқ туз қўшди. Чунки малика буни севгилиси ёқтиришини биларди.

Қирқ йилдан сўнг йигит ҳамма каби бу фоний дунёдан кўз юмди. Ўлими олдидан "ўлимимдан сўнг оч" деб севикли хотинига бир мактуб ёзиб қолдирган эди. Малика айрилиқ дардида, изтиробда яшарди. Кунларнинг бирида умидсизликдан таскин топиш учун мактубни иштиёқ билан очди. Шаҳзода мактубни шундай сўзлар билан бошлаган эди:

"Севгилим, ягонам, илтимос, мени кечир. Ҳаётимизни ёлғон билан бошлаганимиз учун кечир. Илк учрашган кунимизни эслай оласанми? Ўшанда мен ҳаяжон ва шундай оғир ҳолатда эдимки, шакар демоқчи бўлиб, туз деган сўз чиқди оғзимдан. Сен ва бошқалар менга қараб турганларидан, сўзимни тузатишга уялганимдан ноилож тузни қаҳвага солиб ичдим. Сўнг сенга туз ҳақида болаликдаги хаёлларни гапирдим. Бир оғиз ёлғон ҳаётимизнинг асоси бўлишини хаёлимга келтирмагандим. Сенга ростини айтишни жуда кўп маротаба ўйлардим. Лекин ҳар доим бундай фикрдан воз кечдим. Ҳозир ўлаяпман. Энди қўрқишим учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Мана рости: "Мен тузли қаҳвани севмайман". У ғалати ва бемаза бир таъм. Лекин сени учратган кунимдан эътиборан бу бетаъм қаҳвани ичдим. Аммо заррача пушаймон бўлмадим. Сен билан бирга бўлиш ҳаётимдаги энг катта бахт эди ва мен бу бахт учун тузли қаҳвадан қарздор эдим. Дунёга қайта келсам, яна яшашни ва ҳаётимни янгидан сен билан ҳудди шундай ўтказишни истардим. Ишон, иккинчи умримни ҳам тузли қаҳва ичиб ўтказардим".

Кампирнинг кўз ёшлари мактубни жиққа ҳўл қилди.

Шундан сўнг кунларнинг бирида кекса хонимнинг ўртоқларидан бири: "Раҳматли қаҳвани туз билан ичарди, сен ҳеч тузли қаҳва ичганмисан, таъми қандай бўлади?" деб сўради.

Кампирнинг кўзлари намланиб: "Жуда мазали" - деди, - "жудаям".

Туркчадан Диана ИСМАТОВА таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди