Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№19 дан: 07.05.2015

МЕҲНАТ ИНСОННИ УЛУҒЛАЙДИ

Иккинчи жаҳон уруши одамларни оғир синовлардан ўтказди. Юртнинг ўғлонлари жанггоҳларда Ватан ҳимоясига бел боғлаган бир вақтда ўзбек аёллари фронт ортида заҳмат чекиб меҳнат қилдилар. Улар фарзанд тарбияси билан бир қаторда эркаклар зиммасидаги оғир юмушларни бажариб, ўша давр қийинчиликларини мардонавор енгиб ўтдилар.

Хўжаобод тумани, Хўжаобод шаҳарча фуқаролар йиғинига қарашли Узун-кўча маҳалласида истиқомат қилаётган Муҳаббатхон ая Собирова ҳам уруш даври қийинчиликларини бошидан ўтказган табаррук онахонлардан бири. Онахоннинг хонадонига кириб борганимизда ҳовлидаги саришталикдан дилимиз яйради. Муҳаббатхон ая билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Унинг чеҳрасидан гўё нур таралиб тургандай, самимий сўзлари эса қалбга ҳузур бағишлайди.

Муҳаббатхон ая урушдан кейин узоқ йиллар жамоа хўжалиги боғчасида тарбиячи бўлиб ишлади. Ишдан бўш пайтларида далада меҳнат қилди. Ҳалол меҳнат билан ризқ-рўз топди. Умрининг кўп қисми оғир меҳнатда, қийинчиликда ўтган онахон фарзандларига, набираларига ҳалол меҳнат қилиш кераклигини, сидқидилдан ишлаган инсон, улуғланишини ва албатта, ўз мақсадларига етишини кўп таъкидлайди.

Муҳаббатхон ая турмуш ўртоғи Ҳамиджон ота билан 52 йил бирга ҳаёт кечириб, уч ўғил, бир қизни тарбиялаб, элга қўшдилар. Ҳозирда фарзандлари ўзларидан кўпайиб, онахон 32 набира, 21 нафар чевара бағрида яйраб яшамоқда.

Ўша суронли йилларни хотирлаб, онахон шундай дейди:

- Биз кўрган қийинчиликларни сизлар сира кўрманглар. Уруш нималигини билманглар, илоҳим. 1945 йилнинг 9 майида кенг далада меҳнат қилаётгандик. Бригадиримиз югуриб келиб, "Уруш тугабди" деб бақирди. Бу гапни эшитиб, кетмонларимизни улоқтириб, хурсандликдан осмонга ирғиганмиз.

Оиласида соғлом ва ҳавасга арзирли муҳитни шакллантира олган онахон фарзандларига чиройли тарбия берди. Халқ, эл ишига қайишадиган, ҳалолликдан барака топадиган қилиб улғайтирди. Ўз ўрнида келинларини ҳам ўз қизидай қабул қилган онахон уларни ҳар қадамда қўллаб-қувватлаб туради.

- Аяжонимнинг меҳрибонлиги, ҳамиша қўллаб-қувватлаб туришлари, ҳар тонг дуо билан ишга кузатишлари биз - келинларга ҳар қадамда далда бўлади. Шунинг учун фарзанд тарбиясида ҳам, рўзғор ва давлат ишида ҳам қийинчилик сезмаймиз, - дейди келини Мавлудахон Собирова.

Дарҳақиқат, оғир меҳнатлар заҳматини тотган, фронт ортида туриб Иккинчи жаҳон уруши ғалабасига ўзининг муносиб ҳиссаларини қўша олган Муҳаббатхон аядай онахонларимизнинг борлиги - бизнинг бахтимиз. Улар хонадонларимиз кўрки, фариштаси, уларнинг дуолари билан ҳаётимиз яна-да файзлидир.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди