Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№7 дан: 12.02.2015

БОБУР ШЕЪРИЯТИДА ИШҚ, ОШИҚ ВА МАЪШУҚА ВАСФИ

Бадиий адабиёт, хусусан, шеърият қанчалик кўҳна бўлса, ишқ мавзуси ҳам, ёрнинг ҳусну латофати ҳақидаги гўзал ташбеҳлар ҳам шу қадар қадимийдир. Ҳаммага маълум мавзуда ҳеч кимга ўхшамаган ифодаларни баён эта олган шоиргина абадиятга дахлдор, унинг ёзганлари юксак таҳсинларга лойиқдир. Шундай зотлардан бири шоҳ ва шоир сўзлар силсиласи ила абадиятга йўл очиб кетган инсон Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Шоир шеърлари мавзу кўлами, ифода йўсинининг ўзига хос гўзаллиги, бетакрор ташбеҳлари сабаб халқимиз қалбига сингиб кетган.

Бобур тасвиридаги ёрнинг гўзаллигу латофати ҳам, нозу карашмалари ҳам, ошиқ изтиробларию ишқ оташининг ҳарорати ҳам бетакрордир. У бир ғазалида шундай дейди:

Ишқ ила девоналиғда

бўлмишам соҳибкамол,

Ишқ аҳли, эмди Бобурни

дегайсиз зуфунун.

Луғатларда "зуфунун" сўзи "барча фанларнинг эгаси", "бир қанча илмлар соҳиби" каби маъноларни англатиши айтилган. Ҳақиқатан ҳам З. М. Бобур бир қанча илмлар, бир қанча фанлар соҳиби эди. Шоирнинг ўзи эътироф этаётганидек, унинг "соҳибкамол", "зуфунун" бўлиши ҳам ишқ туфайлидир.

Кўплаб шоирлар ёрнинг нурли жамолини қуёшга менгзайдилар, Бобур эса ёрни қуёшга қиёс этгани тили бормайди, сабаби қуёш вақти келиб ботади, завол топади, ёр жамоли эса безаволдир:

Не навъ ўхшасун юзига

офтобким,

Онинг заволи бордуру бу

безаволдур.

Безавол жамол соҳибаси бўлган ёрнинг зулфлари товонини ўпиб турса қандай хуш. Қаро зулфу гўзал юзнинг ишқига мубтало бўлган ошиқнинг эса аҳволи танг:

Қаро зулфинг фироқида

паришон рўзғорим бор,

Юзингнинг иштиёқида не

сабру, не қарорим бор.

Қаро зулф фироқию гўзал юз иштиёқида сабру қарорини йўқотган ошиқ учун бу дунёнинг азоб-уқубатлари ҳечдир. Ошиқ учун ишқдан, ёр васлидан ўзга нарса керак эмас, у ақлу ҳушидан мосуво бўлишдан ҳам чўчимайди. Ақл билан иш кўраётган ошиқ ҳақиқий ошиқ эмас:

Бобири бедилни ишқи

телбаратса не ажаб,

Чунки ҳаргиз рост келмас

ишқ донолиғ била.

Чин ошиқ доноликни даъво қилмаслиги, ору номусдан кечиб, бу йўлда бадном бўлишдан, жон фидо қилишдан қўрқмаслиги лозим:

Тарки номус айлабон

бадном бўлғил ишқ аро,

Ким сени ошиқ дегай

номусу номинг борида.

Биламизки, Мажнуну Фарҳод мумтоз адабиётда ошиқлик тимсолларидир. Бобурнинг лирик қаҳрамони ошиқликда улардан кам эмас, аксинча, уларга бу йўлда раҳнамолик қила оладиган ошиқдир:

Ишқ истар бўлса Мажнун

айлагай пайравлигим,

Йўлни не билгай киши то

раҳнамо кўрсатмагай.

Тасаввуфда "пирсиз кишининг пири шайтондир" деган фикр бор. Шунга кўра шоир агар Мажнун истаса, менга эргашсин, чунки тўғри йўлни кўрсатувчи бир йўлбошчи бўлмаса, кишининг адашиш эҳтимоли юқори бўлади, демоқчи. Бобур тасвиридаги маъшуқанинг гўзаллиги, нозу фироқлари Лайлию Шириндан ортиқ бўлса, унинг ошиғи Фарҳоду Мажнунга бу масалада "дарс ўтадиган" ошиқдир:

Қани Ширин била Лайлики

сендин ноз ўрганса,

Қани Фарҳоду Мажнунким

аларға ишқ ўргатсам.

"Туркистон мулкининг шайхул машойихи" Аҳмад Яссавийда шундай мисра бор:

Зоҳид бўлма, обид бўлма,

ошиқ бўлгин...

Зоҳид жаннатга тушиш илинжи билан тақво қилувчи, ёмонликлардан парҳез қилувчи кишидир. Обид эса ибодат қилувчи деган маънони англатади. Баъзан зуҳду тақво қилувчи киши ибодат қила олмаслиги ёки аксинча, бир одам ибодатли бўлиш билан бирга ёмонликлардан ўзини тўхтата олмаслиги мумкин. Ҳақиқий ошиқ эса бир пайтнинг ўзида ҳам зоҳид, ҳам обид бўла оладиган зотдир. Чин ошиқ учун ҳабибининг васлидан ўзгаси даркор эмас. Унинг ишқига етишмоқ учун ҳар қандай шартга рози, ҳатто жондан кечмоқ ҳам, дўзаҳ олови ҳам унинг учун ҳечдир:

Ҳабиб ишқида бошдин

кеч, эй кўнгул, йўқ эса,

Бу йўлга қўйма оёқ

санга бош керак бўлса.

Ишқида собит ошиқ бу йўлда ҳар қандай азоб-уқубатга рози ва бу азоблардан ҳеч қачон нолимайди, аксинча, висолга эришиш йўлидаги қийинчиликлар унинг учун ҳузур бахш этади. У ошиқ бўла олганига, эл аро афсоналигига чексиз шукроналар айтади:

Юз шукр қилайки, ёна

ошиқ бўлдим,

Оламга бўлиб фасона

ошиқ бўлдим,

Яхши сўзинггу васли

жамолинг эшитиб,

Кўрмай сени ғойибона

ошиқ бўлдим.

Бобур тасвиридаги ошиқ учун ошиқликликнинг ўзи кифоя. Зеро, адабиётшунослардан бири айтганидек, "замин ўз ўқи атрофида айланганидек, Бобур шеърияти, умуман, мумтоз адабиётда гап ишқ теграсида айланаверади, айланаверади. Уларнинг талқинида эса ишқ - гўзаллик, ишқ - ҳузурбахш азоб, ишқ - аҳлоқ, ишқ - иймон, ишқ - эътиқод, ишқ - дин, ишқ - абадият демакдир".

Зокиржон МАМАЖОНОВ,АДУ филология факультети, ўзбек адабиёти кафедраси катта илмий ходим-изланувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди