Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№7 дан: 12.02.2015

Ҳикоя

УЗУМ ҲАҚИ

Анор буви кенг ҳовлини эгаллаган ишкомлардаги эндигина пиша бошлаган узумларни кузатар экан, меҳнаткаш чолини эслади. "Раҳматли кўп танти, миришкор боғбон эди. Бозорнинг олди узумларини ҳам Тиркаш бобо етиштирарди. Номлариям алламбало, кампирнинг уларга тили айланмайди. Энди шунча узумни ким парвариш қилади?"

Чол-кампирнинг пешонасига биргина ўғил битган. Исми - Баҳодир. Ҳарбий хизмат баҳона олис юртда қолиб кетди. Анчадан буён бедарак. Анор бувидан қўшниси Соҳибжон, унинг хотини, дастёр бўлиб қолган болалари хабар олиб туришади. Шу маҳал бирров ҳол сўраб кирган Соҳибжонга буви маслаҳат солди:

- Болам, узумларга ўзинг қарашиб турасанми, дегандим... - буви қўшнига илтижоли термулди. Соҳибжон рози бўлди. Ўз ҳовлисидаги узумларга қўшиб, Анор бувининг узумлари парваришини ҳам зиммасига олди.

Кузнинг иссиғида узумларнинг олди ранг олиб, бозорга чиқадиган бўлди.

- Буви, узумларни бозорга олиб чиқсам, уч-тўрт сўм бўлиб қоларди, нима дейсиз? - Олтиндек товланишни бошлаган узумларга ишора қилиб, бувига маслаҳат солди Соҳибжон. Анор буви рози бўлди. Фақат олдидан узиб берилган бир патнис узум бошларини ўз қўллари билан қўни-қўшнига улашди, сўнг қолганларини бозорга олиб чиқишга кўнди.

Соҳибжон узумларни бир четдан сотиб енгиллатди, ниҳоят, охирги узумларни сотиб келгач, бувининг олдига бир даста пул қўйди.

- Узумингизнинг пули, ҳалол луқма.

- Бу пулларнинг ҳаммаси менгами? - ишонқирамай сўради Анор буви.

- Сизники, сизники, - жилмайди Соҳибжон.

Анор буви шошмасдан пулларни тақсимлади. Каттароқ қисмини Соҳибжонга узатди.

- Буви, шунча пулни менга беряпсизми? - ўзига ажратилган улушнинг кўплигидан ажабланди Соҳибжон.

- Бир этак боланг бор. Камларига ишлат. Меҳнатни сен қилдинг. Меҳнатингга рози бўл, болам. Бундан буёғига ҳам буларга ўзинг қарайсан... - токларга ишора қилди буви. Сўнгра пулнинг бир қисмини ажратиб таъкидлади:

- Мана бунга озгина ис чиқариб, худойи қиласан. Бу - узумнинг ҳақи. Савоби Тиркаш бобонгга тегсин. Бобонгнинг удуми шунақа эди.

Шу-шу Соҳибжон ҳар йили узумларга қарайди. Пишганда, ҳосилини сотиб, Анор бувига даромадини келтириб беради. Буви ҳам одатига кўра пулларни тақсимлайди. Ҳар йили узум ҳақига эҳсон қилишни қўймасди. Ёши анчага бориб қолган буви ёлғиз ўғлининг йўлига кўз тикиб омонатини топширди. Унинг барча издиҳомларини Соҳибжоннинг ўзи ўтказди. Бир пайшанбада эҳсонга йиғилган маҳалла кексалари унга маслаҳат солдилар:

- Сени Анор буви ўз ўғлидек кўрарди. Ўғлидан дарак бўлгунча, шу ҳовлига ўзинг қараб тур. Катта ҳовли, кенг эшик ғариб бўлиб қолмасин.

Катталарнинг гапини Соҳибжон қайтаролмади. Орадан бир муддат ўтиб, икки ҳовли ўртасидаги девордан дарча ўрнатилди. Ҳовлини тозалаш, экинларга қараш энди Соҳибжон ва унинг оиласи ихтиёрида эди. Узумлар... улар ҳамон киши кўзини қувнатиб мўл ҳосил берарди. Соҳибжон уларга боғланди: узумлардан келган даромад эвазига уйларини янгилади, болаларини ўқитди, ўғилларини уйлаб, қизларни чиқарди.

"Болам, менга шу узумлар тирикдек, одамни тушунадигандек туюлаверади. Унинг ҳақини ажратиб, эҳсон ўтказишни канда қилма", деган Анор бувининг гаплари Соҳибжоннинг ёдида турса-да, ўз ташвишлари билан бўлиб, узум ҳақига қилинадиган эҳсонни унутди.

Бугун Соҳибжон узум даромади ортидан қишлоқнинг олди бойларидан бирига айланган. Ўзига хос обрў-эътиборли. Бир куни маҳалланинг бир издиҳомида кимдир унга узумдан қилинадиган эҳсонни эслатди. Шунда у бепарво "Ҳа, энди, бу эҳсон ҳам эскилардан қолган бир удум-да", деди эътибор бермай.

Кунларнинг бирида бир жойдан келаётиб, Соҳибжоннинг мазаси қочди. Уйига аранг етиб келди. Эрининг аҳволини кўриб қўрқиб кетган хотини унга жой тўшаб бердию, шошиб "тез ёрдам"га қўнғироқ қилди. Бир зумда "тез ёрдам" ҳам етиб келди.

Соҳибжоннинг ҳолатини текширган шифокор унинг бироз шамоллаганини айтиб, керакли дори-дармонни ёзиб чиқиб кетди. "Шамоллаш" узоққа чўзилди. Дориларнинг ҳеч бири наф бермади. Аҳволи кун сайин оғирлашиб борар, тунлари алланималардан қўрқиб, алаҳсираб чиқарди. Шундай кунларнинг бирида тушига ота-онаси, Анор буви кирди. Улар билан нималарнидир гаплашди, бироқ эслолмади. Қора терга ботиб уйғонганда, хотини йиғлар, пешона, бўйинларидаги терни артарди. Аёлидан шошиб муздек сув сўради. У ташқарига чиққанда, қулоғида бирдан Анор бувининг узум ҳақи тўғрисидаги ўгитлари жаранглагандек бўлди. Узум даромадидан эҳсон қилишни менсимай тилга олганини хотирлади. Бир нима ёдига тушгандай тетиклашди. Сув узатган хотинига яқинда набираларининг бирига бешик тўйи қилиш учун олиб қўйилган узум пулидан зудлик билан эҳсон учун ажратишни буюрди...

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди