Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 30.04.2015

9 май - хотира ва қадрлаш куни: жасорат, бурч, матонат

ЁРУҒЛИККА ТАЛПИНИБ ЯШАГАНМИЗ,

- дея уруш даври заҳматларини хотирлайди хўжаободлик райҳон она уркунбоева.

- Назаримда уруш йиллари халқимиз учун гўё зулмат эди. Ўша даврни худди ёруғликка талпиниб яшагандай ёдга оламан. Отам, акаларим урушга кетиб, отам 2 ойда ногирон бўлиб, акам эса 3 йилда бир оёғидан ажраб қайтиб келди, - дея ҳикоя қилади онахон.

- Даладаги бутун ишлар биз - хотин-қизлар, болаларнинг зиммасида эди. Ҳозиргидай гулдурос солиб ишлайдиган техникалар қаёқда дейсиз? Ҳар бир одамга бир гектардан ер бўлиб бериларди. Шунча ердаги буғдойни ўрсангиз, бир дона нон бериларди. Мен тез ўрардим. Нонни ҳам кўп олардим. Ёш боласи бор аёллар билан нонимни баҳам кўрардим. Кўзларида ёш билан дуо қилишарди. Баъзан ўша олган дуоларим туфайли ҳам шунча узоқ яшаётгандирман, деб қўяман ўзимча.

Онахон билан учрашиб, суҳбатлашиш жараёнида бир нарсага амин бўлдик: инсон ҳаракати ва меҳнати натижасида ҳаётида учраган ҳар қандай қийинчиликларни енга оларкан. Райҳон онанинг умри бунга бир мисолдир.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага Райҳон она Уркунбоева ғайрат-шижоат ва қилган меҳнатлари билан ҳисса қўшди. Урушдан кейинги оғир, тикланиш йиллар машаққати, азобини Райҳон онанинг ўзигина эмас, фарзандлари ҳам кўришди. Ҳатто ўшанда эндигина 9 ёшга кирган қизи Қумрихон ҳам фермада онасига ёрдам берарди.

- Юнусжон исмли полвон ўғлим бор эди, - дея ҳикоясини давом эттиради Райҳон она ғамли овозда. - 4-синфда ўқирди. Бир куни чой дамланадиган чойнакни синдириб қўйди. Мен ҳеч нарса демадим, танбеҳ бермадим. Бечора болам оиладаги етишмовчилик устига қилган ишидан ҳижолат бўлиб: "Она, мен катта бўлсам, сизга кўп чойнак, пиёлалар олиб бераман", деди. Шу боламга кўз тегдими, болалигидаёқ бевақт вафот этди. Ҳали ҳануз гапларини эслаб, юрагим эзилиб кетади.

Онанинг умр йўлдоши Холбой ота узоқ йиллар хўжалик чорвасида меҳнат қилди. Онахон билан олти нафар фарзандни тарбияладилар. Аммо болалари камолини кўриш насиб қилмаган экан. Райҳон она турмуш ўртоғидан сўнг фақат болаларига суянди...

Тақдирнинг бевақт бу айрилиғига ҳам бардош берган аёл бутун аламини меҳнатдан олди. Ҳаётининг мазмуни бўлган фарзандларини оёққа турғазиш, уйли-жойли, касб-корли қилиш учун тиним билмади. Ҳам оталик, ҳам оналик меҳрини бериб, уларни элга қўшди. Гарчи аёллик бахтию нашидасини суролмаган бўлса-да, оналик, бувилик саодатига етди.

Бугун олти фарзанди ўзларидан кўпайиб, 25 нафарга етишди. 15 нафар чевараси, битта эвараси бор. Салкам бир асрни қаршилаётган Райҳон она Уркунбоева бугун, нафақат, Манак қишлоғида, балки Хўжаобод туманидаги табаррук онахонлардан биридир.

Уруш туфайли кўп азоб ва қийинчиликларни бошидан ўтказган онахон бугунги осуда ҳаётимизни алқаб, мана шундай дориломон кунларга етганига шукурлар келтиради. Фарзандларига, ёшларга бугунги тинч, тўкин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етишни бот-бот такрорлайди, юртимизга кўз тегмасин, дея дуолар қилади. Бир асрни қарши олаётган Райҳон она каби табаррук кексаларимиз дуолари ила тинчлигимиз барқарор, ҳаётимиз тўкис ва янада фаровон бўлишига асло шубҳа йўқ.

Раҳимахон

АБДУРАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди